Журнал Ҳаракат №2 (65) 2007. Инсон ҳуқуқлари
Самарқандда демократияга қарши провокация (давоми)
Таҳриятдан: Журналнинг аввалги сонида эълон қилинган мақоланинг биринчи қисмидан маълумки, шу йил 14 февралда Самарқандда “Эзгулик” жамиятининг фаолари ва жамиятнинг раҳбари Васила Иноятга қарши бир гуруҳ провокаторлар тарафида ҳужум уюштирилганди. Жамиятнинг вилоят бўлими мажлис ўтказаётган хонанинг эшикларини бузиб у ерга бостириб кирган гуруҳга “Эрк”нинг 53-54 лақабли Салой Мадаминов фракцияси Марказий Кенгашининг аъзоси Нуриддин Комилов ва Шавкат Абдуллаев (Марат Зоҳидовнинг ташкилотидан) бошичилик қилгани ҳаммани ҳайрон қолдирди.

Ҳукумат томонидан уюштирилганлигига шубҳа бўлмаган бу ҳужумнинг иштирокчилари (уларнинг ичида 4-5 аёл ҳам бор) дастрўмолларга ўралган тош, тухум ва ҳар хил ранг берувчи кукунлар отиб, Василани уларнинг қўлига беришсагина, бу ердан чиқиб кетишларини айтишган. Улар офис эшигини бузиш ва қўлларидаги нарсаларни отиш билан чегараланмасдан офиснинг деразаларини ҳам синдиришган, пала-партиш қуйидаги сўзларни айтиб бақиришган: "Андижондаги воқеаларани Васила Ионятова билан унинг Америкадаги ҳомийси Абдураҳим Пўлатов уюштиришган. Энди бу террорист аёл Самарқандда ҳам шу каби ҳодисалар чиқариш учун бу ерга келган. Мақсадимиз уни Самарқанддан чиқариб юбориш. Президентимиз ҳаммани хушёрликка чақирмоқда, биз шунинг учун бу ерга келдик" ва ҳоказолар.

Ҳужумга учраган “эзгуликчи” ҳуқуқ ҳимоячиларининг совуққонлиги, ўзлари калтак есалар ҳам провокацияни янада оловланишига йўл қўймаганлари - Ўзбекистон демократиясининг етуклигини кўрсатувчи яна бир муҳим ўрнак бўлди.

Бундай воқеа такрорланмаслиги учун ўзбек демократлари унга ўз муносабабтларини очиқ билдиришлари жуда муҳим эди. Амалад шундай бўлди ҳам. Ўзбекистондаги асосий демократ ташкилотларнинг вакиллари Самарқанддаги провокацияни қораладилар. Уларнинг фикр-мулоҳазалари журналнинг аввалги сонида эълон қилинган.

Бу ерда яна бир қатор демократларнинг Самарқанддаги воқеага бўлган муносабатларини кўрсатувчи материаллар билан танишасиз.

* * * * *

Ёдгор Турлибеков: Провокацияга нафақат изоҳ, балки жавоб берилиши керак

Бундан икки ҳафта илгари Самарқандда таниқли мухолифатчи Васила Иноятга нисбатан уюштирилган провoкация, унга айнан ўзимизнинг ичимиздан чиққан кимсаларнинг бошчилик қилиши менга руҳан ёмон таъсир қилди. Васила оммавий ахборот воситалари учун ўтказган конференцияда ўзим қатнашдим. Ҳодисанинг ўта хунук, жирканч эканига амин бўлдим. Режим панжаралари ортида ўтказган дамларимни эсладим. Баъзи журъатсиз, иродасиз сафдошларимнинг оғир дамларда менга далда бўла олмагани лип этиб, хаёлимдан ўтди.

Самарқанддаги ҳужум эса ўзбек мухолифатининг аҳволи ҳали абгор эканани кўрсатди. Провокаторларнинг ўзимиздан чиққани, уларнинг лидерлари бу ҳодисага муносабатини билдиришдан бўйин товлаб келаётгани мени таажжубга солмоқда. Сукут аломати ризо, деган нақл мазмунидан қарасак, Нуриддин Комилов-нинг йўлбошчиси Муҳаммад Солиҳ ҳам, Шавкат Абдуллаевнинг етакчиси Марат Зоҳидов ҳам бу ҳодисадан хафа эмас. Акс ҳолда айнан ҳодиса содир бўлган куниёқ улар бу провакацияга нафа-қат изоҳ бериши, балки жавоб бериши керак эди.

Албатта, ҳукумат ўз ишини қилмоқда. Ўзининг кирдикорларини фош этишга уринаётган, халқимизнинг эрки ва озодлиги учун курашаётган ҳуқуқ ҳимоячиларини турли йўллар билан жазолашга уринмоқда. Бироқ бу борада қуртнинг ўз танамиздан чиқаётгани аянчли. Демак, мухолифат танасининг бир қисми чириб бўлган. Уни даволаш керак, акс ҳолда кесиб ташлабгина йўлимизда давом этишимиз керак.

Ёдгор Турлибеков,
Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари
28 февраль 2007 йил

Самарқанддаги провокациядан манфаатдор “Эрк”нинг собиқ раҳбариятидир
(“Эрк” партияси раиси Самад Муроднинг Баёноти, 12 март 2007 йил)


“Эрк” демократик партияси шу йил 14 февралда Самарқандда “Эзгулик” раиси ва бошқа фаолларига қарши уюштирилган провокацион ҳужумни қоралайди, унинг иштирокчилари ва ташкилотчиларини маънавий жавобгарликка тортиш лозим деб ҳисоблайди.

Самарқандда нима бўлганини яхшироқ англаб етиш, бу каби воқеаларнинг қайтарилмаслигини таъминлаш Ўзбекистонда демократия учун олиб борилаётган курашнинг аввалги саҳифаларига бир назар солишни тақазо қилади.

Маълумки, “Эрк” демократик партияси тузилишиданоқ, унинг асосий кучи Қашқадарёда эди. Масалан, партияни рўйхатдан ўтказиш босқичида унинг аъзоларини 75 фоизидан кўпроғи шу вилоятдан бўлган. 1993 йили чет элга чиқиб кетган партия раисимиз у ерда тўғридан тўғри террор ишларига қўл уриб, ўзбек демократиясини ёмонотлиққа чиқаргандан кейин ва айниқса, у демократик ташкилотлар четда қолиб, қуролли исломий ҳаракатлар билан ҳамкорлик қилгани маълум бўлгач, Ўзбекистонда партиямиз йўқ бўлиб кетиш остонасига келди, бизнинг вилоят ташқарисида ҳеч бир ерда партия ташкилоти қолмади ҳисоб. 2001-03 йиллари биз партияни сақлаб қолиш учун Салой Мадаминов ва унинг топшириқларинигина бажаришга ўрганган Отаназар Ориповни партиядан четлаштириш учун ҳаракат бошладик.

Ўша пайтда бу икки кишининг кимлигини, уларнинг қилаётган ишларини янада чуқурроқ тушуниб етишда Ўзбекистон Демократик Форумининг раҳбари, “Бирлик” фаоли Исмоил Дадажоновнинг роли катта бўлди. У ўша кезларида АҚШ бўлиб “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат билан учрашгани, бу икки партия биргаликда ҳаракат қилсагина мухолифат катта кучга эга бўлишини, “Бирлик” раисининг бу йўналишда аниқ режалари бор бўлса ҳам, Салой Мадаминов бирлалшиш ҳаракатларини ҳар доим бузиб келаётгани ҳақидаги бизга маълум бўлмаган баъзи воқеаларни фактлар билан айтиб берди. Булар ниҳоий қарор олишимиз учун сўнг томчи бўлди дейиш мукин.

Биз “Эрк” партиясидаги кўпчиликни ўз орқамиздан олиб кетишга қурбимиз етди. 2003 йилдаги партия қурултойида биз тўла ғалаба қозондик. Салой Мадаминов ва Отаназар Ориповнинг атрофидаги кичик гуруҳ ҳам “Эрк” номи остидаги фракция сифатида фаолиятларини давом эттиришга интилдилар, бироқ, кўп ўтмай яна парчаланиб кетдилар.

Шундан кейин ўша фракциянинг асосий кучи Самарқанд бўлиб қолди. Бунинг бирдан бир сабаби – “Бирлик” Партияси Самарқанд вилоятининг раиси, “Эзгулик”нинг вилоятдаги раҳбари Холиқназар Ғаниевнинг энг яхши ниятлар билан, ва балки, Отаназар Ориповга бўлган дўстлик муносабатлари ҳурмати, “Эрк”нинг ўша фракциясини қўллаб-қувватлашга кўп куч сарфлаши бўлди. “Эзгулик” расмий рўйхатдан ўтган ташкилот эканлиги ҳам муҳим роль ўйнади. Биз Холиқназар аканинг олижаноблик кўрсатиш учунгина қилган бу ҳаракатларини тўғри баҳолаймиз ва у ҳаракатларни қоралаш ниятимиз йўқ.

Аммо, яқинда Холиқназар Ғаниев “Эзгулик” раислигидан кетгач, асосий таянчини йўқотган “Эрк”нинг ўша фракцияси Самарқанд бўлими бошқа вилоятлардаги каби йўқ бўлиш остонасига келди. Ана шундай бир аҳволда, бу фракциянинг кўзга кўринган фаоли, Салой Мадаминов ва Отаназар Ориповнинг энг яқин одамларидан бири бўлмиш Нуриддин Комилов аламзадалик ва реванш олиш руҳи билан “Эзгулик” фаолларига ҳужум уюштирганларига ҳеч қандай шубҳа йўқ. “Эрк”нинг бу фракцияси ҳеч бўлмаса Самарқанддаги сўнгги таянч нуқтасини сақлаб қолишга шу йўл билан интилган.

Кўриниб турибдики, бу ҳужумни уюштирганлар ҳукумат билан бир йўналишда ҳаракат этмоқдалар. Шаҳарнинг марказида расмий бир офиснинг эшигини бузиб киришга фақат ҳукуматга орқа қилган одамлари журъат этоладилар. Уларнинг ичида кимлиги маълум Марат Зоҳидовнинг одамлари борлиги, у фракциянинг ўзи эса шу пайтгача расмий жавоб беришга кучи етмаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Биз ҳужум иштирокчилари, ташкилотчилари ва раҳнамоларини кескин қоралар эканмиз, бошқа демократик ташкилотларни ҳам шундай қилишга чақирамиз ва мухолифатни бирлаштириш масаласи яна ҳам актуаллашиб бораётганини алоҳида урғулаймиз.

18 март: Самарқанддаги 14 февраль провокацияларидаги МХХнинг қўли

23 февралдаги хабаримизда айтилганидек, Ўзбекистон ҳукуматининг «Press-uz.info» номли сайти 14 февралда Самарқандда “Эзгулик” фаолларига қарши уюштирилган провокацион ҳужумни давом эттириб, “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлим бошлиғи Абдухолиқ Эшқуватов номидан Васила Иноятга янги бўҳтонлар ёғдирганди. Сайтда Абдухолиқ Эшқуватов гўёки жамият фаоллари орасидаги ўзаро нифоқ ва Васила Иноятованинг террорчиларни қўллаб-қувватлашга мойил эканлигидан хабардор эканлигини билдиргани урғуланганди.

“Бирлик” партияси раисининг ўринбосари, “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд бўлими собиқ раиси Холиқназар Ғаниев шу кунларда Абдухолиқ Эшқуватов билан учрашиб қизиқ фактларга дуч келди. Маълум бўлишича, Абдухолиқ Эшқуватов “Эзгулик” жамиятининг Иштихон тумани бўлими раҳбари сифатида 14 февралдаги мажлисда қатнашган ва у ерда провокаторларга қарши турган. Аммо, шундан кейин унинг ўзига қарши тазйиқлар кучайган. Хусусан, 20 февраль куни уни туман халқ таълими бўлимига чақиришган (у Иштихон туманининг Чайжавул қишлоғидаги ўрта мактабда ўқитувчи) ва у шу ерда ўзларини МХХ ходимлари Салоҳиддин Нажмиддинов ва Зуҳриддин деб таништирган одамлар билан “суҳбатлаштирилган”. МХХчилар ўз телефонларини ҳам беришибди – 406-20-07 (юрт ташқарисидан телефон қилиш учун – 998-66-406-2007).

“Суҳбат” асносида улар Абдухолиқ Эшқуватовдан бир варақнинг икки бетига тўлдириб рус тилида ёзилган қандайдир мақолага қўл қўйиб беришни талаб қилишган. У аввалига “Мен рус тилини билмайман” деган баҳона билан мақола тагига имзо чекишдан бош тортган, сўнгра мақоланинг охирроғида Холиқназар аканинг номи ҳам борлигини кўрсатиб, «Ғаниев у йиғилишда йўқ эди, нега уни қўшдиларинг”, деб туриб олган. Аммо, 4 соатча давом этган "суҳбат" ва дўқ-пўписалар натижасида у имзо чекишга мажбур бўлган.

Абдухолиқ Эшқуватовнинг принципсиз-лигини оқламаган ҳолда, МХХнинг қабиҳ иш усуллари ҳали ҳам давом этаётгани, бу ташкилот ҳали кўп нарсаларга қодир эканлигини тан олиш керак, дейди мухбиримиз.

29 март: Эркчи 53-54-чи Нуриддин Комилов ва партиясининг ҳақиқий портрети/башараси

Шу йил 14 февралда Самарқандда “Эзгулик”нинг офисига “Эрк” партияси 53-54-чилар фракцияси Марказий Кенгашининг аъзоси Нуриддин Комилов ва Марат Зоҳидовнинг одами Шавкат Абдуллаевлар раҳбарлигида уюштирилган провокацион ҳужумнинг моҳиятини тушунишга интилиш жараёни ҳали ҳам кун тартибидан тушмади ва кўринишидан тушмайди ҳам. Чунки, бўлган воқеа жуда жиддийдир.

Шаҳарнинг марказида, ҳокимият идораларининг ёнида, гўёки ўзлари бу ҳокимиятнинг тазйиқлари остида яшаётган Нуриддин Комилов ва Шавкат Абдуллаев каби шахслар расмий бир ташкилотнинг эшигини бузиб кириш, унинг ичидаги ашёларни синдириш, одамларга жисмоний ҳужум қилиш каби тажавузкор ҳаракатлар уларнинг ўзларини нимага олиб келишини тушунмасликлари мумкин эмасди. Қолаверса, воқеадан кейин 1,5 ой вақт ўтди, расмий мурожаатларга қарамасдан, ҳукуматнинг кераклиги органлари ҳеч нарса қилмадилар.

Ҳақиқий демократлар ҳеч бир ноқонуний иш қилмаслар ҳам ҳокимиятнинг қатағонларига учрамоқдалар, калтакланмоқдалар, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмоқдалар, қамалмоқдалар, юртни тарк этишга мажбур бўлмоқдалар. Самарқандда демократларга ҳужум қилган “демократларга” нисбатан эса, ҳеч нарса қилинмаяпти. Нимага? Бу савол жавобсиз қолмоқда.

Айтилганлардан келиб чиқиб, Самарқанддаги провокацияни ташкил қилган ва бошқарганларнинг кимлигини тушуниб етиш жуда муҳимдир. Қизиғи шундаки, “Эрк” партиясиниг бу фракцияси Самарқанддаги воқеага расмий муносабатини билдирмади. Фракциянинг одамлари норасмий шаклда Нуриддин Комиловнинг ўзларига алоқаси йўқлиги ҳақида гап-сўзлар тарқатиш билан чекланмоқдалар. Уларнинг баъзилари “Эрк” бўлинганда Нуриддин Комилов Самад Мурод тарафига ўтиб кетган эди десалар, бошқалари Ойгул Маматованинг гуруҳига ўтиб кетган эди демоқдалар. Хўш, бу 53-54-чиларнинг фракцияси нима учун бу масалага расман очиқлик киритмаяпти? Агар Нуриддин Комилов уларнинг одами бўлмаса, буни очиқ эълон этиш ва ўзларини бу ифлосликдан оқлаш осон ишку.

Шу кунларда “Бирлик” Партияси Фарғона ташкилоти фаоллари бошқа маҳаллий демократлар билан биргаликда йиғилишиб, Самарқанддаги провокацияни қораловчи баёнот қабул қилдилар ва ўзини “Эрк” партиясининг Отаназар Орипов гуруҳи Марказий Кенгаши аъзоси эканлигини айтиб юрадиган Қўқонлик Муҳаммаджон Халиловдан изоҳ талаб қилдилар.

У аввалига Комиловнинг ўз фракцияларига алоқаси йўқлигини, фракция Марказий Кенгаши аъзоси эмаслигини гапирди, аммо, “Эрк” партиясининг сўнгги қурултойидаги баъзи бир воқеалар эслатилгандан кейин, ўзи у қурултойда бўлмагани, Қурултойда сиртдан Марказий Кенгаш аъзолигига сайланганини тан олишга мажбур бўлди. Комилов бу фракция Марказий Кенгашига аъзоси эмаслигини Муҳаммаджонга Бош котиблари Отаназар Орифов айтган эмиш. Айтиш керакки, бу партиянинг ҳеч қандай ҳужжатларии эълон қилинмайди, шунинг учун, бирон нарсани аниқлаштириш ҳам қийин. Бу гўёки демократик эмас, “Ҳизб-ут-Таҳрир” каби яширин ташкилотдир.

Фарғоналик демократлар Муҳаммаджон Халиловга талаб қўйишди: “Агар бундан кейин ҳам биз билан бирга бўлишни истасангиз, “Эрк”нинг бу фракцияси вилоят ташкилоти номидан Самарқанддаги провокацияни қораловчи баёнот тарқатинг”. Мана Муҳаммаджон Халиловнинг жавоби: “Водийда ташкилотимиз умуман қолмади. Марказ билан алоқа қилайлик десам, у ерда ҳам Отаназардан бошқа одам йўқ. Шу сабабли баёнот ҳам қабул қилолмаймиз, аммо мен ўзим шахс сифатида у провокацияни қоралайман”.

* * *

Кўриниб турибдики, “Эрк”нинг 53-54-чилар фракцияси ташкилот сифатида ўлиб бўлган. Шундай бўлса ҳам, бу масалага нуқта қўйиш мақсадида мухибирмизнинг ўзи керакли маълумотларни тўплади ва қуйидагиларни аниқлади (бу маълумотларнинг асосли эканлигига Сайт маъмурияти ҳам жавобгар).

“Эрк” партиясининг 2003 йил 22 октябрь куни ўтказилган Қурултойида (қурултой ҳақида тафсилотли маълумотлар билан “Ҳаракат” журналининг 2003 йил 5-сонида танишиш мумкин) Нуриддин Комилов иштирок этган, бундан ҳам қизиғи, бутун қурултойни Салой Мадаминов тарафидан шахсан Комиловга олиб берилган видеокамера билан фильмга олган. Қурултойда бўлиниш рўй берганда, Отаназар Орифов гуруҳи билан мажлис залини тарк этиб, кичик бир хонада тахминан 20 киши иштирокидаги ўтказилган 53-54-чилар гуруҳининг “қурултой” номли мажлисида қатнашган, уни ҳам тўла фильмга олган, шу ерда Марказий Кенгашга сайланган. Бир неча ойдан кейин бу Марказий Кенгаш ҳам иккига (Отаназар Орипов ва Ойгул Маматова гуруҳларига) бўлинганда, Отаназар Орифов билан бирга қолган.

Нуриддин Комилов бу фракциянинг раҳбари Салой Мадаминов ва Отаназар Орифовларнинг энг ишонган кишиларидан. Бир неча марта юрт ташқарисига чиқиб, шахсан 53-54 лақабли партия раиси билан учрашган ва унинг топшириқларини келтирган. 53-54 нинг оилавий топшириқларини ҳам бажариб юрадиган дараджада яқин кишиси. “Эрк”нинг қурултойи фильмга олинган видеокамера унга 53-54 тарафидан партия ишларига ҳам ишлатиш шарти билан олиб берилган.

Самарқанддаги демократларга қарши провокация 53-54 тарафидан Отаназар Орипов орқали берилган топшириқ асосида уюштирилган. Мақсад – бу фракциянинг охирги қалъаси бўлмиш Самарқанд вилоят ташкилотини сақлаб қолиш бўлган. Чунки, Салой Мадаминов ва Отаназар Орифов бу вилоятда “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг кучайишни ўз ҳалокатларининг сабаби деб баҳолашган. Нуриддин Комилов бундай операция ўтказишдан олдин, ҳукуматнинг тегишли органлари билан келишган. Ҳукумат бундай “операциядан” манфаатдор бўлгани учун унга қарши ҳеч нарса қилмаслик борасида кафолат берган.

Васила Иноят ва бошқа эзгуликчиларнинг совуққонлиги туфайли ҳеч нарсага эришолмаган 53-54-чилар, бу воқеа халқаро миқёсда шов-шув айланиб кетгандан кейин, ўзларини оқлаш учун Нуриддин Комиловни қоғоздагина қораловчи бир баёнот эълон қилишни ҳам режалаштиришган.

Аммо, Комиловнинг “Сизларнинг топшириғингизни бажариб, ёмон отлиққа чиқиб қолавераманми? Шундай қилсангиз, партия қурултойининг видеофильмини кўпайтириб тарқатаман, унинг бир нусҳасини авваламбор Самад Муродга бераман” дея таҳдид қилган. Видеофильм тарқалиб кетса, партия бўлинишида кўпчилик Салой Мадаминовни эмас, Самад Муродни танлагани ўртага чиқиши ва ўзлари шарманда бўлишларини тушунган 53-54-чилар икки ўт орасида ёниб қолишган, баёнот тарқатмасликка мажбур бўлишган.

Аммо, бу уларнинг ифлослигини оқлолмайди.