Журнал Ҳаракат №4 (67) 2007. Кечагина ўтган кунларимиз
Абдураҳим Пўлат - “Ибодатхонага олиб бормайдиган йўлнинг нима кераги бор?”
Аслида, бу мавзу унчалик муҳим ҳам эмасдир. Шундай бўлса-да, яқинда чет элга келиб, сайт очиш қанчалик осон эканлигини кўрган, бироқ, сайтни ҳақиқий сайт қилиш қанчалик қийин эканлигини тушунмасдан, бир сайт очиб олиб, “ие, бу шаклда мухолифатчилик қилиш қандай осон экан” деб ўйлаб маст бўлиб юрган одамларга озгина бўлса ҳам дарс бериш мақсадида бу лавҳа устида қалам тебратишга қарор қилдим.

Лавҳанинг ёзилишига сабаб бўлган воқеани англатишдан бошлайман. Европада яшайдиган бир сафдошим мухолифат руҳидаги ўзбекча сайтлар ортиб бораётганини қувонч билан гапириб қолди. Мен унга Ватандош, Исёнкор ва шу каби шоирона баланд парвоз номлар билан аталган, аммо, амалда тутуруқсиз, пичоққа илинадиган хабар хам фикр ҳам топиб бўлмайдиган, бунинг устига ҳозир ягона мухолифат ташкилотига айланган “Бирлик” Партиясига душманлик руҳи билан суғорилган сайтларни бундан бир неча ой илгари улар ўтказган сўровномалар туфайли бир оз кузатганимни, сўнгра бу сайтларнинг на мухолифатга на ўзбек жамиятига фойдаси йўқлиги ҳақида бир фикрга келиб, уларга киришни тўхтатганимни айтдим. Сўзларимни ҳазил аралаш “Абдураҳим Пўлат кирмайдиган сайтларнинг нима кераги бор?” деб тугатдим.

Сафдошим у сайтларда яхши фикрлар борлиги, айниқса Ватандош сайти “Бирлик” душмани эмаслигини айтди. “Кимларнинг фикри бор у сайтларда” десам, “оддий ўзбекларнинг” деган жавобни ҳам берди. Яхши, дедим мен, у сайтларни яна бир кўриб чиқай.
Шундай қилдим ҳам. Аммо, сайтлар ҳақида фикримни айтишдан олдин, нима учун “Абдураҳим Пўлат кирмайдиган сайтларнинг нима кераги бор?” деганимни тушунтирмоқчиман.

Кези келгани учун айтаман, мен сўнги йилларда Ўзбекистон демократик мухолифатининг стратегик йўналишини белгилаб келаётган шахс сифатида мамлакатимиздаги ҳамма воқеалардан, бу воқеалар ҳақидаги фикр-мулоҳазалару анализлардан хабардор бўлиб туришим шарт. Шунча йил сафдошим айтган сайтларга кирмасдан ҳеч нарса йўқотмадимми, демак, у сайтлар мутлақо кераксиз сайтлар.

Юқоридаги иборани ишлатишимнинг сабаб эса қуйидагича.

Кўпчилик билади, қайта қуриш йилларининг бошида машҳур гуржи кинорежиссери Абуладзенинг “Тавба” номли кинофильми ўша йиллардаги жараёнларга катта таъсир қилганди. Кўп қиррали бу буюк фильмнинг менга шахсан таъсир қилган бир жойини эслатмоқчиман. Кинонинг турли эпизодларида бир саҳна қайта-қайта кўрсатиларди. Оппоқ соқолли нуроний бир қария одамлардан сўрайди: “Бу йўл ибодатхонага олиб борадими?” У “йўқ” жавоби олгандан кейин ҳар сафар шундай дерди: “Ибодатхонага олиб бормайдиган йўлнинг нима кераги бор?”

Аминманки, бу сўзлар агрессив атеистик руҳда тарбияланган совет кишилари учун инқилобий аҳамиятга эга бўлди. Айнан шу кадрларнинг ҳам таъсирида одамлар динга бўлган муносабатларини ўзгартира бошладилар, диний қадриятлар тиклана бошлади.

Мен ўша “Тавба” фильмидаги сўзларга ўхшатиш қилиб: “Абдураҳим Пўлат кирмайдиган сайтларнинг нима кераги бор?” саволини қўйдим ва тўғри қўйганимга ишонаман. Юқорида айтганимдек, у сайтларни мутлақо кераксиз деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда пичоққа илинадиган воқеа юз берса, у ҳақидаги хабар бизнинг сайтларимизда бор. Воқеаларниниг анализини ҳам бизнинг сайтлардан ташқарида тополмайсиз. Эртага Каримов режими йиқилади, эрта-индин режимдан норози бўлган халқ кўчага чиқиб кетади каби лофларни йиллардан бери анализ ўрнига тиқиштираётган сайтларни ҳисобга олмаганда, табиий.

Тушуниш керак, агар у сайтларда мухолифатнинг тактика ва стратегиясини белгилаш, Ўзбекистондаги вазиятни янада чуқурроқ билиш учун керак бўлган материаллар бўлсайди, мен албатта уларни бошқалардан бўлса ҳам эшитган бўлардим. Агар эшитсам, ишонаверинг-ки, у сайтларнинг энг актив ўқувчисига айланардим.

Мен бизнинг сайтдан бошқа сайт керакмас демоқчимасман. Керак, жуда керак, жиддий информацион-аналитик сайтлар жуда ҳам керак. Бор сайтларни қандай қилиб жиддий сайтларга айлантириш ёки янги жиддийларини қандай яратиш масаласи муҳим ва актуал масала. У менинг бу лавҳам мавзуси эмас. Мен бу ерда ўша бор сайтларга қисқа баҳо бермоқчиман.

Исёнкор сайти қандай лўттибоз ва фирибгарлар томонидан юритилаётгани, уларнинг ичида қўшни мамлакатнинг махсус хизмати ходимлари “ижод қилаётгани”, бу сайт воқеаларни ёритишда ва фактларни сохталаштиришда мавжуд режимнинг ялтоқ оммавий ахборот воситаларидан ҳеч фарқ қилмаслиги сайтимизда факт ва рақамлар билан аввалроқ фош қилинганди. Бу билан қизиққанлар бўлса, “Ҳаракат” журналининг шу йилга оид 3(66) сонида берилган “Ўзбекистон мухолифатининг лидери ким?” номли мақола билан ҳам танишишлари мумкин. Дарвоқе, бу сайтнинг ўзи ўтказган сўровнама натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 70 фоизда ортиғи бу сайтнинг ишини “ёмон” ва “ўта ёмон” деб баҳолаганини ўзим кўрганман, шунинг учун бу сафар у сайтга кириб ҳам ўтирмадим.

Ватандош сайтига ўтайлик. У ерда ҳам ўқувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома кўрсатмоқдаки, бу сайтга бармоқлар билан санайдиган даражадан бироз кўп ўқувчи кираркан, уларнинг ҳам 70 фоиздан ортиғи бу сайтни “ёмон” ва “ўта ёмон” деб баҳолашганини эса яна ўзим кўрдим. Ўзбек ўқувчиларига балли, ҳақиқатдан кўра билибдилар. Сайтни “ёмон” ва “ўта ёмон” деб баҳолаган кишининг унга қайтиб кириш эҳтимоллиги нолга яқинлигини назарга олсак, бу сайтни ҳеч ким ўқимаслиги ёки жуда кам одам ўқиши ўз-ўзидан маълум. Сайтнинг “Бирлик”га қарши руҳи 3-4 ой аввалгисига нисбатан бироз пасайгандек ҳам кўринди.

Қандайдир халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари сайтига кириб қолдим. Унинг сўровномасига 15 ва 20 орасида ўқувчи иштирок этиб, уларнинг сал кам ҳам ҳаммаси бу сайтни “ёмон” ва “ўта ёмон” деб баҳолашибди. Бу сайтга баҳо беришга шу фактнинг ўзи етарли.

“Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг Эркинюрт сайти ўша кунларда партиялар рейтингини ўлчаш учун сўровнома ўтказаётган экан, 20 кун ичида “Бирлик” Партиясига 2 мингдан ортиқ, бу фракцияга эса бор йўғи 36 киши овоз бергандан кейин шарманда бўлган сайт кўзим ўнгида ўзини бектиш билан ҳаётини тамомлади.

Бошқа сайтларни (53-54-чиларниннг бошқа бир сайти, Тегирмон, Жадидлар каби экзотик номли сайтлар, демконгресс сайтини, ким тарафидан юритилаётгани номаълум бўлган узньюс каби хабарчиликни даъво қилаётган баъзи сайтларни) ҳам бирма-бир қараб чиқдим. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда ўз мухбирлари бўлмагани учун бўлса керак, бошқа сайтлардан хабар кўчириб олишга ихтисослашишган. Хабарлар асосан ҳуқуқ ҳимоячилигига оид. Бу хабарларнинг салкам ҳаммаси бизнинг Ҳаракат сайтида бор. Оперативликда ҳам биз билан рақобат қилиш кучлари йўқ.

Тўғри, санаб ўтилган сайтларда Ўзбекситонга оид воқеаларни анализ қилишга ҳаракат қилган муаллифларнинг мақолалари бор. Кўпчилиги аноним, демак, маъсулият туйғуси бўлмагани сабабли ўта саёз материаллар.

Шундай бўлса ҳам уларнинг анча-мунчасини ўқий бошладим ва, алҳазар, бошимни кўтаролмай уларнинг ичига кириб кетдим. Юрагимга ором берувчи туйғулар оғуcида маст бўлдим дейиш ҳам мумкин. Аминманки, у ерга кирган ҳар бир ўқувчи мен каби бўлган.

Чунки у ерда мухолифатчилар нафрат билан қарайдиган мавжуд режимнинг ҳамма шундоқ ҳам билган кирдикорлари одамнинг кўнглига бахш берувчи даҳшатли-чиройли, шоир-ёзувчиларимиз тарафидан кечалари ухламасдан ижод қилинган гўзал ифодалар билан лаънатланади. Режимбоши, унинг қизлари ва яқинлари Ўзбекистоннинг бойлигини қандай ўғирлаб кетаётганлари, қўлларида аниқ факт бўлмагани учун, Минг бир кечадаги каби чиройли афсоналар билан ёзилади. Бу ўғирлик ростдан ҳам бўлаётгани ва бойлик бизники ҳам бўлгани учун ғазабланишимиз керак, аммо ғазаб туёғуси уйғонмайди. Чунки муаллиф бу ўғриларни шунчалик усталик билан лойга қориштирадики, яна кўнглимиз бахш олади. Халқнинг аҳволини, яна ўша ҳаммамиз билган аҳволини, ўқиб ҳам ором оласиз, чунки халқнинг шундай аҳволга солганлар яна ўша ҳукуматдагилар бўлгани учун барибир ўшалар сўкилди, ҳақоратланади, вақти келиб улар қандай жазо олишлари хусусидаги чиройли ҳикоялар тўқилади. У эртакларни ўқиб яна ором оласиз.

Шундай даҳшатли режим билан курашиш ўрнига ўз-ўзи билан овора бўлган, бирлашолмаётган мухолифатни қоралаш ҳам популяр мавзу. Аммо улар ҳам ғазаб уйғотмайди, қалбингизга ором беради. Чунки, сиз бу ёзувларни ўқир экансиз, ҳамма нарсани ёзув муаллифи кўзи билан кўрасиз. Муаллифлариниг биронтаси ўзининг айбини кўрмайди, ҳеч бир анализ ва далилсиз айбни бошқаларга юклайди: ҳамма айб бошқаларда, ўшалар ёмон, ўшалар маъсулиятсиз, шу сабабли халқимиз ночор аҳволда. Ўзингизни қаҳрамон, бошқаларни айбдор деб топиб, яна роҳатланасиз.

Табиий, Ўзбекистон бошига бу ҳокимият қандай қилиб келиб қолди, мухолифат нега бу аҳволга тушди, Тошкент ва Қўқоннинг кўча-майдонларини ларзага солиб митинглар қилган, коммунистик ҳокимиятни жар ёқасига олиб келиб қўйган мухолифат нимага пароканда бўлди, бу мухташам митингларни кўча чангитиш деб баҳолаган 53-54-чилар аслида ким эди ўзи, ҳозир ўзини демократ деб атаётган баъзи кимсалар ростдан ҳам террористик ҳаракатга қўл урдиларми, Толибон билан ҳамкорлик қилдиларми, нима учун “Бирлик” 2003 йилда биринчи бўлиб оёққа турдию нима учун “Эрк” биринчи қурутойидаёқ парчаланди ва тўхтамасдан парчаланмоқда ва йўқ бўлмоқда, нима учун ҳамма мухолифат гуруҳлари бу йил бўладиган президентлик сайловларига якка умумий номзод билан чиқайлик дейишганда, 53-54-чиларгина бунга қарши чиқишди, хўш, энди нима қилиш керак, мухолифатни бирлаштиришдек машаққатли ишни қандай олиб бориш керак деган саволларни бу сайтларда қалам тебратаётганлар узоқдан айланиб ўтишади.

Мусулмон Ўзбекистон каби сайтлар-ку бундай саволлар борлигини ҳам хаёлларига келтиришмаса керак. Нега ҳам келтиришсин, ахир уларга кўра барибир пешонамизда ёзилганини кўрамиз. 53-54-чиларнинг сотқинлиги ҳам, сотқинлик сабабли диктатуранинг тикланиши ва минглаб мусулмонлар зондонларда чиритилиши ҳам - пешонамизга ёзилган қочиб бўлмас синов. Улар “Оллоҳдан баракат, биздан ҳаракат” сўзларини эшитишганига ҳам шубҳам бор.

Хуллас, бу сайтларни ўқиб тузум қандай қаҳшатғич равишда лаънатланишидан баҳри-дилим очилар ва ўз олдимизда вазифалар, халқимиз олдида маъсулиятимиз борлиги ҳам унутилар экан, ўз ҳолатимни белгиловчи бир сўз борлиги эсимга тушгандек бўлди. Шу вақтгача ҳеч бир ёзувимда ишлатмаганим бу сўзни русча энциклопедиядан топдим ва ҳозир бу сўзни ҳамда унинг маъносини сизга ҳавола қилмоқчиман.

Бу сўз - мазохист. Ўзбекларга бу ҳиссиёт ёт деб ҳисоблангани учун бўлса керак, ўзбекча луғат ва энциклопедияларига ҳам киритилмаган бу сўзнинг русча энциклопедиядан ўзим эркин таржима қилган маъноси шундай: Мазохист бу ўзининг юрагидаги, руҳидаги оғриқ ва аламларини тирнаб, пичоқ билан ковлаб, ўта кучланган оғриқ ва аламлардан роҳатланувчи одам.

Кўриниб турибдики, тилга олинган сайтлар мазохистлар томонидан юритилади ва мазохистликни севадиган одамларга мўлжалланган. Улар Ўзбекистондаги ўзлари яхши билган аҳволни ҳар кун янги бўёқлар билан ёзадилар, ўзларига ўхшаганлар эса бундан роҳат қиладилар. Улар ҳеч кимни курашга, кураш йўлларини қидиришга чақирмайдилар, курашаётганларнинг фаолиятни ёритмайдилар. Оҳ-воҳ қилиб ўзларини овутадилар, бир иккита қуруқ сафсата сифатли шиорлар айтиш билан чегараланадилар. Бундан ҳам ёмони ўқувчиларни ҳам ўзлари каби мазохист қилишга интиладилар. Оллоҳга шукур, бу сайтларга кирувчилар кам, демак, ўзбеклар ичиида мозохистлик кенг ривожланолмайди.

Сўнг сўз ўрнида шуларни айтмоқчиман. Миллатга, ватанга хизмат қилишни истаганлар мазохистликни қўйиб, юқорида мен санаб чиққан каби саволлар устида ўйлашлари, унга жавоб излашлари, у жавоблардан хулоса чиқариб, тўғри режалар тузишлари ва олға кетишлари керак. “Бирлик” шу йўлни аллақачон танлаб, анча олға кетиб бўлди. Биз бу йил бўладиган сайловларда иштирок этиш учун бир йилдан бери тайёрланмоқдамиз, бутун қаршиликларга қарамасдан 17 август куни Тошкентда ўтказган мажлисимиз бошқа мухолифат гуруҳларидан бирортаси қилолмайдиган иш. Тўғри йўл йўлдан кетишни истаганлар бизга қўшилишсин.

Мен бир йилча аввал ҳам мухолифатни “Бирлик” атрофида бирлашишга чақирардим, ҳозир “Бирлик”да бирлашишга чақираман. Бошқа йўл йўқ. Ҳатто ўша душман ва рақибларимиз бўлмиш Исёнкор ва Эркинюрт сайтларидаги сўровномаларда ҳам мутлақо кўпчилик “Бирлик” тарафдори бўлиб чиққанига кўз юмиш сиёсий калтафахмлик бўларди.

1989 йили парламент сайловлари арафасида кучга тўлиб турган “Бирлик” 53-54-чиларнинг хоинлиги туфайли парчаланган ва мағлубиятга учраган эди. Бизни болталаган ҳукумат, унинг қуроли КГБ бўлган бўлса, болтанинг сопини ўзимиздан чиқаришолгани ҳам маълум.

Бу йилги сайловлар арафасида “Бирлик” 1989 йилдагидек кучли эмас, аммо оёқдаги ягона мухолифат партиясидир. Ҳукумат яна болтасини кўтармоқда, яна сопини ўзимиздан чиқармоқчи. Янги потенциал 53-54-чилар пичоқларини қайрашмоқда.

Аммо овора бўладилар. Сопни юрт ташқарисида яратишга мажбур бўлаётганлари, бунинг учун у ерга сийқаси чиққан Марат Зоҳидовни юборишдан бошқа чора тополмаётганлари шундан далолат бермоқдаки, энди янги 53-54 ларни топиш осон эмас, Ўзбекистоннинг ичида эса, янги 53-54-чиларнинг ўзи йўқ.