“Бирлик” Партияси қурултой йўлида – 3
Партия Марказий Кенашининг шу йил 18 майда ўтказилган мажлисидан кейин қурултойга тайёрланиш ишлари режали шаклда амалга оширила бошланди. Биринчи босқичда вилоят партия ташкилотларининг конференциялари ўтказилиши керак эди. Ишни водийлик бирликчилар бошлаб бердилар. 13 июнда Фарғона вилоят ташкилоти ўз конференциясини ўтказди. Бундан сўнгра воқеалар қуйидагича давом этди.

* * *

20 июль: “Бирлик” Партияси Қашқадарё вилоят ташкилотининг конференцияси бўлиб ўтди

Бугун Қарши шаҳрида ўтказилган конференцияда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан 21 нафар партия фаоли иштирок этди. Йиғилишда меҳмон сифатида “Эрк” партияси раиси Самад Мурод ва бир қатор маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қатнашишди.

Кун тартибида вилоят ташкилоти раиси Дайнов Ташановнинг ҳисобот маърузасини тинглаш, мамлакатдаги мавжуд аҳвол ва вазиятни муҳокама қилиш ҳамда ташкилий масалалар бор эди.

Дайнов Ташанов ўз нутқида хусусан қуйидаларни гапирди: “Бирлик” Партияси бугунги кунгача, яъни тарихан қисқа даврда сермазмун бўлсада, машаққатли йўлни босиб ўтди. Авторитар режим томонидан фаолларимизга бир зум бўлсада таъқиб ва қатағонлар тўхтамади. Шундай вазиятда ҳам партиямиз сон ва сифат жиҳатдан ўсиб, барча вилоятларда, туман ва шаҳарларда ўз маҳаллий ташкилотларини тузушга имкон топди. Ўзбек мухолифатининг асосий кучи сифатида шаклланиб улгурган “Бирлик” Партияси ўзининг расмий фаолиятини таъминлаш мақсадида амалдаги ҳукумат билан нафақат сиёсий майдонда, ҳуқуқий майдонда ҳам тинимсиз курашни давом эттирди. Партияни қўллаб-қувватловчилрнинг 20 мингдан ортиқроқ имзоси тўпланди, ўтган парламент ва президентлик сайловларида ўз номзодлари билан қатнашишга астойдил ҳаракатлар қилинди. Шаклланган партия сифатида халқимизга, қолаверса дунёнинг кўп мамлакатларига танилдик. Аммо, бирликчилар шу кунга қадар олиб борган фаолияти давомида барча имкониятлардан тўла фойдалана олди, деган фикрдан йироқман.

Дайнов Ташановнинг фикрича, партия фаолиятида қуйидаги камчиликлар бўлди:

- партия раҳбарияти, Марказий кенгаши Марказий Осиё республикалари, Россия, Туркия, Озарбайжон каби қўшни мамлакатларнинг, қолаверса Ғарб ва АҚШнинг демократик сиёсий кучлари билан ҳамкорлик йўлида алоқалар боғлашдек муҳим вазифага етарлича аҳамият бермади.

- партия раҳбарияти вилоятларга чиқиб маҳаллий партия фаоллари билан ишлашни қониқарли олиб бормади.

- мухолифатнинг турли сайтларида, баъзи ҳолларда “Ҳаракат” журналида ҳам, мухолифатни бирлаштириш масаласидан ҳам қўпроқ ички низоларни ёритиш ва бир-бирини танқид қилишга урғу берилди.

- мухолифатнинг “Давра Кенгаши” йиғинларида ҳам бош-бошдоқликка йўл қўйилиб, дипломатия қоидалари унутилди, асосий ғоя четда қолиб, даҳанаки жанжаллар эвазига катта-катта имкониятлар бой берилди.

Лекин, деди “Бирлик”нинг вилоятдаги етакчиси, Қашқадарёда мухолифат ичида бундай парокандалик йўқ. Бу ерда мухолифатнинг ҳамма кучлари, биринчи навбатда, “Бирлик” ва “Эрк” партиялари биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.

Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаолияти мутлақо қониқарсиз. Буни ортиқча гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Халқнинг асосий қисми қашшоқлик остонасида яшамоқда, оила боқишнинг асосий манбаи чет элларга чиқиб мардикорлик қилиш бўлиб қолди, деган Дайнов Ташанов Ўзбекистоннинг аҳволини кўрсатувчи бир қатор фактлар ва рақамлар келтирди ва маърузасини шу фикрлар билан тамомлади: Ҳукумат мухолифат билан мулоқат ва ҳамкорлиқ қилишдан қочмоқда. Демак, биз ўз дастурларимизни амалга ошириш учун сайловлар йўли билан ҳокимиятга келишимиз керак ва шу мақсад йўналишдаги фаолятимиз ҳамма тазйиқларга қарамасдан давом этаверади.

Ҳисобот маърузасининг муҳокамасида чиқиш қилганлар, улар ичида “Эрк” партияси раиси Самад Мурод ҳам бор эди, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни ҳамма соҳаларда инқирозга олиб келгани, мухолифатнинг иштирокисиз бундан чиқиб бўлмаслигини гапирдилар. Ёқилғи-энергетика заҳираларини четга сотилишидан келаётган маблағ уюшган коррупсиянинг асосий даромад манбаига айланиб, халқимиз учун фойда келтирмаётгани, бу аҳволни тузатиш масаласи билан шуғулланиш мухолифатнинг вазифаси эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Қизғин ўтган бахс-мунозаралардан кейин, партиянинг ва вилоят ташкилотининг фаолияти, ҳукуматининг қаттиқ босими остида иш олиб борилаётганини ҳам ҳисобга олиб, умуман олганда, қониқарли, деб баҳоланди.

Тушлик танаффусдан кейин ташкилий масалалар кўрилди. Партия вилоят ташкилотининг раисилигига Дайнов Ташанов, раис ўринбосарилигига Зулфиқор Мирзақулов ва Ғани Раҳматов, тафтиш-назорат комиссияси раисилигига Н.Аҳадов сайланди.

Партия вилоят ташкилотининг 5 кишидан иборат Кенгаши ва партиянинг қурултойига 10 делегат ҳам сайланди.

Партия раиси Абдураҳим Пўлат мажлис қатнашчилари билан телефон орқали гаплашишга кўп ҳаракат қилди, аммо ҳеч кимнинг уяли телефони билан боғланиш имкони бўлмади. Ўзбекистоннинг махсус органлари конференцияни ўтказиш ишига тўғридан-тўғри аралашмаган бўлсалар ҳам, ташқари билан алоқа ўрнатилишига имкон бермаганга ўхшайдилар.

23 июль: Сирдарёлик “Бирлик”чиларнинг конференцияси ўтди

Бугун Гулистон шаҳрида “Бирлик” Партияси Сирдарё вилоят ташкилотининг навбатдаги конференцияси ўтди. Вилоятнинг турли туманларидан 14 нафар партия фаоли иштирок этган мажлиснинг кун тартибига биноан мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил этиш, вилоят ташкилоти раҳбарининг фаолиятига баҳо бериш ҳамда партиянинг навбатдаги Қурултойига тайёргарлик ва унга делегатлар сайлаш масалалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги илк масала юзасидан партия Сирдарё вилоят ташктлоти Кенгашининг раиси Исроил Ризонинг ҳисоботи тингланди ва у қониқарли деб топилди. Очиқ овоз бериш йўли билан Исроил Ризо лавозимига қайта сайланди.

Партия вилоят Кенгашининг аъзоси, ҳуқуқ ҳимоячиси Карим Бозорбой йиғилганларнинг эътиборини бу кундаги коррупция ва уюшган жиноятчилик, сиёсий таранг вазият ҳамда истиқболдаги реал хавфларга қаратди. Хусусан, партия вилоят ташкилотининг фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаган ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳозирги даврда вилоят ташкилоти яна ҳам фаоллашиши лозимлигини урғулади. Эслатиб ўтиш керак, “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилоят бўлими раисининг ўринбосари Карим Бозорбой ўтган йили вилоятдаги туман судларидан бирида сахта айблов асосида 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва шу йил 4 январда унинг апелляциясини кўрган вилот суди томонидан озод қилинган эди.

Конференция қатнашчилари иштирокида Ўзбекистондаги сиёсий-иқтисодий аҳвол ва бу вазиятда мухолифатнинг роли ҳақида қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.

Партиянинг навбатдаги Қурултойига тегишли тартибда делагатлар сайланди.

28 июль: Андижонда “Бирлик”нинг вилоят конференцияси ўтди, Саиджаҳон Зайнобиддин раис бўлди

Бугун Андижон шаҳрида “Бирлик” Партияси вилоят ташкилотининг конференцияси ўтказилди. Вилоятда ҳали ҳам феълан давом этаётган фавқулодда вазият туфайли, конференцияни ихчамроқ шаклда ўтказишга қарор қилинганди. Йиғилиш партия раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг раҳбарлигида, туманлардан келган 7 кишининг иштирокида ўтди.

Мажлиснинг куни тартибидаги биринчи масала - Ўзбекистондаги вазият ва ундан келиб чиқиб партиянинг вазифалари, иккинчи масала – вилоят ташкилотининг раҳбар органларини сайлаш бўлди. Конференция қатнашчилари Ўзбекистондаги сиё-сий вазият оғир бўлишига қарамасдан, “Бирлик”-нинг фаолиятини жонлантириш имконияти борли-гини таъкидладилар ва келаси йил бўладиган парламент сайловларида қатнашиш учун тайёрланишни ташкилотнинг асосий вазифаси деб белгиладилар.

Ташкилий масалалар бўйича аввалдан партия раҳбарияти билан келишилган қарорлар қабул қилинди. Вилоят ташкилотининг раиси Акбарали Ориф Андижон воқеаларидан кейин 6 ой қамоқда ётиб чиққани ва бирйилдан бери Данияда яшаётгани ҳисобга олиниб, ҳозир расман раисни ўзгартирмасликка, у йўқ пайтида ташкилотнинг ишини бошқариш учун раисдош сайлашга кели-шилганди. Конференция қатнашчилари шу келишу-вни расмий қарор билан тасдиқладлар, Саиджаҳон Зайнобид вилоят ташкилотининг раиси бўлди.

Маълумки, Сайиджаҳон Зайнобиддин Андижон воқеаларидан кейин сохта айбномалар асосида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва шу йил 4 февралда Екропа Иттифоқи билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар илиқланиши туфайли озод этилганди. Сайиджаҳон “Бирлик” тузилган йиллари унинг фаоли бўлган бўлса ҳам, сўнги йилларда фақат ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғулланарди, ўзи ташкил қилган “Апелляция” ташкилотининг раиси эди.

Ўзининг қамоқдан озод қилинишида “Бирлик”нинг позицияси катта роль ўйнаганини тушунган Сайиджаҳон Зайнобиддиннинг партия аъзолари билан алоқалари яна-да яхшиланди ва бирликчилар унга партиянинг вилоятдаги фаолиятига раҳбарлик қилишни таклиф қилдилар. У таклифни қабул қилди. Партия раиси Абдураҳим Пўлат у билан телефонда гаплашгандан кейин, бу масала узул-кесил ҳал бўлганди.

Бугун конференцияда Саиджаҳон Зайнобиддин қуйидаги мазмунда расмий баёнот қилди: “Бирлик” бизнинг миллий бойлигимиз, уни қайта тиклаш бурчимиздир. Шунинг учун мен “Бирлик”га қайтдим. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларида ҳақиқий ўзгаришлар “Бирлик” ҳукумат тарафидан тан олиниши билан боғлиқ. Ҳозирда “Бирлик” танлаган йўл энг тўғри йўлдир”.

Бу баёнотдан кеийн йиғилиш қатнашчилари аввалдан келишилган қарорни расмийлаштирдилар. Сайиджаҳон Зайнобиддин “Бирлик” Партиясининг Андижон вилоятидаги етакчиси бўлди.

Конференция яқинда бўладиган партия Қурултойи учун делегатлар ҳам сайлади. Депутатлар ичида Пўлат Охун, Саиджаҳон Зайнобиддин ва Акбарали Орифлар ҳам бор.

31 июль: “Бирлик”нинг Самарқанд вилоят ташкилоти теле-конференция ўтказди

Маълумки, Самарқанд вилояти аввалдан “Бирлик” Партияси фаоллари ва партиянинг вилоят ташкилоти раҳбари Холиқназар Ғанига ўтказиладиган энг кучли тазйиқлар билан ажралиб турарди. Ҳозир ҳам шундай бўлмоқда. Шу кунларда ҳокимият органлари томонидан партия фаолларига таъқиб-тазйиқлар жуда кучайиб кетган. Шундай шароитда ҳам Холиқназар Ғани аввалги конференцияда сайланган Кенгаш аъзолари билан юзма-юз учрашиб, ўз ҳисобот доклади билан уларни таништириб чиқди ва ҳамма билан келишилиб, партия вилот конференциясини телефон орқали, яъни теле-конференция шаклида, ўткаизшга келишилди.

30 июль куни шундай конференция ўтказилди ҳам. Бунинг натижасида вилоят ташкилотининг раиси, Кенгаши ва қурултойга делегатлар сайланди. Вилоят Кенгашининг жорийдаги раис Холиқназар Ғанининг кексалиги туфайли бу вазифадан озод қилиш ҳақидаги илтимоси қондирилмади, у яна раисликка сайланди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, баъзи ҳолларда партия ўзининг баъзи тадбирларини, масалан, Марказий Кенгаш ва унинг Ҳайъати йиғилишларини теле-мажлис шаклида ўтказиб келган. Аммо, ҳисбот-сайлов конференцияси каби тадбирни телефон орқали ўтказиш ҳали ҳеч бўлмаганди.

Шуларни ҳисобга олган партия раиси Абдураҳим Пўлат ва партиянинг вилоят раҳбари Холиқназар Ғани телефон орқали гаплашиб, қуйидагича келишдилар. Ҳозир жуда шошилишга ҳожат бўлмагани сабабли, вилоят вонференциясини анаъанавий мажлис шаклида ўтказиш учун ҳаракатлар давом эттираверилади. Агар ҳамма вилоятлар ўз конференцияларини ўтказиб бўлиб, партия Қурултойи тайинлангунча ҳам Самарақанд вилоят ташкилотининг конференциясини ўтказиш имкони бўлмаса, ҳозирги теле-конференцияда сайланган партия органлари фаолиятларини давом эттираверадилар, сайланган делегатлар қурултойда иштирок этадилар.

* * *

Бир қатор вилоят конференцияларининг ўтказилиши кўрсатдики, бу каби тадбирларни бошқа вилоятларда ҳам тезда ўтказиб, кейин партия қурултойини чақириш мумкин.

Аммо, партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикрича, вилоят конференцияларида расмиятчилик руҳи баландроқ бўлди. Мамлакат ва партиянинг бугунги аҳволидан келиб чиқадиган ишлар режаси жиддий муҳокама қилинмади. Стратегик режаларимиз аниқ бўлса ҳам, бу кунларнинг тактикасини белгилаб олишга ортиқча эътибор берилмади. Ваҳоланки, бундай масалалар қурултойдан аввал белгиланиб олиши керак. Агарда конференциялар доирасида бу масалалар муҳокама қилинмаса, қурултойда бир қарорга келиш мураккаб бўлади. Яъни, тактикалар қурултойда аниқлаштириб олинмаса, қурултойнинг ўзи ҳам расмиячилик учун ўтказилган тадбирга айланади. Бундан ҳам муҳими, қурултойдан кейин дарҳол ”енг шимариб” иш бошлаш учун партия фаолларига куч ва шижоат берилмайди.

Шу мулоҳазалардан келиб чиққан Абдураҳиv Пўлат ўз ўринбосарлари ва партия Бош котиби билан маслаҳатлашиб, партия фаолларини вилоят конференциялари ўтказишда шошмасликка ва қурултойни йил охири ва ҳатто, керак бўлса, янаги йилнинг бошига ўтказишга чақирди.

Ҳозирги имкониятларидан келиб чиқиб, бу хусусда Марказий Кенгаш мажлиси чақириш шарт эмас, деб келишилди.