02 March 2013
08:39 - АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Туркияда, икки давлат орасида келишмовчиликлар чуқурлашмоқда
Жон Керри кеча Анқарага келиб, бу ерлик ҳамкасби Аҳмет Довутўғли билан учрашгандан кейин, улар биргаликда матбуот конференцияси ўтказдилар.

Матбуот конференциясида турли мавзулар, хусусан. Суриядаги воқеалар тилга олинган бўлса ҳам, оммавий ахборот воситалари Жон Керрига берилган бир савол ва унинг жавобига катта эътибор бердилар.

Маълум бўлишича, Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон 27 февраль куни Австриянинг пойтахти Венада ўтказилган 5-чи “Маданиятлар Иттифоқи Форуми”да сўзлаган нутқида “Исломофобияга (исломдан қўрқиш, ундан қарши бўлиш - Ҳаракат) сионизм каби, антисемитизм каби, фашизм каби инсоний жиноят сифатида қараш оммавий тус олди” деган экан. Бу ерда ҳаммани ҳайрон қолдирган нарса, Ражаб Эрдўғон сионизмни фашизм билан бир қаторга қўйгани бўлган.

АҚШ Давлат Котибидан Ражаб Эрдўғоннинг бу сўзларига қандай қараши сўралганда, у “биз бу масалада айни фикрда эмасмиз, бу фикрга қарши чиқамиз, бу сўзлар ишларни чигаллаштиради, мен буни Бош вазирнинг ўзига ҳам айтаман.” дебди. Дарвоқе, БМТ Бош котиби, Исроил Бош вазири, Оқ Уй вакили ҳам Ражаб Эрдўғоннинг бу сўзларини қоралаб бўлишибди.

Аҳмет Довутўғли, табиий, феълан ўз раҳбарининг сўзларини оқлаган ва “Биз ҳеч бир давлатга душманча қарамаймиз, душманча қараётган Исроилнинг ўзидир. Халқаро сувлардаги ҳуқуқ ҳимоячиларини ташиган бизнинг кемамизга Исроил ҳужум қилди, 8 инсонимизни ўлдирди. Исроил Ғарбий Қирғоқдаги (Жанубий Қуддус назарда тутилмоқда – “Ҳаракат) аҳолига қарши ишларини ҳам қайтадан кўриб чиқиши керак” деган маънода гапирган.

Маълумки, Ражаб Эрдўғон сўнги йилларда Ғарбдан бироз бўлса ҳам узоқлашиш ва Араб дунёсига яқинлашиш, Исроилга салбий муносабатда бўлиш сиёсатини олиб бормоқда. Табиий, бу масалада АҚШ ва ЕИ Туркия тарафини олмайди. Жараёнлар шу йўналишда чуқурлашаверса, Турк Дунёсининг бошқа давлатлари ҳам ким билан бўлиш саволи қаршисида қолишлари мумкин. Бу эса яхшиликка олиб келмайди.