Кириш сўзи
Журналимизнинг бу сони аввалгиларидан бир оз фарқли. Бундай қилишимизнинг сабаби бор.

Дунё Ўзбекистондаги мавжуд аҳволни жуда яхши билади. Мамлакатимзда диктатура ҳукмрон эканлиги билан ҳозир бировни ҳайрон қолдириб бўлмаса керак.

Аммо, ўзбек демократик мухолифатининг ҳақиқий аҳволи, тўғрироғи бугунги кучи ва потенциал имкониятларини биладиганлар жуда кўп эмас. Ваҳоланки, мавжуд шартлар остида ўзбек мухолифати демократик дунёнинг ёрдамига муҳтож, демак, у ўзини дунёга танитабилиши шарт.

Бу ерда масаланинг энг камида қуйидаги уч жиҳати жуда муҳим бўлиб, ҳамманинг диққат эътиборини уларга қаратиш лозимлигига шубҳа ҳам йўқ бўлса керак.

Биринчиси, мухолифатнинг объектив кучи.

Иккинчиси, унинг мавжуд тузум қаршисидаги имкониятлари.

Учинчиси, тарихий-географик нуқтаи назардан биз каби бўлган мамлакатлардаги мухолифат ташкилотлар билан солиштиргандаги аҳволимиз.

1. Мухолифатнинг кучини унинг қилаётган ишлари билан ўлчаш кераклиги табиий нарса. Мухолифат, хусусан. унинг асосини ташкил этмиш “Бирлик” Партияси мамлакат бўйлаб ўз структурасини яратиш ва уни мустаҳкамлаш учун қилаётган ишлари, партияни Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтказиш учун олиб бораётган фаолияти, 2004 йилда парламент сайловларида иштирок этиш учун олиб борган кураши ва келаётган президент сайловида иштирок этиш учун қилаётган ҳозирликлари, 1995 йилдан бери Ўзбекистонда ҳукуматдан мустақил бўлган ягона нашр - “Ҳаракат” журналини узлуксиз чиқариб келаётгани ва бошқа шу каби фаолиятлари унинг кучини кўрсатувчи омиллардир.

2. Партиянинг кучи хусусида гапирганда, Ўзбекистонда демократ руҳдаги ташкилотлар қандай шароитда ишлаётганларини инобатга олиш муҳимдир. Маълумки, мамлакатимиз дунё тарафидан баъзи ҳолларда авторитар, баъзи ҳолларда диктаторлик деб таърифланади. Ҳукумат ҳеч бир шаклда ўзгача фикр эгаларига тоқатли бўлиш, улар билан мулоқат қилишни ўйламайди ва истамайди. Инсон ҳуқуқларини поймол қилиш оммавий тус олган, ҳатто БМТ каби расмий ташкилот Ўзбекистонда қийноқлар систематик равишда қўлланишини эътироф этган. Мамлакатимизда ошкоролик ва ҳукуматдан мустақил оммавий ахборот воситалари йўқлиги ҳам очиқ факт. Ўзбек мухолифати шу шартлар остида яшамоқда.

3. Ўзбек мухолифатининг кучини тўғри баҳолаш учун аҳволимизни тарихий-географик нуқтаи назардан бизга яқин бўлган мамлакатларники билан солиштириш ўринлидир.

Озарбайжонда бир маҳаллар ҳокимиятда ҳам бўлган мухолифат бор. У ерда бизда каби мудҳиш диктатура йўқ. Аммо шундай бўлса ҳам озарий мухолифатчилар ҳалигача катта муваффақиятларга эришолмаяптилар.

Горбачевнинг қайта қуриш йиллари тузилган Қозоғистон “Азат” ҳаракати, Қирғизистон халқ ҳаракати, Тожикистондаги “Ростахез” ва Туркманистондаги “Ағзибирлик” ҳаракатлари ўз мамлакатларининг сиёсий майдонида етарлича из қолдирмасдан йўқ бўлиб кетдилар.

Унутмайликки, қўшниларимиз хафа бўлишмас, бугунги қозоқ ва қиргиз мухолифати – номенклатура мухолифатидир. Ҳокимият учун курашда номенклатуранинг бир қисми иккинчисига қарши демократик шиорлар остида курашга чиқди. Бунинг ёмон жойи йўқ. Минг афсуски, Ўзбекистонда бундай эмас. Чунки демократия шиорларини кўтарган номенлатура ҳокимиятга келса, ваъдаларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини бажарарди.

Аммо, Ўзбекистонда яратилган “Бирлик” ҳаракати (у ҳозир шу номдаги партияга айланган) юқорида санаб ўтилган мамлакатлардан бир неча бор оғир шароитда ҳам оёқда қололди ва демократия мужадаласини ҳозир ҳам давом эттирмоқда.

* * *

Санаб ўтилган омилларни ҳисобга олсакгина, ўзбек мухолифатнинг кучи ва аҳволини тўғри баҳолай оламиз.

Булар ҳусусида мухолифатнинг ўзбекча сайтларида, Ўзбекистонда ягона мустақил нашр бўлмиш “Ҳаракат” журналида етарлича ёзилди. Лекин уларни кенг дунёга маълум қилиш учун мавзу инглиз ва рус тилларида ҳам қаламга олиниши керак эди.

Шу бўшлиқни тўлатиш мақсадида, яқинда “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат рус тилида икки қисмдан иборат “Ўзбек мухолифатида принцип ўлароқ бирлик йўқ, аммо у барибир кучли (1-қисм: Мухолифатнинг тарқоқлиги ва 2-қисм: Мухолифатнинг кучи) номли мақола ёзди. Жорий йилнинг июль ойида АҚШнинг Хельсинки Комиссиясида қилган “Мухолифат тарқоқ, лекин ҳаракатда, Ғарб эса ёрдамга шошилмаяпти” номли нутқида ҳам у ўша айтилган бўшлиқни тўлатишга уринди. Кейинчалик мақола инглиз тилига, нутқ эса рус тилига таржима этилиб, уларнинг русча вариантлари журналимизнинг охирги сонларида (№ 3 (60) ва № 4 (61), 2006) эълон қилинди.

Мухолифат лидерининг турли йўллар билан Ғарбда тор доираларда тарқатилган бу мақоласи ва нутқи мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Маълум бўлдики, уларни кенгроқ тарқатиш демократик дунёнинг ўзбек мухолифатига бўлган эътиборини янада кучайтиради.

Айтилганлардан келиб чиқиб, журналнинг қўлингиздаги сонида Абдураҳим Пўлатнинг ўша мақола ва нутқининг инглизча вариантларини чоп этишга қарор қилдик. Шу сабабли журналнинг ушбу сони чет элда ҳам кенг тарқатилади.