28 February 2013
13:09 - Россия ўз ҳарбийларини 20 ва 49 йилга Қирғизистон ва Тожикистонда қолдирмоқчи, табиий, Ўзбекистонга қарши
Кеча Россия ҳукуматининг сайтида Бош вазир Дмитрий Медведев имзолаган қарор эълон қилинди. Қарорда айтилишича, Россия ҳарбийларининг Қирғизистон ва Тожикистонда 20 ва 49 йилга қолишига рухсат берувчи ўша икки мамлакат билан имзоланган Шартномалар ҳукумат тарафидан тасдиқланган ва Президент Владимир Путинга жўнатилган. Путин уларни ратификация қилиш учун парламентга тақдим этиши керак.

Ўзбекистон ўзига қўшни мамлакатларда Россиянинг ҳарбийлари узоқ вақтга қолдирилаётганига бефарқ қарамаслиги кераклиги ўз-ўзидан маълум. Бошқа тарафдан, шуни ҳам эътироф айтиш керакки, бу икки мамлакатда рус ҳарбийларнинг, тўғрироғи, рус қўшинларини қолдириш учун ҳеч қандай жиддий сабаб йўқ. Аслида, Россия ўз вассали Ислом Карим яқинда даф бўлгандан кейин, Ўзбекистон Россияга нисбатан мустақил сиёсат олиб бориши, Марказий Осиёда аввалги қудратини тиклашга киришишидан қўрқиб, мамлакатимизни тўғридан-тўғри қуршовга олмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, руслар бундай шартномалар тузишдан олдин Ислом Каримнинг розилигини олишган. Унинг бу иши Ўзбекистонга нисбатан хоинликдир.

Ҳали ҳам кеч эмас, шартномалар ҳали қонуний кучга кирмади. Ўзбекистон ҳукумати бу шартномаларга қарши эканлигини очиқча айтиши ва бу шарнома амалга оширилмаслиги учун керакли қадамларни қилиши керак. Акс ҳолда, Ўзбекистоннинг келажаги учун катта муаммолар чиқиши муқаррар. Ислом Карим иқтисодимизни барбод қилиб, Ўзбекистонни қашшоқ мамлакатга айлантириб бўлганидан ташқари, мамлакатимизнинг келажак хавсизлигини ҳам қора булутлар остида қолдириб кетмоқчи.

Ўзбек мухолифати бу масала бўйича ўз позициясини очиқлаши керак.