21 December 2012
14:21 -
Cаакашвили қарши ҳужумга ўтмоқда

Демократик сайлов билан ҳокимиятга келган одамлар ҳеч қачон эски ҳокимият вакилларидан ўч олиш йўлига ўтмайдилар, эски ҳукумат аъзоларини дасталаб қамашга бошламайдилар. Аммо, Бидзина Иванашвили айнан шундай йўл тутди. Демак, Гуржистоннинг ҳуқуқ-тартибот органларида демократик принциплар чуқур ўрнашиб улгармаган экан. Акс ҳолда, улар Иванашвилининг бўйруғи асосида ишлашмаган бўларди. Шу кунларгача аввалги ҳукуматнинг 30 дан ортиқ юксак даражали мулозимлари, уларнинг ичида вазирлар ва вазир ўринбосарлари ҳам бор, ҳибсга олинди, уларга қарши жиноий ишлар очилди, аммо пичоққа илинадиган айблар ҳали ҳам эълон қилингани йўқ.
Ғарб давлатлари ҳамда ЕИ ва НАТО раҳбарлари ўта дипломатик шаклда, назокат билан янги ҳукуматнинг қилаётган ишларини қораламоқдалар. Аммо, Бидзина Иванашвили назокатли гапларни тушунадиган одам эмас. Уни шок терапияси усуллари билан савалаш керак.
Шу пайтгача Президент Михаил Сааакашвили ҳам назокат билан гапираётган эди. Кеча у биринчи марта қаттиқроқ гапиришга мажбур бўлди. У Бидзина Инанашвилининг Президентда 7 та қароргоҳ-дача бор, одамларга ойлик тўлаш учун эса пул қолдирилмаган каби айбномаларига биринчи марта кескин сўзлар билан жавоб берди.
Мана унинг баъзи сўзлари:
- Биз халқ учун жуда кўп нарса қурдик, орада ўзимизга ҳам дача қурибмизми(? Мен энди тушундимки, бизни танқид қилаётганлар математикада оқсоқлар, яъни улар иккичилар командасидир. Улар фақат иккичи эмас, давлатни бузмоқчи бўлган одамлар.
- Биз ҳокимиятда бўлган йилларимиз Давлат Бюджети 11 баравар ортди. Биз уларга ҳукуматни топшираётганимизда бюджетда 2 млрд доллар бор эди. Бу бир йил ойлик тўлашга етадиган пул. Бизни қоралаётганлар виждонсиз одамлардир.
- Мен президент учун бериладиган ҳамма имкониятлардан воз кечиб, икки оёғим билан юриб, халққа хизмат қиламан. Узоқроқ жойларга онамнинг автомобилини олиб ҳам кетавераман. Менга Россия Президенти Путин нима таҳдидлар қилмаганди, парво ҳам қилмадим, энди ўзимидан чиққанлардан қўрқармидим. Улар ўзлари ўйлаётгандек кучли эмаслар.
- Янги ҳукумат рус жосусларини қамоқхоналардан чиқариб юборди, энди юридик системани ўзига қарам қилиб олмоқчи, бунга йўл бермаймиз.
Саакашвили тўғри қилмоқда, у ва унинг командаси янги ҳукуматни шок терапияси усуллари билан танқид қилиб, шармандасини чиқариши керак, дейди мухбиримиз. Бошқа йўл йўқ. Гуржи халқининг кўзи балки шунда очилар.