Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
(Ҳужжатли қиссанинг давоми, боши журналнинг № 6(63), 2006, № 1(64) ва 2(65), 2007 сонларида)



16. Сайлов бўсағасида

1988 йил кузида «Бирлик» номли мухолиф Халқ Ҳаракати дунёга келди. «Бирлик» Дадахон Ҳасанов деган хофизнинг уйида тузилган бўлиб, бу тарихий тадбирда Абдураҳим Пўлат, Ёдгор Обид, Зоҳир Аълам каби сотилмас қалб эгалари ҳамда Аҳмад Аъзам (ҳозирда Каримовга садоқатли малай) ва ёзувчи Салай Мадаминовлар иштирок этган. Юз йиллардан бери таланиб хўрланиб келган, алал оқибат зулму истибдод кишанларидан қутилиб бораётган, озодликка ташна ўзбеклар «Бирлик» Халқ Ҳаракатини қучоқ очиб қарши олди, унга ишонди ва бу ҳаракат сафлари шиддат билан тўлиб, аъзолар сони кескин ўса бошлади. Айниқса, бу Ҳаракатнинг юзага келиши мен ва менга ўхшаш мухолиф фикрли кишиларнинг руҳият байрамига айланди.

Мен гарчанд «Бирлик» Халқ Ҳаракати аъзоси бўлмасамда, «Бирлик» аъзолари билан баробар демократия ғояларини элга тушунтириш, истиқлол мафкурасининг кишилар онгига сингдириш йўлида қўлдан келганча ишлар эдим. Ўша пайтлари «Бирлик»нинг варақалари чиқар, биз бу варақаларда эълон қилинган мақолаларни руҳий очлик билан қўлма-қўл қилиб ўқирдик. Айниқса, ўзига Муҳаммад Солиҳ деб тахаллус қўйиб олган Салай Мадаминовнинг мақолалари менда ҳар гал ёрқин таассуротлар қолдирар, мен уни сўзи билан иш-амали бир, фидоий, виждони пок, комил инсон, яхши шоир деб уйлаб, қаттиқ ҳурмат қилардим. «Бирлик»нинг яна бир кўзга кўринган фаоли, техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатни ҳам яхши билардим ва қаттиқ ҳурмат қилардим ва ҳозир ҳам бу лидерга нисбатан ҳурмат эҳтиромим баланд.

Ўша замонда қудратли кучга айланган «Бирлик» Халқ Ҳаракатидан Каримов ҳукумати қўрқар, ундан қутилиш йўлларини ахтарар, Ҳаракатни турли баҳоналар билан Адлия Вазирлиги рўйхатидан ўтказмас эди.

Ниҳоят, Каримов ҳукумати лавадек оқиб келаётган бу қудратли кучни икки ўзанга буриб кучсизлантиришга эришди. Яъни, «Булиб ташла, хукмронлик кил» деган гояга амал килиб «Бирлик»ни бўлди. Ундан «Эрк» партияси ажраб чиқиб, бу партияга Салай Мадаминов раҳбарлик қила бошлади.
Қизиғи шундаки, 1991 йили бу партия Каримов рухсати билан Адлия Вазирлиги рўйхатидан осонгина ўтди. Кўп ўтмай, Президентлик сайловида иштирок этиши учун Салай Мадаминовга ўз номзодини қўйишга рухсат берилди ва у номзодини қўйди. Мен бу маҳаллар «Эрк» партиясининг аъзоси сифатида, мустақил равишда Салай Мадаминовнинг сайлов олди тарғиботи билан шуғулланардим.

Ҳали ҳам эсимда, бир норасмий йиғиндаги бахсу мунозарада қайғули воқеа юз берганди. Ўзини ўша пайтдаги қандайдир диний жамоа аъзоси деб билган, 45-50 ёшлардаги пахмоқ соқол бир кимса, сўз олиб гапира бошлади:

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ассалату вассалам ала Расулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин, аммо баъд, муҳтарам жамоати муслимин.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 80-90% мусулмон, яъни, сайловчиларнинг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилган шароитда, биз президентлик сайловига бефарқ қараб туролмаймиз.

Мен икки номзоддан бирига тўхталмоқчиман. У Муҳаммад Солиҳ номзоди. Ўзига Муҳаммад Солиҳ деб тахаллус қўйган бу номзоднинг асл исми Салай фамилияси Мадаминов. Мен шахсан бу одамнинг президент бўлишига тиш тирноғим билан қаршиман! Чунки, у халқимиз ёзувини кирилл имлосидан лотин имлосига ўтказилиши тарафдоридир. Мен имломизнинг ўзгартирилишини хоҳлайман. Фақат, лотин имлосига эмас, араб имлосига қайтишимиз керак!

Негаки, бизлар араб имлосидан зарар кўрмадик. Аксинча, Имом ал Бухорий, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий ва Замахшарийлар каби бобокалонларимиз айнан араб имлосида ижод қилиб, довруғи дунёга достон бўлди. Салай Мадаминов дегани халқимиз ёзувини лотин имлосига кайтариб, Соҳибқирон Амир Темир сағанасини қўпирган, ул зотнинг руҳини безовта қилиб, бош чаноғини рус ҳайкалтароши Герасимовга бериб юборган ва Сталиннинг хуфия топшириғи билан Ўзбек халқи ёзувини лотин имлосига ўтказган ва бизни тараққиётдан 50-100 йиллик қолоқликка итқитиб ташлаган, сотқин - Қори Ниёзий жиноятини такрорламоқчи!

Биродарлар, агар лотин имлоси фойда келтирса, биздан бурун руслар, яҳудийлар, японлар, хитойлар ўтган бўлмасмиди? Нега улар уз ёзувларидан вос кечмаяптилар?! Ҳатто, грузин, арман, латиш, эстон, литвинлар ҳам ёзувларини ўзгартирганлари йўқ. Чунки, улар имло ўзгарганда миллат тентираб, узоқ йиллар тараққиётдан ортда қолишини яхши билишади. Имлони лотинга ўзгартириш ғояси миллатимиз душманларининг ўйлаб топган фитнаси! Улар миллатимиз тараққийсини истамайдилар! Узоққа бормай, Лениннинг 17 йиллардан бошланган имло интервенциясини олайлик. Улар, Революция - янги ҳаёт, коммунизм аталган умумкўрпа сиёсати баҳонасида, Туркистон халқларининг ёзувларини ўзларининг ёзувларига ўтказдилар. Улар шу тариқа сунъий саводсизликни юзага келтириб, Туркистон халқларини тараққиётдан қайтардилар. Кейинчалик тил интервенцияси бошландики, бизнинг халқлар уларнинг тилини ўрганишга мажбур қилинди. Бизникилар рус тилини ўргангунича тил эгалари, бизга қараганда 50 йилга ўздилар. Шунда ҳам уларга етиб олаётган истеъдодли халқимизни кўролмаганлар, Қори Ниёзийга ўхшаш хоинлар қўли билан 37 йиллари бизни кирилл имлосига ўтказиб, халқимизни маънавий таназзулга, қулликка дучор қилиб, юртимизни хомаше базасига айлантиришди. Қуръони Каримни нозил қилишда, Аллоҳ танлаган имлога утамиз деб турганимизда, бу гузал имлони назар-писанд килмаган Салай Мадаминов пайгамбаримиз исмларини тахаллус қилишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ. У, ўша Латин Америкасидаги исмлардан ўзига тахаллус қилсин! Бунинг устига у шоир ҳам экан. Аллоҳ, «Қуръони Аъзиму шаън»да шоирларни шайтонга тенглаб, шоирларга эргашманглар, дея марҳамат қилган. Бизлар араб имлосига қайтамиз! Салай Мадаминов сотқин! Сотқинга ўлим! Аллоҳу Акбар!...

У шундай деб гапини тугатди. Даврада унинг тарафдорлари кўп экан. Ҳар томондан «Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!» дея қичқиришди.

Мен қўл кутариб сўз сўрадим.

- Менга ҳам сўз беринглар! – дедим. Мени ҳам ўзларининг тарафдорларидан деб ўйладими, ҳайтовур шовқин босилиб гапимга қулоқ солишди.

- Азиз Ватандошлар! – дея гап бошладим мен. Манави нотиқ акамизнинг гапларига мен асло қўшилмайман. Чунки, бу одам махсус хизмат бўлимининг сайратма провокатори, милициядан ҳам ярим ставка ойлик олиб турсалар керак.

Лотин имлосига келадиган бўлсак, лотин тили ўлик тил. Яъни, уни эгаси йўқ. Лотин деган миллат йўқ, демоқчиман. Демак, бу имло биз учун беминнат ёзув бўлиб хизмат қилади ва ҳечким, ўзбеклар бизнинг имлода ёзиб саводли бўлган, дея маломат қилолмайди. Иккинчидан, бу ёзув тараққий этган Ғарб ва Европа мамлакатлари ёзувига яқин. Бу имлода ўқиган ўзбек ёшлари инглиз тилини осон ўрганади. Қолаверса, компьютер ёзувларининг ҳам аксарияти лотинча…

Бу ёзув худи, туркларга тараққиёт олиб келгандай, бизга ҳам катта фойда келтиради. Учинчидан, акамиз Салай Мадаминовни шоирлиги учун унга овоз берманглар, деябди. Шоирлар шайтон эмиш. Бекор гап, «Қуръони Карим»да Аллоҳ сақланишни буюрганда, иймонсиз, бузғунчи, ширкчи шоирларни назарда тутган. Иймон эътиқодли шоирлар бундан мустасно! Ҳусайн Байқаро ҳам, Бобур ҳам, Қўқон хони Умархон ҳам, Хоразм хони Феруз ҳам шоир бўлгани тарихдан маълум. Ҳақиқий шоирда қитмирлик, ёмонлик бўлмайди. Улар халқни сиз билан биздан кўпроқ яхши кўради. Чунки, шоирларга томдан кўра, ном зарурроқ.

Бировга ўлим эълон қилгунча, ўзингизга умр тиланг, тақсир! Яшасин, Салай Мадаминов! Яшасин, Муҳаммад Солиҳ! – дея бақириб, гапларимга якун ясадим. Лекин, минбардан тушишимни биламан, кимдир «Салайнинг малайини ур!» дея бақириб, юзимга шунақа мушт туширдики, кўзимдан ўт чиқиб кетгандай бўлди, гўё.

Кимдир бўйним аралаш орқа миямга урди. Зарбадан кўз ўнгим қоронғилашиб, йиқилаётганимда, яна биров икки елкамдан тутиб туриб, юзимга тизза қўйди. Кейин нима бўлганини билмайман. Бир маҳал ўзимга келсам, «Оталар чойхонаси»нинг сўрисида ётибман. Маслакдошларим ҳам қочворишибди.

Бош томонимда турган одам чойхоначи экан. У менга бир-икки пиёла совуқ чой ичкизди. Чойхоначига раҳмат айтиб, қўл ювадиган мослама кўзгусига қарадим. Қарасам, манглайимда тухумдай ғурра, юзларим қашқа, бўйним тилиниб лабларим карнайчиларнинг лабидай шишиб кетибди. Кастимимнинг бир енги йўқ. Худди, масхарабозга ўхшаб қолибман. Бир оёғим қайрилиб қолганми, дейман, азоб бериб оғрир, мен оғриётган оёғимни омочдай судраб, худди чўлоқ ит сингари уйга жўнадим.

Йил оёқлаб, ниҳоят сайлов куни ҳам етиб келди. Мен қишлоғимиз марказидаги сайлов участкасига ҳаммадан эрта бориб, сайловнинг ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида, «Эрк» партиясининг вакили бўлиб турдим.

Бир домла бюллетендан Каримов номини ўчираётган эди, ўша пайтда хажга бориб келган бир хожи ака, унинг ёнига бориб, - эй, уни ўчирманг, мана буни ўчиринг, мана буни! – дея ручкани худди мих ушлагандай ушлаб, бор кучи билан Салай Мадаминов номини ўчира кетди. У шу кадар қаҳр билан 5-6 бор, у ёқдан бу ёққа чиздики, бюллетен жонвор тешилиб, йиртилиб кетди. - Ё алҳазар, биз шунчалар ҳурмат қилган одамни, булар нега бунча ёмон кўришаркин, нафратланишаркин! – дея ҳайрон булиб қолганман ўшанда.

17. Домла

Мен ТошДУда сиртдан ўқиб, қишлоғимиздаги ўрта мактабда ўқувчиларга Она тили ва адабиётдан дарс бериб юрган кезларимни ўйлаб, - эҳ, қандай ёруғ ва ажойиб дамлар экан у дамлар! – дея, ҳеч ким бўлмаса ҳам ўзимга ўзим жилмайиб қўяман. &