"Бирлик" Партияси қурултой йўлида - 1
“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг низомига кўра, унинг қурултойлари ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши керак. Аслида, бу партия “Бирлик” хал ҳаракатининг асосида тузилган ва унинг давомчисидир. Лекин, Ўзбекистон қонунларида сиёсий партия бошқа бир ташкилотнинг давомчиси сифатида, у ташкилотнинг номини ўзгартириш билан тузилиши назарда тутилмаган. Расмиятчилик учун партиянинг Таъсис қурултойини ўтказиш шарт.

Шу сабабли, “Бирлик” халқ ҳаракатининг 2003 йил 7 майда ўтказилган қурултойида ташкилотни партияга айлантириш ва партиянинг таъсис қурултойини ўтказишга қарор қилинганди. 2003 йил 25 август куни Қўқонда ўтказилган Таъсис қурултойида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси (қисқа номи – “Бирлик” Партияси) расман тузилди. Демак, кейинги қурултой 2005 йил кузда ўтказилиши керак эди. Андижондаги қонли воқеалардан кейин демократларга қарши репрессиялар яна ҳам кучайгач, қурултой ўтказиш масаласи ўз-ўзидан орқага қолаверди. 2007 йилда қурултой ўтказиш учун имкон пайдо бўлгандек кўринди, аммо, партия Марказий Кенгаши ҳам президентлик сайлови ҳам қурултой ўтказига тайёраниш қийин бўлишини ҳисобга олиб, навбатдаги қурултойни 2008 йилга қолдирди.

Ғарб давлатлари “Бирлик” Партияси таклиф қилган йўлдан кетиб, 2006 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонга нисбатан позицияларини юмшатиш йўлига ўтдилар. Европа Иттифоқи ўша пайтда Ўзбекистонга Андижон воқеаларидан кейин киритилган санкцияларини юмшатди ва ҳозир ҳам шу сиёсатини давом эттирмоқда.

Буларнинг натижасида Ўзбекистонда демократия олға кетди, мухолифат учун имкониятлар кескин ошди, дейиш муболаға бўлар эди. Аммо, сиёсий вазият бир оз бўлса ҳам юмшади ва “Бирлик” партияси навбатдаги қурултойини ўтказиш учун ҳаракатларини бошлади.

Бу йўналишдаги бирини йирик қадам водийлик партия фаолларининг йиғилиши бўлди.

Водийда “Бирлик” фаолларининг анжумани


9 март куни Қўқон шаҳрида “Бирлик”нинг водийдаги Андижон, Наманган, Фарғона вилояти ташкилотлари фаоллари ўзаро йиғилиб, анжуман ўтказдилар. Конференция мақомидаги мазкур анжуманда“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун ва Ҳамдам Сулаймон, партия Бош котиби Васила Иноят, партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Носир Зокир, Фарғона вилояти бўлими раиси Адҳам Муҳиддинлар ҳозир бўлишди. Тадбирга келган “Бирлик”нинг туман бўлимлари раислари, маҳаллий фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари конференцияни қизғин баҳс-мунозарага айлантирдилар.

Хусусан, кун тартибидаги илк масала - партиянинг навбатдаги Қурултойига тайёрланиш бўйича режа ва ҳаракат дастури пишитиб олинди. Вилоят бўлимлари раислари март-апрель ойи давомида вилоят партия ташкилотларининг Қурултойолди конференцияларини ўтказажакларини билдирдилар. Конференцияларда вилоят бўлимлари сафларида юзага келган йўқотишлар (қамалган, қатағонга олинган фаоллар назарда тутилмоқда)нинг ўрнини тўлдириш, сафларни мустаҳкамлаш ҳамда партиянинг навбатдаги Қурултойига делегатлар сайлашга келишилди.

Кун тартибидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни баҳолаш, сиёсий стратегияни мустаҳкамлаш бўйича барча конференция аъзоларининг фикрлари тингланди. Ўзаро баҳс ва тортишувларга айланган муҳокама мавзуи сўнгги кунларда демократик Ғарб ва АҚШ билан муносабатларнинг бироз юмшагани, ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод қилиниши билан боғлиқ ҳодисалар атрофида кечди. Конференция қатнашчилари “Бирлик” раҳбарияти томонидан олға сурилаётган Ўзбекистонга нисбатан ҳар қандай самарасиз санкция ва изоляцияларни бекор қилишга эришиш, ЕИ, АҚШ сингари демократик дунё билан алоқаларни йўлга қўйиш фикри амалда ўз натижасини бера бошлаганини таъкидлашди.

Аммо ҳали дипломатик муносабатларнинг тўла бир механизми ишлаб чиқилмагани эътироф этилиб, бу борада инсон ҳуқуқлари ва демократия асосий мезон бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шахснинг сиёсий ҳуқуқлари масаласига тўхталган конференция иштирокчилари демократик мухолифат рўйхатга олинганидан сўнггина мамлакатда ижобий маънодаги сезиларли ўзгаришлар содир бўлишига ишонишларини таъкидлашди.

Кейинги пайтларда турли интернет нашрларида партиянинг айрим хориждаги фаоллари томонидан уюштирилаётган провокацион чақириқлар ҳам муҳокама қилиниб, бу чорловларга нисбатан муносабатлар билдирилди. Хусусан, партиянинг Наманган вилояти бўлими раиси Носир Зокир ўзига бундан бир ойча муқаддам “Бирлик” билан мунтазам курашиб келаётган машҳур Марат Зоҳидов (!?) мурожаат қилиб, юрт ташқарисидаги “Бирлик”чилар гўё партия раҳбарияти, унинг олиб бораётган ишларидан норози экани, шу боисдан ҳам яқинда қурултой ўтказиш режалари борлиги, Носир Зокирни эса янги раис қилиб сайлашга келишилганини айтганини урғулади. Марат Зоҳидов партия раисининг бугунги кунда Васила Иноят ва Пўлат Охундан бошқа қўлловчи дўстлари қолмаганини айтиб, уни ағдариб ташлаш ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидлаган. Бу фитнанинг ортида конкрет манфаатлар турганини ҳис қилган “Бирлик”нинг Намангандаги лидери Зоҳидовнинг бу “жонкуярлиги” учун раҳмат айтиб, гапни қисқа қилган. Эслатиб ўтамиз, Марат Зоҳидов шу гапларидан бироз один Швецияда бўлган ва Тошкентга қайтгач, бир рус сайтида “ўзбек мухолифатининг текис сафларини бузиб ҳам келдим” деганди.

Маълумки, дейди мухбиримиз, интернет тармоғининг бир-икки қўлбола сайтида “Бирлик” Партиясини қайтадан халқ ҳаракатига айлантириш чақириғи билан чиққан партия раиси ўринбосари Исмоил Дадажон ва унинг ҳамфикрлари ўзларининг мантиқсиз ишларини давом эттиришмоқда. Бугунги конференция иштирокчилари Носир Зокир очган сирдан хулоса чиқараркан, сафдошларининг бу ножиддий ҳаракатидан ўнғайсиз аҳволга тушишганини яширишмади. Партия раиси ўринбосари Пўлат Охун, раис ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, Фарғона вилояти бўлими раиси Адҳам Муҳиддин ва партиянинг бошқа раҳбарлари сафдошларининг бу ҳаракати қандайдир қарор қабул қилиш даражасида жиддий эмаслиги, қолаверса, Исмоил Дадажон ва унинг шериклари ўзларини тузатиб олишлари учун имконият борлигини эътироф этишиб, масалани очиқ қолдиришди.

Конференция иштирокчилари партиянинг навбатдаги Қурултойи, унинг эндиги ҳаракат стратегияси, мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятган баҳо бериш муҳим эканини урғулаб, партиянинг ички интизомий қоидаларига амал қилиш, ўзаро муносабатларни соғломлаштириш фаолият давомида ўнгланиб боришига умид билдирдилар. Бугунги конференция шубҳасиз Ўзбекистон - Ғарб муносабатларининг илиқлашуви натижаси ўлароқ эсиб ўтган қандайдир демократик шабаданинг шарофати билан тинч, тазйиқларсиз ўтгани таъкидланди. Конференция ишчан кайфиятда ўтди, унда тегишли қарорларга келинди.

Партия раиси Абдураҳим Пўлат Қўқондаги йиғилишнинг кун тартибига киритилиши аввалдан маълум бўлган масалалар бўйича ўз фикрларини ёзма равишда юборди ва йиғилишни уюштиришда феълан иштирок этди. У йиғилиш бошланганда бу ерга телефон қилиб, сафдошлари билан қисқа суҳбат қилди.

Конференциядан сўнг Андижонга қайтган Пўлат Охун, Мусажон Бобожон, Нурмуҳаммад Азиз Қўқон- Ёзёвон йўлида икки ДАН ходими ва фуқаро кийимидаги вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бошқармаси ходими (бошлиғи ўзини Умид Ҳасанов деб таништирди) томонидан тўхтатилиб, текширилди. Уларнинг шахсини аниқлаш, бўлинмага олиб бориб текшириш юзасидан тегишли тартибда баённома тузилди. Пўлат Охуннинг айтишича, Қўқон тарафдан келган русуми ГАЗ 21-07 бўлган амтомашинадаги фуқаро кийимидаги шахс миршабларга келиб, нимадир дегач, “Бирлик” фаоллари ошиғич равишда қўйиб юборилди. Ҳатто ДАН ходими бу ерда машина билан тўхташ мумкин эмаслигини айтиб, тезроқ кетишни талаб қилди.

* * *

Қўқондаги мажлисдан кейин бошқа вилоятларда ҳам жонланиш бошланди, дейиш мумкин. 19 мартда Самарқандда “Бирлик”Партияси вилоят ташкилоти Кенгашининг Ҳайъати ўтказган йиғилиш бунинг исботидир.

Шундан кейин партиянинг Марказий Кенгаши мажлисини ўтказиш актуал масалага айланди ва партия раисининг ўз ёрдамчилари, вилоят ташкилотлари раислари билан маслаҳати натижасида МК мажлиси аввал 13, сўнгра 20 апрелга тайинланди ҳам. Аммо, 14 апрель куни партия раиси ўз сафдошларига макуб йўллаб, МК мажлсини орқага суришни таклиф қилди. Қуйида ўша мактубнинг қисқа мазмуни.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг мактуби ҳақида


Партия раиси Абдураҳим Пўлат 14 апрелда ўз ўринбосарлари Пўлат Охун, Ҳамдам Сулаймон, Дайнов Ташанов, Холиқназар Ғаниев, Исмоил Дадажон, партия Бош котиби Васила Иноят ва партиянинг вилоят ташкилотлари раҳбарларига мактуб йўллаб, “Бирлик”нинг навбатдаги қурултойи ва ундан олдин ўтказиладиган Марказий Кенгаш (МК) мажлиси хусусида қисқача ўз фикрларини билдирди.

Қурултойга тайёрланиш, суст бўлса ҳам давом этмоқда, дейилади унда. Шунинг учун яқинда Қўқонда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида таклиф қилинганидек, Марказий Кенгаш мажлисини ўтказиш муҳим. Маълумки, аввал МК мажлиси 13 апрелга режалаштирилганди. Аммо, апрель ойининг бошларида Бош котиб Васила Иноят Европада сафарда бўлгани сабабли, мажлис 20 апрелга қолдирилди.

Абдураҳим Пўлат мажлисни пухта тайёрлаб, самарали ўтказиш учун уни яна ҳам кечроққа, аниқроғи, 17 ёки 18 майга қолдиришни таклиф қилди. “Бирлик” лидерининг мактубида бунинг учун қуйидаги сабаблар кўрсатилган.

Биринчидан, партиянинг бундан кейинги фаолият стратегияси, бундан хам муҳими, тактикалари қандай бўлиши ҳақида аниқ бир фикр йўқ. Албатта улар қурултойда бўлади. Аммо, бутун дунёнинг тажрибасидан маълумки, қурултойда олинадиган қарорларнинг лойиҳалари демократик ва ошкоралик руҳида аввалдан партия структураларида муҳокама килинади ва қурултойга тайёрлаб келинади. Партия раисининг фикрича, партия стратегияси ва тактикасини белгилашда “Ҳаракат” журналининг охириги сонида берилган «Ўзбекистон президент сайловидан кейин НАТО йўлида» номли бош мақоладаги фикрлар асос қилиб олиниши мумкин. Аммо, бу фикрлар қурултойгача, хусусан, вилоят конференцияларида, чуқур муҳокама қилиниб, керак бўлса яна пишитилиши лозим. Айниқса, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари асосий роль йўнаши кераклиги хусусидаги тезис ҳар тарфлама муҳокама қилиниши керак.

Иккинчидан, партия раиси ўринбосари (Исмоил Дадажон назарда тутилмоқда) даражасида, Қўқондаги мажлисда айтилгандек, партияга қарши провокацион ишлар қилинди, мурожаатлар тарқатилди. МХХ, эркчи 53-54-чилар ва ислом экстремистларининг бир ёқадан бош чиқариб тайёрлаганлари маълум бўлаётган бу провокацион чиқишларнинг ҳеч қандай перспективаси йўқ бўлса ҳам, партия сифатида бу воқеага ҳеч нарса бўлмагандек қараш қурултойда бекорчи бахслар чиқариши ва қурултойнининг самрадорлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

“Бирлик” Партиясини кучсизлантириш мақсадида “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклаш, шубҳали ёшларни унга қарши уюштириш ғояларининг ўртага ташланиши ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак бўлган нарсадир. Ўзбекистоннинг тегишли органлари бир маҳаллар “Бирлик” номини, шу кунларда “Эзгулик” номини ишлатиб турли ташкилотлар тузганлари ва бу каби ишларнинг мақсади нима эканлигини сиёсатчилар яхши тушунишади. Ҳеч шубҳасиз, “халқ ҳаракатини” тиклаш ғояси ҳам ўша органлардан чиққан. Ҳаммага маълум Марат Зоҳидовнинг бу ишларга режиссёрлик қилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Аммо, минг афсуски, “Бирлик”нинг кучайиб боришини истамаган эркчи 53-54-чилар ва асосий мухолифат партиясининг дунёвийлик принципида мустаҳкам туришини ёқтирмаган исломчилар бу масалада ҳукуматнинг махсус органлари билан бир сафда туриб иш олиб боришгача етиб келишди. МХХнинг Лондонда ўрнашган резидентлари ҳам “Бирлик”га қарши фаолликларини оширишаётгани сир бўлмай қолмоқда.

Шунинг учун бу масалага қурултойдан аввал очиқлик киритилиши ва нуқта қўйилиши керак.

Абдураҳим Пўлатнинг мактубда фундаментал масалалар кўтарилганини ҳам урғулаш лозим. Масалан, Ўзбекистонни НАТОга аъзо қилиш йўналишидаги фикр фундаменталликдан ташқари, утопик ғояга ҳам ўхшаб кетади. Аммо, унутмайликки, бир вақтлар “Бирлик” мустақиллик ҳақида гапирганда ҳам, бу нарса кўпчиликка утопиядек кўринарди, аммо, ҳозир бу ҳаётий факт.

Мустақилликка тиш-тирноғи билан қаршилик қилган Ислом Карим каби сиёсатчилар энди ўзларини мустақилликнинг меъмори ҳисоблашдан ҳам уялмайдилар. Шуларни эсласак, яна бир неча йилдан кейин Ўзбекистон НАТО аъзо бўлиб, ҳам мустақиллик ҳам демократиянинг келажагини тўла кафолат остига олиши утопия эмаслигини тушунишимиз мумкин.

Бундай шароитда, “Бирлик” Партияси раисининг мактуби партия сафларини янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир. Нима бўлса ҳам, партия бу босқичдаги курашдан, аввалгиларидек, муваффақиятлар билан чиқишига ҳеч шубҳа йўқ.

* * *

Партия фаолари Абдураҳим Пўлатнинг фикрига қўшилди ва Марказий Кенгаш мажлиси 18 май якшанба кунига қолдирилди.