Журнал Ҳаракат №3 (66) 2007. Андижон фожеасининг икки йиллиги
Хунрезлик чет элларда хотирланди, буёғи нима бўлади
Париж: 9 май куни Парижда “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассосиациясининг президенти Надежда Отаева раҳбарлигида Андижон воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан матбуот конференцияси ўтказилди, ундан кейин Даниялик кинорежиссер-документалист Майкл Анерсоннинг Андижон фожеасини англатувчи ҳужатли фильминг намойиш уюштирилди ва у муҳоккама қилинди.

Йиғилишга таклиф қилинган Буюкбританиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Грег Мюррей номаълум сабаб билан ва “Бирлик” Партияси Андижон вилояти ташкилотининг ҳозир Данияда яшаётган раиси Акбарали Ориф ҳужжатларидаги камчиликлар сабабли бу ерга вақтида виза ололмагани учун келишолмади.

Андижондаги қонхўрлик хотирланар экан, ўша кунги воқеаларнинг гувоҳи бўлган Нуриддин Низомиддинов ҳамманинг диққатини ўзига тортган шахс бўлди. У кинокадрларда кўрсатилган кўчаларнинг бирида 12 май куни футбол ўйнагани, эртаси куни эса, айнан шу кўчада дўстлари ҳалок бўлганини айтиб бериши йиғилганларга кучли таъсир қилди.

Берлин: 10 ва 11 май кунлари Германиянинг пойтахти Берлинда Андижонда Каримов режими хунрезлигининг 2 йиллиги муносабати билан турли акциялар ўтказилди.

10 май куни эрталаб Давлат матбуот конференциялари уйида бу санага бағишларнган матбуот конференцияси бўлди. Бу тадбирда 20 дан ортиқ журналист ва бошқа тингловчилар қатна-шишди, уларнинг ичида Германия парламентининг 2 депутати ва ҳозир Австиряда яшаётган “Бирлик” Партияси фаоли Ёдгор Обид ҳам бор эди. Ёдгор ака бу табирларнинг ташкилотчилари томонидан расман таклиф қилинган экан.

Матбуот конференциясини “Марказий Осиёдан инсон ҳуқуқлари” Ассосиациясининг вице-президенти Анвар Усмон “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият ва қочқинларнинг аҳволи” номли доклади билан бошлаб берди (Доклад матни сайтимизда алоҳида эълон қилинади). Шуни алоҳида айтиш керакка, Анвар Усмон “Бирлик” Партияси фаоли, аммо бу ерда у фақат номи зикр этилган Ассосиациянинг вакили сифатида қатнашди.

Ундан кейин маркази Венада жойлашган Халқаро Хельсинки Федерациясининг вакили чечен миллатига мансуб Лиза Мусаева, Эмнести Интер-нешнлнинг Германия бўйича раҳабри Барабара Лохбиллер, Хюман Райтс Вотчнинг Марказий Осий бўлими ходими Рейчел Денбер гапирдилар.
Сўнгра улар журналистларнинг саволларига жавоб ҳам бердилар.
Ўзбекистон ҳукумати билан яқин алоқалар ўрнатган Аденауэр Фондига яқин бўлган бир иш одами Анвар Усмоннинг бу фонд фаолияти ҳақидаги мулоҳазаларидан норозилигини билдирди, аммо, ўзбек демократи аниқ фактлар билан ўзининг ҳақлигини ҳаммага исботлаб берди.

Шу куни кечқурун Демократия Уйида Даниялик кинорежиссер-документалист Майкл Анерсоннинг Андижон воқеаларига бағишланга ҳужатли фильми намойиш қилинди ва унинг муҳокамаси уюштирилди.

Бу тадбирларга шу кунларда Аденаэур Фондининг таклифи билан қандадйдир тренинг учун Берлинга келган ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икрамов ва “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг вакили бўлган Тошпўлат Йўлдошев фонд раҳбарларининг талаби билан қатнашмадилар.

Кейин маълум бўлишича, Тошпўлат Йўлдошев Германиянинг элчихонси ходимларига ўзини “Эзгулик” жамиятининг раис ўринбосари деб танитиб, бу тренингга келган экан. Тренингга таклиф қилинган яна бир ўзбек Аъло Хўжаевни Ўзбекистон ҳукумати виза бермасдан мамлакатдан чиқармаган.

Шу куни Анвар Усмон, Ёдгор Обид, Тошпўлат Йўлдошев, Сурат Икромов бу ерга махсус Прагадан келган Озодлик радиоси мухбири Шуҳрат Бобожонов билан радио учун суҳбат ўтказдилар, ундан сўнгра Ўзбекистон демократик ташкилотларининг аҳволи ҳақида ўзора бахс қилдилар. Бу бахс чоғида ҳарорат жуда юксак бўлганини гапиришга ҳожат йўқ бўлса керак.

11 май куни эрталаб Анвар Усмон, Ёдгор Обид, Лиза Мусаева ва бу тадбирларнинг ташкилотчиси Берхард Классенни Германия Ташқи Ишлар вазирлигининг Марказий Осий бўлими мудири Вольф Шутце қабул қилди. Германия ҳукуматининг Каримов режими тарафдори сифатидаги сиёсати маълум бўлгани учун, бу учрашув қандай қизғин ўтганини тахмин қилиш қийин эмас. Аммо, учрашув қатнашчиларининг умумий келишувга бинон бу ҳақда ортиқча маълумот тарқатмасликка келишилган. Жаноб Шутце учрашувда Шуҳрат Бобажоновнинг иштирок этишини истамаган. Анвар Усмоннинг фикрича, бу учрашув Германия ҳукуматига ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозилигини билдириш нуқтаи назаридан жуда фойдали бўлган.

Шу кунларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нсбатан сиёсатини белгилашда ҳал қилувчи роль ўйнаётган мамлакат Германия бўлгани учун, бу мамлакат раҳбарларига ўзбек мухолифатининг, хусусан “Бирлик” Партиясининг позициясини етказиш жуда катта ютуқ бўлганини айтиш ортиқча бўлса керак. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Анвар Усмонов жаноб Шутцега ўзини “Бирлик” раҳбарияти вакили деб таништирди.

Москва ва Стокгольм: 12 майда Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида асосан ўзбек қочқинларидан иборат тахминан 15 киши норозилик намойиши ўтказди. Мемориал ва Фуқоровий Ҳамкорлик ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этган бу тадбирни “Ҳаракат” журналининг Россиядаги вакили Баҳром Ҳамроев ташкил қилди ва бошқарди. Намойиш жуда кўп журналистлар томонидан кузатилди. Намойишчиларнинг қўлида “Жаноб Путин! Дўстингиз Каримов - қотил”, “Андижон хунрезлиги унутилмайди”, “Диктатор Каримов йўқолсин!” каби плакатлар бор эди.

Шу каби пикет-намойиш Швеция пойтахти Стокгольмда, бу ерда Ўзбекистон элчилиги бўлмагани учун, Еврпа Иттифоқининг ваколатхонаси олдида ўтказилди. Пикетчилар қўлида Москвадаги намойишчиларники каби плакатлар бор эди. Намойишчилар ЕИ ваколатхонаси ходимига ўз баёнотларини топширдилар. Унда Европа Иттифоқидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши чоралар кўриш талаб қилинади.

ЕИ санкцияларини юмшатиброқ давом эттиради

Бугун Европа Иттифоқи кирувчи мамлакатларниннг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ўзбекистонга нисбатан эълон қилинган жазо санкцияларининг тақдирини кўриб чиқилди. У ердаа ўзаро зиддиятли қарашлар, бир-бирига мутаносиб бўлмаган фикрлар янграган бўлса-да, умумий натижада санкциялар муддатини узайтириш қарорига келинган. Ўзбекистонга қурол сотмаслик муддати 1 йилга чўзилган бўлса, баъзи ўзбек расмийларига Европа Иттифоқига кириш учун виза бермалик муддати 6 ойга чўзилган. Аммо, аввалги рўйхатдан 4 кишининг, жумладан, Мудофаа вазирининг исми олиб ташланган.

Ўтган йили 6 ноябрдаги “Бирлик” Партиясининг баёнотида ва партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг 24 ноябрдаги ЕИ Бош Комиссари Соланага ёзган мактубида Ўзбекистон билан алоқаларни нормаллаштириш, яъни санкцияларни йўқ қилиш, ёки юмшатиш Ўзбекистонда реал демократик ўзгаришларнинг бошланиши эвазига бўлиши кераклиги айтилганди. У мактубга жавоб шу йил 16 январда жаноб Солананинг маслаҳатчиси Энрика Мора номидан келганди. Унинг хатида Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон вакиллари билан учрашувларида “Бирлик” ҳам кўтараётган инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини доимо тилга олиб келаётганлари ва ЕИ бу принципиал масалаларда ҳеч қачон орқага чекинмаслиги ифода қилинган.

Кўриниб турибдики, ЕИ ўз ваъдаларини бажармоқда. Ўзбекистонда жиддий ўзгаришлар бошланмади, ЕИ ўз санкцияларини кучида қолдирди.

ЕИ Ўзбекистондан ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилишни талаб қилган

Human Rights Watch ташкилотининг 15 май куни тарқатилган баёнотида, ЕИ бир кун аввал Ўзбекистонга қарши санкциялар муддатини узайтиришдан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматидан қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини озод этишни талаб қилгани билдирилади. “Бундай талаб Европа Иттифоқи томонидан биринчи марта очиқча қилиниши, - дейди ХРВнинг Европа ва Марказий Осий бўлими раҳбари Холи Картер. - Ниҳоят ЕИ Ўзбекистон олдига энг керакли талабларни қўя бошлади. Бу талаблар санцияларнинг узатилишига мосдир”.

“Эзгулик” жамиятининг хабарига кўра, Европа Иттифоқи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовга 15 майда махсус макуб йўллаб, қамоқхонадиги ҳуқуқ ҳимоячилари - Гулбахор Тўраева, Саиджаҳон Зайнобитдинов, Мўътабар Тожибаева, Нозим Исоқов, Норбой Холжигитов, Абдусаттор Ирзаев, Ҳабибулла Оқпўлатов, Аъзам Фармонов, Алишер Караматов, Мамаражаб Назаров, Дилмурод Муҳитдинов, Расул Худайназаров, Бобомурод Мавлонов, Улуғбек Каттабековларнинг дарҳол ва шартсиз озод этилишини талаб қилган.

Хулоса ўрнида Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари

Шу йил 14 майда Европа Иттифоқининг энг юксак ижроия органи Ўзбекистонга қарши Андижондаги хунрезлик туфайли киритилган санкцияларни бир қисмини бир йилга, бошқа қисмини, озгина юмшатиб 6 ойга узайтирди.

Баъзи мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу қарорни олқишладилар. Аммо, масала улар ўйлаётганидан мураккаброқдир.

Санкциялар 1,5 йилдан бери жорийда эди. Улар Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеаларига очиқлик киритувчи қадамлар қилишга ва бир оз бўлса ҳам демократия тарафига бурилишга хизмат қилдими? Йўқ, Келажакада улардан бирон натижа кутиш мумкинми? Кўринишидан - йўқ.
Демак, санкциялар амалий натижага эришиш нуқтаи назаридан мутлақо фойдасиз бўлди.

Тўғри, Европа Иттифоқи ўзининг демократик принципларига содиқ эканлиги ва Ўзбекистоннинг бугунги режими Ғарб дунёси тарафидан маданий бир ҳукумат сифатида тан олинмаслигини, демак, уни тенг ҳуқуқли партнер сифатида қабул қилмаслигини намойиш қилди. Бироқ Каримов ҳукумати маданийликка даъво ҳам қилаётгани йўқ, шундай экан, бу нуқтаи назардан ҳам санкцияларнинг самараси сал кам йўқ каби.

Аслида, ЕИнинг 14 май қарори ўзбек демок-ратик мухолифатига аниқ бир сигнал берди: Ўзбекистон режими Ғарбнинг босими остида ҳам ҳеч бир шаклда демократик ислоҳотлар қилмоқчи эмас, ЕИ буни тушуниб етгани сабабли, Ўзбекистонга қарши санкцияларни узатишдан бошқа чора тополмади.

“Бирлик” Партияси воқеаларнинг шу йўналишда кетишига тайёр эди. Биз бундан ҳам аввал айтгандик: Демократик ўзгаришларни биз ўзимиз қилишимиз керак. Ғарбнинг ёрдами биз учун жуда муҳим, аммо, у ёрдам халос. Асосий вазифаларни ўзимиз бажарамиз.

Шундан келиб чиқиб, “Бирлик” урғуни аввал бўлгани каби юрт ичкарисидаги фаолиятига беради.

Бу йил Ўзбекистонда президент сайлови бўлади. Юрт ичида бу кунда “Бирлик”дан бошқа фаолият олиб бораётган мухолифат гуруҳлари бўлмагани сабабли, бу сайловда қатнашиш учун ҳаракат қиладиган ҳам фақат биз бўламиз. Шу кунларда президент сайловида иштирок этиш учун тайёргарликларимиз давом этмоқда.

Юқорида айтганимдек, бизга Ғарбнинг ёрдами керак. Биз буни доим айтиб келганмиз. Хусусан, “Бирлик”нинг Андижон воқеаларининг бир йилиги муносабати билан эълон қилган 2006 йил 12 май баёнотида ва 2006 йил 6 ноябрдаги Европа Иттифоқига мурожаатида Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказиш билан биргаликда мамлакати-миздаги про-демократик кучларга ёрдам бериш муҳимлиги алоҳида таъкидланган. Аммо, шу пайтгача Ғарб тарафидан бизнинг бу чақириқларимизга адекват жавоб бўлмагани реаллик эканлигини тан олиш керак.

Шундай шароитда “Бирлик” Партияси ЕИ ва АҚШнинг тегишли доиралари билан мулоқотларида уларнинг эътиборини сиёсий мухолифатнинг аҳволига жалб этиш билан биринчи навбатда шуғулланади. Шу кунгача Ғарб Ўзбекистонда инсон ҳуқулари масаласига асосий эътиборини қаратмоқда. Биз уларга тушунтиришмиз керакки, сиёсий мухолифат оёққа туролмас экан, инсон ҳуқуқлари масаласида ўзгариш бўлмайди.

Биз Ғарб мамлакатлари вакиллари билан учрашувларда ўз истак ва талабларимизни тўғри ифодалай билишимиз катта аҳамиятга эга. Ҳозирча бизнинг истак ва талабларимиз жуда умумий шаклда бўлмоқда. Уларни конкретлаштириш ва конкрет таклифлар билан чиқиш жуда муҳимдир.

Ҳозир биз ҳамма ерда мухолифат партияларининг Ўзбекистон ҳукумати тарафидан тан олиниши ва уларнинг бу йилги президент сайловида иштироки масаласини биринчи планга олиб чиқишимиз шарт. Ғарб давлатлари бу масалани расмий доираларда кўтарсалар, Ўзбекистон ҳукуматига психолигик босим, мухолифат учун эса жиддий маънавий дастак бўларди.

"Бирлик" ва унинг ҳамкорлари бу йўналишда конкрет ишлар бошлаб юборишган. Вакилларимиз ЕИ ва бу йил унга раҳбарлик қиладиган Германия давлатининг ижроия органлари билан айтилган масала бўйича иш олиб бормоқдалар.

Агар бошқа мухолифат партиялари ва гуруҳлари бу масалага фақат ўз манфаатлари эмас, мамлакат ва миллат манфаатлари нуқтаи назаридан ёндошсалар ва бугун биринчи навбатда “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласини ҳамма ерда кўтарсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, бу партия рўйхатдан ўтиш жараёнини бошқаларга нисбатан илгарироқ нуқтага олиб борди ва урғуни унга бериш энг рационал қадам бўлган бўларди.

Мен юрт ташқарисидаги ҳамма демократ сафдошларимизга мурожаат қилиб, бизнинг шу йўналишдаги қадамларимизни қўллаб-қувватлашни сўрайман. Ўйлайманки, айнан шу масала атрофидаги жараёнлар юрт ташқарисидаги мухолифатчиларни аморфликдан чиқаради ва уларни структуралаштиради. Структуралашиш, бошқаси йўқ бўлгани сабабли, “Бирлик” платформасида бўлади. Ҳозирча, баъзи чуқур ўйламайдиган мухолифатчилар структуралашишни шахсий муносабатлар асосида қилишмоқчи. Бу объектив ўлароқ мағлубиятга маҳкум бўлган интилишдир. Уларни реалист бўлишга чақираман.

Абдураҳим Пўлат
“Бирлик” Партияси раиси
21 май 2007 йил