Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
(Ҳужжатли қиссанинг давоми, боши журналнинг № 6(63), 2006, № 1(64), 2(65) ва 4(67), 2007 сонларида)


Гувоҳномамни топширишар экан, энди ёзувчилар боғида дам олишга, ижод қилишга ҳақли эканимни айтишди. Мен Дўрмондаги Ёзувчилар боғига бориб жойлашдим-да, хордиқ чиқара бошладим. Мен яшайдиган корпус ортида бассейн бўлиб, бассейннинг бир томонида Абдулла Ориповнинг, нарига томонида Эркин Воҳидовнинг дачалари жойлашганди. Ўртаси узумзор билан қопланган, руҳий касалликлар бўлими каби осойишта, жим-жит бу боғнинг йўлаклари четида кета-кетгунча дов-дарахтларга кўмилган дачалар, у ерларда “катта” ёзувчилар яшаб “эжод” қилишади. Қачон биз шунуқа дачаларда ижод қиларканмиз, - дея ўйлаб кетаман. Бир оқшом кечки овқатдан кейин сайр қилиб юрсам, Саид Аҳмадни учратиб қолдим. У кулранг узун сочларини манглайига осилтириб йўл-йўл пижама кийганича, Наманганлик Тохир Қаҳҳор деган шоир билан ўтирган экан. Улар билан кўришиб ўриндиққа ўтирдим. Саид Аҳмаднинг қўлида хасаси ҳам бор. Бир маҳал:

- Елкамни қашиб қўй, - деди, Саид Аҳмад Тохир Қаххорга.. Шоир унинг елкасини қаший бошлади: - Вой-ей, қўлларинг бирам ёқимли, оҳ, оҳ, оҳ, - дея, шайтонлик қилди Саид Аҳмад. Кейин шоирга раҳмат айтиб хассасини мақтай кетди:

- Қара, шу хассани Америкадан олиб келдим. “Келинлар қўзғолони” премьерасига Шермат Қўрбошининг ўғли ҳам келди. Яхши бола экан. Анча суҳбатлашдик. Кетишда уйдан етти юз доллар пул олволувдим. Бир цент ҳам сарф қилмабман... Саид Аҳмад шу тариқа анчагача мақтаниб ўтирди. Латифалар айтиб бизн