Ўзбекистонда президент сайлови - 2007
Мамлакатимиз Конституциясига бўйича президентнинг ваколат муддати 7 йил ва ҳозиргисининг ваколати шу йил 22 январда тамом бўлган. Аммо, президент сайлови ҳақидаги қонунга қарасак, янги президент лавозимига ўтирмагунча, эскиси вазифасини давом этттиравериши лозимлигини кўрамиз. Бу мантиқан тўғри, фавқулотда ҳолатлар учун эса, жуда керакли ҳуқуқуй норма. Лекин бу норма фавқулотда ҳол бўлмаганда ҳам ишлатилса, ножиддийликдан бошқа нарса бўлмай қолади. Чунки, унга кўра, бир марта сайланган президент бутун умр ҳам курсисида ўтиравериш имконига эга.

Ўзбекистон қонунларида бундан ҳам кўп чалкашликлар бор. Масалан, Президент сайлови ҳаққидаги Ўзбекистон қонуннинг 8-моддасида президент сайлови МСК тарафидан президентнинг ваколатлари битмасидан камида 3 ой аввал эълон қилиниши белгиланган. Ундай экан, бу йил бўладиган президент сайлов кампанияи 2006 йил 22 октябрдан олдин эълон қилиниши керак эди, қилинмади.

Булар ҳаммаси кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ҳуқуқ давлати эмас, биз қонунлар бўйича эмас, бугунги раҳбарнинг истаги доирасида яшаймиз. Шу сабабли, сайлов ўзи бўладими ёки бўлмайдими, бугунги президент Ислом Каримнинг сайлов ўтказиш истаги борми ёки йўқми, деган саволларнинг туғилиши табиий эди.

Рус матбуотидаги баъзи хусусий чиқишларни ҳисобга олмаса, бу саволлар Ўзбекистон демократик мухолифатидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмаганини гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Ўзбекистон матбуотида ҳам 21 сентябргача сайловлар ҳақида бирон оғиз сўз ҳам йўқ эди.

Асосан мухолифатнинг саъй-ҳаракати билан олиб борилган сайловолди кампанияси қуйидагича давом этти.

* * *

"Бирлик" Партиясининг номзодини сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи орқали президентликка мустақил номзод сифатида кўрсатиш ишлврини координация қилиш учун шу йил 17 августда тузилган Ташкилий Қўмита 2 сентябрь куни қуйидаги баёнотни тарқатилди.

Сайловолди кампаниясида иштирок этиш ҳуқуқимиздан фойдаланиб президентликка номзод кўрсатайлик

Ўзбекистон Конституцияси ҳамма фуқароларга сайлов кампаниясида иштирок этиш, сайловларда номзод кўрсатиш ва яширин овоз бериш йўли билан номзодларга ўз муносабатини билдириш ҳаққини берган. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Конституциясига биноан бу йил 23 декабрда бўладиган президент сайловига ҳам тегишли.

Президент сайлови ҳақидаги Ўзбекистон қонунининг 8-моддасига кўра, Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) иш бошидаги президентнинг ваколати тугашидан камида 3 ой аввал сайловолди кампанияси бошланганини эълон қилиши керак. Ҳозирги президент Ислом Каримовнинг ваколати шу йил 22 январда тугади. Демак, МСК 2006 йилнинг 22 октябригача сайлов кампанияси бошланганини эълон қилиши керак эди, аммо буни қилмади. Бундан чиқди, ўзбек халқи Конституция ва қонунларда берилган сайловолди кампаниясини вақтида олиб бориш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда.

Президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 24-моддасига кўра, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи сиёсий партиялар билан бир қаторда камида 300 кишилик сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларига (СТГларга) ҳам берилган. Шу қонуннинг 24-1 моддасида билдирилишича, сайлов кунидан 70 кун аввал СТГнинг ваколатли вакили МСКга СТГни рўйхатга олиш ҳақида мурожаат этиши мумкин. Демак, СТГнинг мажлиси сайловдан 70 кун аввалдан ҳам олдин ўтказилиши, мажлисга тайёрланиш эса, бундан ҳам аввал бошланиши керак.

Ўзбекистон қонунларининг юқорида санаб ўтилган моддаларига мувофиқ ҳозироқ сайловларга тайёрланиш ишларини бошлаш мумкин.

Шу йил 17 августда Тошкент шаҳрида турли вилоятлардан келган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатнинг Конституцияси ва бошқа қонунларида берилган ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловларга 70 кун қолмасдан аввал сайловчиларнинг ташаббус гуруҳини уюштириш мақсадида Ташкилий Қўмита туздилар. Ташкилий Қўмитианинг шу кунги мажлисида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

1. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари ва Тошкент шаҳридан тахминан 40 кишидан сайловчи қатнашадиган ташуббускор гуруҳнинг мажлисини 5-15 октябрь кунларининг бирида Тошкентда тўплаш;

2. Сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи мажлисига президентликка мустақил номзод қилиб кўрсатиш учун Адлди вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун ҳуқуқий кураш олиб бораётган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлатни таклиф қилиш;

3. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари ва Тошкент шаҳридан СТГ мажлисида иштирок этадиган тахминан 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатини ҳозирданоқ тузишни бошлаш;

4. Ўзбекистондаги ҳамма демократик кучларга мурожаат қилиб, уларни бундан олдинги моддада айтилган 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатини тузишда ва СТГнинг мажлисини ўтказиш ҳамкорликка чақириш.

Президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 24-1 моддасига биноан Марказий Сайлов Комиссиясига бериладиган СТГ рўйхатида унга кирувчи кишиларга оид қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак: Фамилияси, исми, отасининг исми; туғилиш санаси; яшаш жойининг адреси; паспортининг серия ва номери. МСКга яна шу ҳужжатлар топширилиши лозим: СТГнинг ваколатли вакил тайинлаш ҳақидаги қарори; ваколатли вакилга қонун талабига кўра берилган ишонч қоғози; президентликка номзоди кўрсатиладиган киши ҳақида маълумот.

Шу кунларда Ташкилий Қўмита аъзолари Ўзбекистоннинг вилоятлари ва Тошкент шаҳрида СТГ мажлисида қатнашадиган 40 кишилик гуруҳларнинг рўйхатларини тузишга бошладилар. Шу мажлисида номзоди кўрсатилиши режалаштирилаётган Абдураҳим Пўлат ҳам вақтинча яшаётган жойи АҚШдан қайтиб келиш учун ҳаракат бошлаганини эълон қилди.

Мен Ташкилий Қўмита номидан Ўзбекистондаги ҳамма демократик руҳдаги ташкилотлар ва шахсларга мурожаат қилиб, СТГ қатнашчиларинг рўйхатини тузишда ва СТГ мажлисини ўтказишда биз билан ҳамкорлик қилишга чақираман.

Шу йўл билан бу йилги президент сайловининг демократик руҳда ўтишига ва мамлакатимизда деморатиянинг ривожланишига ҳисса қўшган бўламиз.

Ҳайитбой Абдуллаев,
Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи мажлисини
тайёрлаш бўйича Ташкилий Қўмита раиси
2 сентябрь 2007 йил

Ҳар доимгидек провокациялар бошланди

“Бирлик” сайловга тайёрланишни амалий босқига олиб чиқиши билан, 1990 йил парламент сайловлари арафиасида бўлганидек, унга қарши провокацион ҳаракатлар бошланди. 15 сентябрь куни баъзибир сайтларда асосан чет элда яшаётган ва феълан фаолиятини тўхтатган “Бирлик”нинг собиқ 14 фаоли “Бирлик”нинг партияга айлантирилганини тан олмаслигини англатадиган шаклда баёнот эълон қилиб, “Бирлик” халқ ҳаракатини қайта тиклаш учун иш бошлаганини билдирди.

Мухбирларимиз гуруҳга кирганларнинг баъзилари билан боғланишганда, қизиқ нарсалар маълум бўлди. Масалан, шоира Гулчеҳра Нуриллаева бундай баёнотнома ҳақида эшитган бўлса ҳам, унинг матнини кўрмаганини билдирди. Хонанда Дадахон Ҳасан эса, чет элда яшаётган бир қатор мухолифатчилар унга телефон қилиб, “Бирлик” халқ ҳаракатини тиклашни ва унга лидер бўлишни таклиф қилишгани, у киши “Бугун биз Ўзбекистонда зўрға нафас олиб яшамоқдамиз, “Бирлик”ни тиклаш ниятидаги мардлар бўлса, Ўзбекистонга келиб бу ишни бажарсинлар, балки мен ҳам уларни қўллаб қувватлайман”, деб жавоб бергани маълум бўлди.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бу хусусда шундай деди: “Биз бундай провокацияни олдиндан кутгандик. 1989 йилда ҳам парламент сайловлари олдидан “Бирлик”ка қарши уюштирилган фитна натижасида демаократик мухолифат парчаланган ва вақтдан фойдаланган Ислом Каримов диктатурани тиклаб олган эди. Бизга қарши янги сценерий ҳам ўйлаб топишга қурби етмаган 14 кишининг мақсади - келаётган сайловлар арафасидаяна “Бирлик”ни орқадан чалишга интилишдир. Уларниг тақдири ҳам 1989 йилдаги хоинларники каби бўлиши муқаррар.

Бу баёнотга қўл қўйганлар ичида “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажоннинг борлиги кўпчиликни, биринчи навбатда, бирликчиларни ҳайрон қолдирди. Шу муносабат билан бир гуруҳ партия Марказий Кенгашининг аъзолари қуйидаги баёнотни тарқатдилар:

Ўзбекистон демократлари ножиддий уринишларга учмаслиги керак


18 сентябрь 2007 йил

“Бирлик” халқ ҳаракати сиёсий майдонда ўз позицияларини мустаҳкамлаш, сиёсий куч сифатида жамиятда ўз ўрнини топиш ва халқимизни мустабид тузум исканжасидан халос этишга ҳисса қўшиш ниятида сиёсий партияга айлантирилганди. 2003 йилда Қўқонда ўтказилган партия Қурултойида унинг яқин келажакдаги стратегия ва ҳаракат режаси белгиланиб, мамлакатдаги ягона сиёсий мухолиф ҳаракат ўлароқ фаолияти қайта ташкил этилган.

Орадан ўтган тўрт йил мобайнида “Бирлик” ўзининг реал сиёсий мухолиф куч эканини намоён қилиб, 2004 йилдаги Парламентга ўтказилган сайловларда иштирок этишга ҳаракат қилди. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиш учун 21000 кишидан иборат тарафдорларнинг имзоларини ҳукуматга тақдим этди. Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб бориб, мамлакатда ҳукуматга реал мухолиф куч борлигини кўрсатди. Энди эса бу йил бўладиган президент сайловида ўз номзоди билан иштирок этиш, бутун фаолият давомида халқимизнинг эрки ва иродасига таянишни мақсад қилган.

Бироқ яқинда 14 нафар мухолифат вакилининг интернет тармоғида эълон қилган “Бирлик” халқимизнинг тарихи, тарихни эса йўқотиб бўлмайди!” номли сохта чақириғи сайлов арафасидаги мухолифатга қарши кутилмаган зарба сифатида режалаштирилган бўлса ҳам, биз уни фаолият ташқарисида қолган кишиларнинг аламзадалик ва ножиддийлик ҳаракати сифатида қабул қилдик. Бу баёнотнинг сохта эканлигини иддао қилишимизнинг сабаби эса жуда оддий. Маълум бўлишича, бу чақириқнинг остида номи зикр этилганларнинг кўпчилиги унга имзо қўймаган ва унга қўшилмайди. Демак, кимлардир томонидан махсус уюштирилган провокация бошланмасданоқ битти.

Шундай бўлса ҳам, чақириқ муаллифлари орасида партиямизнинг ташкилий ишлар бўйича раис ўринбосари Исмоил Дадажоннинг ҳам исми-шарифи борлигига кўз юмиб бўлмайди. У “Бирлик” халқ ҳаракатининг шу номдаги партияга айлантирилишида жонбозлик кўрсатган одамлардан бири сифатида “Бирлик”нинг энг юксак органи бўлмиш Қурултой ҳар қандай қарор чиқаришга, хусусан Ҳаракатни Партияга айлантиришга ҳаққи борлигини жуда яхши тушунади. Ўйлаймизки, у тезлик билан мазкур чақириққа номи қандай аралашиб қолганига очиқлик киритади.

“Бирлик” Қурлтойининг қарорларини ревизия қилишга ҳеч кимнинг на маънавий на ҳуқуқий ҳаққи бор. “Бирлик” тузилган вақтда СССРнинг конституциясига кўра, Коммунистик партиядан бошқа партия тузиш мумкин эмасди. Айнан шу сабабли, ҳамма Совет жумҳуриятларида халқ ҳаракатлари ва халқ фронтлари шаклланди ва улар биринчи имкон пайдо бўлиши биланоқ ўзларини партия деб атадилар. Шуни билатуриб, халқ ҳаракати номини қайта тиклашга уриниш - сиёсий калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас.

Биз ҳамма демократларни бу каби провокациялар қаршисида хушёр бўлишга, келаётган президент сайлови арафасида “Бирлик” атрофида бирлашишга чақирамиз.

Пўлат Охун, “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари
Васила Иноят, партия Бош котиби
Ҳамдам Сулаймон, партия раисининг Фарғона водийси бўйича ўринбосари
Дайнов Ташанов, партия раисининг жанбий минтақа бўйича ўринбосари
Холиқназар Ғаниев, партия раисининг марказий минтақа бўйича ўринбосари
Адҳам Муҳиддинов, партиянинг Фарғона вилояти ташкилоти раиси
Носир Зокир, партиянинг Наманган вилояти ташкилоти раиси
Саидбурҳон Қодиров, партиянинг Бухоро вилояти ташкилоти раиси
Комил Жуманиёзов, партиянинг Хоразм вилояти ташкилоти раиси
Шавкат Турсунов, партиянинг Сурхондарё вилояти ташкилоти раиси
Гавҳар Юлдашева, партиянинг Жиззах вилояти ташкилоти раиси
Исроил Ризаев, партиянинг Сирдарё вилояти ташкилоти раиси вазифасини бажарувчи
Ҳайитбой Абдуллаев, партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси

“Бирлик” фаоллари МСКни зиёрат қилишди

18 сентябрь куни "Бирлик" Партиясининг номзодини сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи (СТГ) орқали президентликка мустақил номзод сифатида кўрсатиш ишларини координация қилиш учун шу йил 17 августда тузилган Ташкилий Қўмита раҳбарлари Ҳайитбой Абдуллаев ва Васила Иноят Ўзбекистон Ресупбликаси Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан учрашдилар. Улар расмий рўйхатдан ўтиш учун Адлия вазирлигига ўз ҳужжатларини топширган, аммо ҳали тегишли жавоб олиб улгурмаган “Бирлик” Партиясининг СТГ орқали сайловда иштирок этиш режаси мавжудлигини айтиб, МСК маъмуридан сайлов олди кампаниясига оид маълумотлар олиш ниятида эанликларини билдиришди.

Ўз навбатида Шуҳрат Полвонов “Бирлик” фаолларига Марказий Сайлов Комиссияси маъмуриятнинг фуқаролар ёки муайян сиёсий гуруҳлар фаоллари билан сайлов кампанияси эълон қилингачгина музокара ва мунозаралар олиб боришини билдириб, бугун МСКнинг мажлиси бўлиши ва унда сайловга оид қарорлар чиқарилишини билдирди. “Бирлик” фаоллари МСКга керакли қарор эълон қилингандан кейин яна келадиган бўлдилар.
Ҳақиқатда ҳам, куннинг иккинчи ярмида навбатдаги президент сайловини ўтказиш бўйича МСКнинг қарори эълон қилинди. Унда айтилишича, Ўзбекистонда сайловолди кампанияси 21 сентябрдан бошланади, сайловлар 23 декабрда бўлади.

28 сентябрда “Бирлик” Партиясининг Бош котиби Васила Иноят Марказий Сайлов Комиссияси раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан яна кўришди. Васила Иноят Шуҳрат Полвоновга юқорида айтилан Ташкилий Қўмитанинг ҳужжатларининг топширмоқчи бўлган. Шунда Полвонов “СТГ мажлиси ўтказиш учун МСКнинг рухсати кераклигини, аммо Сайловчилар Ташаббус Гуруҳида номзоди кўрсатиладиган одам, яъни Абдураҳим Пўлат шахсан МСКга паспорти билан келиши кераклигини, унга қадар ҳеч қандай ҳужжатларни қабул қилмаслигини, демак, мажлис ўтказиш учун рухсат берилмаслигини” айтиб, қочиб кетган.

Бу расмий давлат ташкилоти вакилининг ножиддийлигидан хайрон қолиш керак. Ташаббус гуруҳини ташкил қилувчиларнинг мақсади Абдураҳим Пўлатнинг номзодини президентликка кўрсатиш. Аммо, кўрсатиш ёки кўрсатмасликка СТГ қарор беради. Бунинг учун у мажлис ўтказиши керак.

Бу мажлисга рухсат бериш учун Абдураҳим Пўлатнинг МСКга келишини талаб қилиш нафақат мантиқсиз, балки, қонунларга зиддир. Чунки, ҳеч бир қонунда МСКнинг бундай мажлис учун рухсат бериши кўзда тутилмаган. Абдураҳим Пўлат номзодини кўрсатиш учун фаолият олиб бораётган Ташкилий Қўмитианинг мақсади эса, МСК билан ҳамкорлик қилиш эди, халос. 2004 йилда парламент сайловларида қатнашиш учун 5-6 номзод ҳам кўрсатишга улгурган “Бирлик”нинг тажрибаси шуни кўрсатгандики, агар мажлис сайлов комиссиялари билан мулоқот режимида ўтказилмаса, номзоднинг рўйхатга олишларини ўйламаса ҳам бўлади.

МСКдаги учрашув шуни ҳам кўрсатдики, МСК бу масалада ўз ишларини Ўзбекистоннинг бошқа идоралари билан келишиб олиб бормоқда. Чунки, “Ҳаракат” агентлиги тарафидан тарқатилган хабарларда айтилганидек, Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонга қайтиш учун паспортини янгилаш маысадида мамлакатнинг АҚШдаги элчихонасига мурожаат қилган. Элчихона Абдураҳим Пўлатга жавоб бермаётган бўлса ҳам, кўринишидан, унинг масаласи Ўзбекистон раҳбариятига етказилан ва бундан хабардор бўлган МСК вакили “Абдураҳим Пўлат парспорти билан бизга келсин” деб навбатдаги лўттибозлигини қилмоқда.

МСК раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов Ташкилий Кўмитианинг ҳужжатларини Васила Иноятнинг қўлидан олишдан қочгани сабабли, улар почта орқали, олингани ҳақида тилхат бериладиган усул билан, МСКга жўнатилган.

Бундан кейинги воқеалар қуйидагиа давом этди.

28 сентябрь: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ўз пленумида президент сайловида ўз номзоди билан иштирок этишга қарор берди. Президентликка нозод кўрсатиш учун октябрь ойида партиянинг навбатдаги Қурултойи ўтказилади. Номзод сифатида қурултой қатнашчиларига партия Сиёсий кенгашининг биринчи котиби Дилором Ташмуҳамедова кўрсатилади.

3 октябрь: “Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” ташкилотинингхабарига кўра, президент сайловида мустақил номзод сифатида иштирок этишни режалаштираётган 4 киши - Абдилло ўғли, Ахтам Шаймарданов, Акбар Алиев ва Валерием Галкин АҚШ, Франция, Буюкбритания элқиликларининг вакиллари ҳамда чет эллик ва ўзбек журналистлар иштирокида матбуот конференцияси ўтказиб, Ўзбекистонда сайловолди кампанияси мамлакат қонунларини қўпол равишда бузиб ўтказилаётгани ҳақида гапирдилар.

Шу куни Коммунистик партиянинг вориси бўлмиш Ўзбекистон Халқ-демократик партиси Марказий кенгашининг пленуми ҳам бўлиб ўтган. Ноябрь ойида партияз Қурултойини ўрказиш ва унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Аслиддин Рустамовни президентликка номзод қилиб кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилган.

4 октябрь: Бугун Либерал-демократик партиясининг Сиёсий кенгаши мажлисга тўпланди ва ноябрь ойига партия қурултойини чақиришга, у ерда ҳозирги президент Ислом Каримовни президентликка янгидан номзод қилиб кўрсатишга қарор берди.

10 октябрь: Мухолифатга оид баъзи сайтларда “Эрк” демократик партияси президентликка номзод қилиб, ўз раиси Самад Муродни кўрсатишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аммо, кейинчали, Самад Муроднинг ўзи бу ҳақида раддия бериб, “Эрк” партияси мухолифатнинг умумий номзодини қўллаб-қувватлаш тарафдори экани, бу масалада “Бирлик” партияси билан биргаликда ҳаракат қилиш ниятлари ўзгармас эканлигини билдирди.

14 октябрь: “Бирлик” Партияси ўзининг президентликка номзодлар рўйхатини 4 кишига чиқарди

Ўтган ҳафта ичида “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг бир неча кунлик телемажлисида партия номидан президентликка номзод қилиб 4 кишини (Абдураҳим Пўлат, Пўлат Охун, Васила Иноят ва Бекжон Тошмуҳаммадни) кўрсатишга қарор қилинди.

Эслатиш керакки, партия рўйхатдан ўтказтирилмагани сабабли, унинг номзодини Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи (СТГ) орқали кўрсатиш режалаштирилган эди. Бу хусусда “Бирлик” Марказий Кенгаши ва Марказий Кенгаш Ҳайъатининг тегишли қарорлари ҳам бор.

"Бирлик" Партиясининг номзоди Абдураҳим Пўлатни сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи орқали президентликка мустақил номзод сифатида кўрсатиш ишларини координация қилиш учун шу йил 17 августда тузилган Ташкилий Қўмита раҳбарлари Ҳайитбой Абдуллаев ва Васила Иноят Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан 18 сентябрда кўришишганда, у ҳамма масалаларни сайлов кампанияси расман бошлангандан кейин, яъни 21 сентябрдан кейин гаплашиш мумкинлигини айтган.

Аммо, у 28 сентябрда Васила Иноят билан учрашганда, Сайловчилар Ташаббус Гуруҳида номзоди кўрсатиладиган одам, яъни Абдураҳим Пўлат шахсан МСКга паспорти билан келиши кераклигини, унга қадар ҳеч қандай ҳужжатларни қабул қилмаслигини, демак, мажлис ўтказиш учун рухсат берилмаслигини билдирган. Аслида, ҳали расман кўрсатилмаган номзоднинг МСКга келиши кераклиги ҳеч бир қонунда кўрсатлмаган. Шундан кейин Васила Иноят ҳужжатларни МСКга почта орқали юборганди.

Юзага келган вазиятдан келиб чиққан Абдураҳим Пўлат шу кунларда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг мутлақо кўпчилик аъзолари билан телефон орқали суҳбатлашиб, улар билан янги бир таклифни муҳокама қилди. “МСКнинг қонуний бўлмаган важларини бахслашиш фойдасиз эканлиги ва бошқа бир қатор факторларни ҳисобга олиб, - деди Абдураҳим Пўлат, - МСКга партия номидан номзоди кўрсатилиши мумкин бўлган бир одамнинг, яъни менинг эмас, яна бир неча одамнинг исмини бериш лозим. Бу одамлар Ҳайъат томонидан кўрсатилиши керак. Улардан фақат бир нафари СТГ мажлисида номзод қилиб кўрсатилади. Керак бўлса, шароитга қараб, уларнинг бир қисми ўз номзодини қайтариб олиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, агар шундай қилсак, ўз имкониятларимизни оширган ва ўзимизнинг уста сиёсатчи эканлигимизни намойиш қилган ҳам бўламиз”. Телефон суҳбатларида қатнашган Ҳайъат аъзоларининг ҳаммаси (10 аъзодан 8 нафари) Абдураҳим Пўлатнинг таклифини дастаклади.

Натижада, Ҳайъатнинг телемажлиси қарори билан президент номзодлигига номзод қилиб 4 киши кўрсатиладиган бўлди. Булар – “Бирлик” халқ ҳаракатининг 1989-92 йиллари раисдоши бўлган Бекжон Тошмуҳаммад, партия Бош котиби - Васила Иноят, раис ўринбосари - Пўлат Охун, партия раиси Абдураҳим Пўлат. Буларнинг ичидан якка номзодни танлаш - СТГнинг вазифасидир.

15 октябрь: Бугун Марказий Сайлов Комиссиясининг навбатдаги мажлис ўтгазди ва президент сайловида иштирок этишга қатнаш ниятини билдирган сиёсий партиялар ва ташаббускор гуруҳларни рўйхатга олингани ҳақида қарор қабул қилди. Маълум бўлишича, режим сайлов кампанияни ўзининг сиёсий чўнтак партиялари ва бир ташаббускор гуруҳи иштирокида олиб бормоқчи

Сайлов кампаниясининг бугунги мажлисида “Бирлик” Партияси фаолларидан иборат Ташкилий Қомитетнинг комиссияга мандат сўраб мурожаат қилгани, шунингдек, “Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” номли ташкилотининг фаолларининг талаблари ҳеч бир шаклда тилга олинмаган.

Ваҳоланки, “Бирлик” Партияси фаоллари шу йилнинг 17 августида ўзининг Марказий Кенгаши Ҳайъати мажлисини ўтказишган, мажлисдан сўнг ташаббускор гуруҳни тўплаш ва унинг мажлисини ўтказиш бўйича Ташкилий Комитет барпо этишиб, МСКга мурожаат этишганди. Яъни, 21 сентябрь куни Комитет раҳбарлари Ҳайитбой Абдуллаев ҳамда Васила Иноятлар МСКда бўлишиб, раис ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан музокара қилишганди. Кейинчалик, аниқроғи 28 сентябрь куни, Шуҳрат Полвонов Васила Иноятга “Бирлик”нинг Президентликка номзоди Абдураҳим Пўлатни шахсан кўрмоқчилигини, унинг паспорти билан келиши лозимлигини таъкидлаганди.

Бироқ МСК Ташкилий Комитетнинг аризасини қабул қилмагач, у почта орқали буюртма асосида жўнатилганди. Ўша хатга МСК аъзоси бугун МСК аъзоси К,Адилов имзоси билан жавоб хати келди. Хат 2007 йил 8 октябрь санаси билан белгиланган, сони 272/4.

Хатда Ўзбекистон қонунларидан баъзи кўчирмалар келдирилган ва гўёки уларга асосланиб, ташаббускор гуруҳнинг мажлиси сайлов кампанияси бошланмасданоқ ўтказилгани қайд этилган ва бу қонунга зид эканлиги билдирилган. Ваҳоланки, МСКга сайловчилар ташаббускор гуруҳ мажлисининг эмас, у ҳақиқатда 21 сентябрдан кейин ўтказилиши керак, Ҳайит Абдуллаев имзоси билан Ташкилий Қўмита мажлисининг баённомаси почта орқали юборилган бўлиб, айнан ташаббускор гуруҳ мажлисини ўтказиш учун рухсат бериш сўралганди. МСКнинг аъзолари шундай нарсанинг фарқига ҳам боришмаган, ёки ҳар доимгидек вақт ўтказиш учун ўзларини тушунмаганга солишган.

Албатта, “Бирлик” Партияси раҳбарияти ҳамда фаоллари мазкур масалани муҳокама этиб, керакли қадамларни қилишади. Шунингдек, партия фаолларидан иборат ташаббус гуруҳи аъзолари Марказий Сайлов Комиссияси билан музокараларни давом эттиради. Уларнинг таъкидлашича, МСК билан кураш энди ҳуқуқий майдонга кўчади. Гуруҳ фаоллари, кеарк бўлса, мамлакат Олий судига ҳам мурожаат этиб, ўз манфаатларини ҳимоя қиладилар.

22 октябрь: Сайлов комиссиясининг қарорида шикоятга ўрин бор! (“Эзгулик” жамиятининг Пресс-релизи, № 67, 20 октябрь, 2007 йил)

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тузилгандан бери сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни асосий вазифаси, деб ҳисоблаб келган. Чунки, шахсларнинг ва уларни бирлаштирувчи партияларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланмаган жамиятда демократик жараёнларни ривожлантириб бўлмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Умумжаҳон Декларациясининг узвий қисми бўлган шахс ҳуқуқи ва унинг сиёсий манфаатлари, қарашларини ифода этишни амалда таъминлаш - давлатнинг вазифасидир. Аммо, минг афсуски, Ўзбекистондаги мавжуд ҳокимият нафақат ўз фуқаррлоарининг сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилмаяпти, балки, уларнинг топташ билан машғул бўлмоқда.

Жамиятимизга мурожаат этган бир гуруҳ фуқаролар, уларнинг асосий қисми Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун бир неча йилан бери кураш олиб бораётган “Бирлик” партияси фаоллари, ўзларининг президентлик сайловолди кампаниясида иштирок этишга бўлган фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлари топталганидан шикоят қилишди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар, Боғкўча, 20-23 уйда яшовчи Ҳайит Абдуллаев бошчилигидаги бур гуруҳ фуқаро Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат этиб, Сайловчилар Ташаббус Гуруҳини (СТГ) тузиш учун комиссиядан махсус рухсатнома (мандат) сўрашган. Аризага СТГ тузиш бўйича Ташкилий гуруҳ мажлисининг баёни ҳам илова қилинган.

Яна маълум бўлишича, Ҳайит Абдуллаев шу йил 18 сентябрь куни МСКда бўлганида, бу ташкилотнинг раис ўинибосари Шуҳрат Полвонов СТГ мажлисини ўтказиш учун махсус рухсатнома олиниши кераклигини, аммо бу каби масалалар билан сайлов кампанияси расман бошлангандан кейингина шуғулланиш мумкинлигини айтган.

21 сентябрда сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинди. Аммо, 28 сентябрда ҳам Шуҳрат Полвонов Ташкилий гуруҳнинг ҳужжатларини олишдан бош тортиб, СТГ мажлисида президентликка номзод қилиб кўрсатилиши кўзда тутилаётган Абдураҳим Пўлат шахсан МСКга келиши кераклигини билдирган. Шундан кейин, Ташкилий гуруҳ фаоллари ўз ҳужжатларини почта орқали МСКга юборишга мажбур бўлишган.

МСКнинг почта орқали Ҳайит Абдуллаевга юборган 8 октябрдаги жавоби 13 октябрда эгасига етиб келган. Комиссияси аъзоси Адилов имзоси билан берилган жавоб хатида Ташаббус гуруҳининг мажлиси сайлов кампанияси бошланмасидан илгари ўтказилгани баҳона қилиниб, унинг ҳужжатлари қабул қилинмаслиги билдирилган. Ваҳоланки, қонунлар СТГ мажлисини ўтказиш муддатинигина белгилайди, Ташаббус гуруҳ мажлисининг қачон ўтказилиши ҳеч бир қонунда белгиланмаган.

Демак, Марказий сайлов комиссияси СТГ мажлиси ўтказишга тайёрланаётган Ўзбекистон фуқароларининг аризасининг мазмуни, унда қўйилган талабни идрок этмай, юзаки жавоб бериш билан чекланган. Бунинг устига, Марказий сайлов комиссияси тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан қочиб, яъни фуқароларнинг аризасини қўлдан қўлга олмасдан, почта орқали ёзишма қилган ва натижада СТГ мажлисини ўтказиш учун қонунда белгиланган қисқа вақт ўтиб кетган. Шундай қилиб, сони 300 дан ошиқ бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари, аниқроғи, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқлари бузилган.

“Эзгулик” жамияти мазкур иш тафсилотларини ўрганиш чоғида бир қатор қонунбузарликлар, сайлов комиссияси маъмуриятининг хизмат мавеига нисбатан совуққон муносабатда бўлаётгани ҳолатига дуч келди. Хусусан, Марказий сайлов комиссиясига фуқароларнинг кириши эркин эмаслиги, аризаларнинг қабул қилинмаслиги, комиссия аъзоларининг фуқаролар сўровига нисбатан қўрс ва дағал муомала қилишлари шулар жумласидандир. Ваҳоланки, халқимиз, миллатимиз келажаги олдидаги масъулиятли кунларда МСК аъзолари ўз бурчларини сидқидилдан адо этишлари зарур.

Жамиятимиз юқорида тилга олинган фуқароларнинг сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлари камситилиши юзасидан масъул идоралари изоҳ беришлари лозим, деб ҳисоблайди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қисқа муддатда МСК раисининг ўрибосари Полвонов ва комиссия аъзоси Адилов томонидан йўл қўйилган қўпол хатога жавоб бериши лозим. “Эзгулик” бу масала бўйича суд оргаганларида ҳам шикоят иши очади ва адолат ғалабаси учун курашади.

23 октябрь: Бош металлургимиз Александр Фармонов янги ташаббус билан чиқди

Ўзбекистон металлургия комибинати ишчилари жамоаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сайловларсиз ваколат муддатини чўзиш ташаббуси билан чиқди. Ўзбек халқи ва миллати хавфсизлиги, ҳаёти ва келажаги гаранти бўлган шахснинг ваколатларини чўзиш ташаббуси бошида турган комбинат директори Александр Фармонов ялтоқилиги билан ном чиқарган, ўта принципсиз одамдир. Узунқулоқ гап-сўзларга кўра, Ислом Карим сайловлар тинч-осойишта ўтишидан хавотирда, шу боисдан ҳам шу хилдаги кампаниябозликка зўр бермоқда. Айтишларича, яқин кунларда Бекобод метталургларининг ташаббуси мамлакат бўйлаб ёйилади.

29 октябрь: Фидокорлар партияси ўз Қурултойида президентликка биринчи номзодни кўрсатди

Фидокорлар Миллий демократик партияси бушун ўзининг навбатдаги Қурултойини ўтказди. Республика Байналмилал миллий марказининг залида ўтган Қурултой делегатлари президентликка номзод қилиб партия МК Биринчи котиби Ахтам Турсуновни кўрсатдилар. Ахтам Турсунов ўз нутқида партия номзодининг президент бўлиши эмас, балки сайловда қатнашиши муҳим эканини таъкидлаб, номзод кўрсатиш ўйини масхарабозлик эканини намойиш этди. Эслатиб ўтамиз, у узоқ йиллар Ўзбекистон комфирқасининг Олий мактаби раҳбари бўлиб ишлаган Салом Турсуновнинг ўғлидир.

* * *

Сайлов кампанияси давом этади. Лекин, минг афсуски, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлактдаги вазиятни ўзгартириш ва демократияни ривожлантириш нияти йўқ эканлиги, демократик мухолифат эса, Андижон воқеаларидан кейин қайта тикланолмагани ҳозироқ маълум бўлди.

Сайлов мавжуд чўнтак партияларнинг номзодлари ва ҳукуматнинг ўз ташаббуси билан тузилган сайловчилар ташаббускор гуруҳининг номзоди билан ўтказилади. Кўрсатилган ва кўрсатиладиган номзодлар жорийдаги президент Ислом Каримни яна бир марта президент қилиб сайлош ўйинида декорация ролини ўйнайдилар.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, Ислом Карим яна бир марта президент бўлиб сайланишга ҳаққи йўқлгини муҳоккама қилиб ўтириш ҳам бефойда. Чунки у истаса, мамлакат парламенти бир куннинг ичида Конституцияга ўзгартириш киритиб, бир одам икки мартадан ортиқ муддатга президент бўлолмаслиги ҳақидаги чекловни олиб ташлаши мумкин. Бунга ҳеч ким қарши чиқолмайди.

Демак, асосий масала, ҳокимиятни қонунлар доирасида ишлашга мажбур қилоладиган, у ўзи истаган қонунларни чиқариб ололмайдиган система яратишдир. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳокимиятнинг уч тармоғи – қонунчилик, ижроия ва суд – бир биридан мустақил бўлиши керак.

Ким буни қилолади? Фақат демократик мухолифат.

Демак, асосий масала демократик мухолифатнинг кучли бўлишига эришишдир. Ана шундагина, Ўзбекистонда ҳақиқий сайловлар, ҳақиқий сайлов олди кампанияси бўлади. Ҳозирча, ўзбек халқи масхарабозликкка айлантирилган сайловларнинг тилсиз гувоҳи бўлиб қолаверади.