Журнал Ҳаракат №2 (59) 2006. Кечагина ўтган кунларимиз
«Ҳаракат» ахборот агентлигининг янгиликлар тасмасидан - 2
Манба: www.harakat.net
Март-апрель, 2006 йил

(Давоми. Бошланиши бундан авалги мақолада)

4 апрель: “Дунё Деморатик Ҳаракати” йиғилишида ўзбeк мухолифатининг вакиллари

Шу кунларда Истанбул шаҳрида АҚШнинг Миллий Демократик Фонди “Дунё Деморатик Харакати” номли анжуманнинг 4-чи йиғилишини ўтказмоқда. Йиғилишнинг очилиш куни (2 апрелда) бу ерда Туркия Бош вазири Тoйиб Эрдоғон чиқиш қилди. Бугун эса, анжуманнинг навбатдаги мажлисида чиқиш қилган “Бирлик” Партиясининг раис ўринбосари Пўлат Охун Ўзбекистондаги аҳвол, жумладан Андижoндаги ҳукуматнинг қонхўрлиги хусусида тафсилий маълумотлар берди. Эртага “Эзгулик” жaмиятининг раиси Васила Иноят доклад қилади.

Пўлат Охун ва Васила Иноятлар анжумоннинг расмий иштирокчиларидир. Шу кунларда бу ерга улар билан учрашиш учун “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат ва партия фаолларидан, Германияда сиёсий қочқин сифатида яшаётган Анвар Усмон келганлар. Улар хам анжманнинг баъзи йиғилишларида қатнашдилар. Бугун “бирлик”чилар Европа Кенгашидаги Туркия ҳайъатининг раиси, Туркия парламенти аъзоси Мурат Мержaн билан учрашдилар.

Абдураҳим Пўлат бу анжманга алоқаси бўлмаган шаклда Туркиянинг бир қатор сиёсат арбоблари билан хам учрашувлар ўтказмоқда.
Истанбулдаги йиғилишда Ўзбекистандан яна 3 киши қатнашмоқда: Тамара Чикунова (“Оналар ўлим ҳукмига қарши” жaмиятининг раиси), Инера Сафаргалиева (мустақил журналист), Муборак Тошпўлатова (фуқароларнинг хуқуқий билимлари бўйича мутахассис).

Сўмга нисбатан айрим валюталар курси (4 апрель, сешанба маълумоти)

Расмий курс (Ўзбекистон Марказий банки бахоси): 1 АҚШ доллари ($) = 1212,51 сўм; 1 евро = 1461,56 сўм; 1 рубль = 43,77 сўм.

Тижорат курси (Ўзбекистон Ташки иктисодий алоқалар банки баҳоси): 1 АҚШ доллари = сотишда 1222 сўм ва харид қилишда 1227 сўм; 1 евро = сотишда 1462 сўм ва харид қилишда 1482 сўм; 1 фунт-стерлинг = сотишда 2100 сўм ва харид қилишда 2130 сўм.

Қорабозор курси: 1 АҚШ доллари (ўртача ҳисоб) = сотишда 1250 сўм ва харид қилишда 1265–1270 сўм.

Изоҳ. Нотўгри иқтисодий сиёсат туфайли, миллий валютамизнинг кадри мислсиз пасайиши окибатида сўмнинг 1/100 улуши - тийиннинг пул муомаласида ўрни қолмади. Тийин эндиликда нумизматларнигина қизиқтириши мумкин.

Шунинг учун, юқорида сўмга нисбатан айрим валюталарнинг расмий курсини берганда, Ўзбекистон Марказий банки қилганидек, “тийин“ сўзидан воз кечиб, ўнли касрдан фойдаландик.

Собиржон Ёкубов озодликка чиқди

Бугун, 4 апрелда "Хуррият" газетасининг собиқ мухбири, журналист Собиржон Ёқубов озодликка чиқарилди. У ўтган йилнинг 9 апрелида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Жиноят Кодексининг 159-модда (конституцион режимга тажовуз), 244-модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошка таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик килиш, уларда иштирок этиш) 241-моддалари (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) да акс этган жиноятларни содир этганликда гумон килиниб, ҳибсга олинганди. Собиржон бир йил мобайнида Тошкент шаҳар ИИББ тергов изолятори, МХХ ертўласи ҳамда Тоштурмада сақланди. Унинг тергов муддатлари узайтирилиб, маҳаллий ва халқаро микёсда кўтарилган шов-шувларнинг босилиши кутилди.

Маълум бўлишича, кеча жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар Миробод тумани суди томонидан ўтказилган суд мажлисида Собиржон ва унинг шериги, Ўзбекистон Миллий универститети магистиранти Отабек Назаровларга нисбатан Жиноят Кодексининг 241-моддаси бўйича ҳукм чикарилиб, гумондорлар амнистия актига суд залидан очиққа чиқарилган. Дастлабки теров илгари сурган жиноятлар тасдигини топмаган.

Аммо на маҳкумлар, на уларнинг адвокатлари Ш. Мухамедова, А.Соиповлар тафсилотлар борасида изоҳ беришни истамаяптилар. Афтидан уларга бу тафилортларни очиўлаш қимматга тушишини уктиришган. Вахоланки, аслида йўк айбловлар билан журналист бир йил қамоқда ўтирди.

Абдулла Орипов "террорчи"лар ҳақида хабар берди

31 март куни оқшомда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси биносини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди ўраб олди. Маълум бўлишича, уюшма раиси, Халқ шоири Абдулла Орипов шахсан вазир Баҳодир Матлубовга уюшма биносида террорчи кимсаларнинг борлиги ҳақида кўнгироқ қилган. Аммо вазирликнинг махсус отряди ўша куни бинога келганларида "Ёшлик" журнали рассоми Акбарали Мамсолиевдан бошқа кимсани учратишмади ва қайтиб кетишди. Аслида эса уюшма маъул ходими Амирқул Тўраевнинг мухбиримизга билдиришича, ўша оқшомда Абдулла Орипов ҳар доимгидек ўта маст аҳволда бўлган. Бундай ҳолатдан юрак олдирган уюшма ходимлари жуфтакни ростлаб қолгач, раиснинг нишонига уюшма биносида офиси жойлашган Тошкент шаҳар Каратэ федерацияси раҳбарлари дуч келишган. Абдулла Орипов маст ҳолатда уларни огизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат килгач, спортчилар хам шунга яраша жавоб қайтарган. Чунонам газабланган халқ шоири ҳукумат аъзоларининг телефонлари ёзилган дафтарчадан Матлубовга уларнинг террорчи эканлигини айтиб, қўнгироқ қилган. Шоирнинг хушёрлиги вазирни тўлқинлантириб, махсус отряд юборишгача олиб борган.

Абдулла Ориповнинг, дейди уюшма ходимлари, маст ҳолатда ходимларни ҳақорат килиши, уларни "Террорчисан, йўк қилиб юбораман!" деганларини жиддий қабул қилмасдик. Аксинча, элнинг эрка шоирининг жисмоний имкониятлари ўзига яраша бўлгани учун кечириб кетаверардик. Аммо бу галги вокеа ҳаммамизни хавотирга солиб қўйди.

8 апрель: Ўзбек демократлари Истанбулдан катта ғалаба билан тарқалдилар

Аввал хабар берганимиздек, Истанбул шаҳрида АҚШнинг Миллий Демократик Фонди тарафидан ўтказилаётган “Дунё Деморатик Харакати” номли анжумада бир гуруҳ “Бирлик” Партияси фаоллари (Абдураҳим Пўлат, Пўлат Охун, Васила Иноят, Анвар Усмон) ва Тамара Чикунова, Инера Сафаргалиева, Муборак Тошпўлатова каби ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда журналистлар иштирок этишганди. Бу йиғилишнинг сўнгги куни бўлмиш 5 апрелда “Дунё Деморатик Харакати” номидан Ўзбекистон демократик ҳаракати, яъни бутун ўзбек демократлари махсус диплом билан тақдирландилар.

Бу фахрий диплом рамзий шаклда “Бирлик” Партиясининнг Бош котиби, “Эзгулик” жамиятнинг раиси Васила Иноятнинг қўлига топширилди. Топшириш маросимида у билан бирга Пўлат Охун, Тамара Чикунова, Инера Сафаргалиевалар бир сафда турдилар. Абдураҳим Пўлат ва Анвар Усмон бу форумнинг иштирокчиси эмас, меҳмони бўлганлари сабабли олқишловчилар қаторидан жой олдилар. Муборак Тошпўлатова эса, бир кун аввал Тошкентга қайтиб кетган эди.

Васила Иноят дипломни олгандан кейин қисқа ва оташин нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги аҳвол, мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг диктатурага қарши қаҳрамонларча олиб бораётган курашлари тўғрисида гапирди. У Ўзбекистон демократлари тарафидан Миллий Демократик Фонд ёрдамида чиқарилаётган Ўзбекистондаги бирдан бир мустақил “Ҳаракат” журналини тилга олган пайтида журналнинг охирги сонларини қўлида баланд кўтариб турди ва Форум қатнашчилари ҳамда меҳмонларининг олқишларига сазовор бўлди.

Бугун Форум қатнашчилари Истанбулдан тарқалдилар. Абдураҳим Пўлат ва Анвар Усмон Германияга, Пўлат Охун Швецияга, Васила Иноятова ва Тамара Чикунова Ўзбекистонга, Инера Сафаргалиевпа Швецарияга кетдилар.
Абдураҳим Пўлат Европа мамалакатларида яна бир қатор тадбирларда иштирок этишни режалаштирмоқда.

9 апрель: Ғойиб бўлган журналистлар ИИВнинг тергов изоляторида экан

Шу кунларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси Спорт телеканали бехаловат кунларни бошдан кечирмоқда. 5 апрель куни телеканалнинг икки журналисти (тасвирчиси) ғойиб бўлган ва улар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Уларнинг бири, асли келеслик 1972 йилда тугилган Раҳимберди Раҳмонбердиев бўлиб, у шу кунга қадар телеканал оператори лавозимида ишлаб келган. Иккинчи журналистнинг исми-шарифи эса бизга ҳозирча номаълум.

Кеча, 8 апрелда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши кураш бошқармаси мулозими Турсунбой Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, бу йигитлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик), 244-модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш)сида бўйича акс этган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, бошқарманинг тезкор ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Ва ҳозирда улар вазирлик тасарруфидаги тергов изоляторида сақланмоқдалар.

Норасмий маълумотга кўра, ҳибсга олинганлар сони ҳатто бундан ҳам кўп бўлиб, ортиқча шов-шувларнинг чиқиши эҳтимолидан маълумотлар ошкор этилмаётир. Ҳатто Раҳимберди Раҳмонбердиевнинг ҳибсга олиниши юзасида ҳалигача прокурор санкцияси олинмаган, улар ИИВнинг "мурувват"и билан озод ҳам қилиниши мумкин эмиш.

10 апрель: “Бирлик”чи Анвар Усмон 60 ёшда

Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун биринчи бўлиб кураш бошлаган ташкилот – “Бирлик” халқ ҳаракатининг яратилишида муҳим роль ўйнаган журналист Анвар Усмон бугун 60 ёшга тўлди.

У Москва Давлат Университетининг журналистика факультетини 1969 йилда тамомлагач, Ўзбекистонда ишлашни бошлади. Турли газеталарда мухбирлик қилди, давлат муассасаларида ишлади, 1980дан бошлаб 1990 йилгача Москвада рус тилида чиқадиган “Учительская газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири бўлди.

1989 йилнинг 18 мартида “Бирлик” Тошкентнинг бош майдонида (ўша пайтда Ленин, ҳозир Мустақиллик майдонида) “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” шиори билан илк митингини ўтказди. Митингдан ваҳимага тушган Ўзбекистон ҳукумати бу ҳақда ҳеч қандай хабар тарқаттирмасликка интилди. Аммо эртаси куни Анвар Усмоннинг “Учительская газета”даги мақоласини ҳеч ким кутмаган эди. Бу мақола туфайли «Бирлик”нинг номи аввал бутун СССРга, кейин бутун дунёга тарқалди. Ғазаб ичидаги ҳокимият Анвар Усмонга қарши тазйиқлар бошлади, уни ишидан четлаштиришга интилди, лекин ўша пайтда натижага эришолмади.

Шу кундан эътиборан унинг ҳаёти ва фаолияти «Бирлик” билан боғлиқдир. Русча мактабни, кейин рус университетини битириб, асосан русча матбуотда ишлаган Анвар Усмоннинг ўзбек тилини мақоми учун курашга кирганини рус тилли журналистлар ҳали ҳам тушунмасалар керак.

1990 йилдан бошлаб Анвар Усмон “Озодлик” радиосининг рус хизмати билан ҳамкорлик қила бошлади, бу радио орқали «Бирлик”нинг овозини бутун дунёга тарқатти. У “Бирлик”ниннг 1990 йил 19 октябрь куни ўтказган митинги пайтида ушланди ва бир қатор «бирликчи”лар билан10 кунлик қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Қаранг, ўзбек тилининг тақдири учун курашган мард журналист эртаси куни Ўзбекистон Олий Советида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилаётган соатларда қамоқда ётар эди.
ГКЧПнинг 1991 йил август фитнасини қораловчи «Бирлик”нинг баёнотини “Озодлик” орқали дунёга Анвар Усмон тарафидан тарқатилганига чидай олмаган Ислом Каримов уни яна қамоққа ташлашни буюрди. Қаранг, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган Анвар Усмон мустақиллик эълон қилинаётган соатларда яна қамоқда эди. У 10 кунга маҳкум қилинган бўлса ҳам 11 кундан кейингина озод қилинди.

Анвар Усмон 1992 йили “Бирлик”нинг Маркакзий Кенгаши аъзолигига сайланди. Шу йилнинг ўрталаридан “Бирлик”ка қарши бошланган репрессиялар, табиийки, уни ҳам четлаб ўтмади. Яна қамалиш хавфи остида у Ўзбекистонни тарк этди. Аввал Москвада яшади, йил охирида эса Германияга келиб, “Озодлик”нинг рус хизматида билан ҳамкорлигини давом эттирди.

Анвар Усмон хозиргача Мюнхен шаҳрида яшаб, мухолифатчилик фаолиятини давом эттирмоқди. Бир неча кун аввaл у Истанбулда бўлиб, у ерда бир қатор “бирликчи”лар билан бирга “Дунё демократик ҳаракати” йиғилишида қатнашди.

Ўша йиғилишда қатнашган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Анвар Усмон билан бирликда Мюнхенга келди. Унинг мақсадларидан бири ўз дўсти ва сафдоши билан бу кунда бирга бўлиш эди.

Ишонамизки, ҳамма “бирлик”чилар ва бошқа демократия курашчилари Анвар Усмонни 60 ёшга тўлиши билан муборакбод этиб, унга узоқ умр ва мамлакатимз келажаги учун курашда зафарлар тилайдилар.

12 апрель: Дадахон Ҳасан қамоққа олинди

Ўзбек халқининг севимли, довюрак хофизи ва шоири Дадахон Ҳасан республика Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходимлари томонидан бугун, кечга якин қамоққа олинди.

Хофиз қамоққа олингунгача унинг уйида 6 кишидан иборат махсус хизмат ходимлари туш вақтидан бошлаб 4 соат давомида тинтув ўтказишди. Бунда Миллий Хавфсизлик Хизматининг Бухоро вилоят бошкармаси терговчиси Акмал Рашидов ҳам иштирок этди.

Хофизнинг келини айтишича, тинтув вақтида Дадахон Хасан уйида бўлмаган, тинтув охирида келиб қолган. МХХчилар ашёвий далил сифатида шоир шеърларининг қўлёзмалари, қўшиклари ёзилган аудиодисклар ва кассеталар, шунингдек, мусодарани мақсад қилиб бўлса керак, Дадахон Ҳасаннинг уй ҳужжатлари ва енгил автомобилини олиб кетишган.

Андижон воқеаларидан сўнг кўпгина хур фикрлилар қаторида Дадахон Ҳасан ҳам режим томонидан таъқиб остида эди. Масалан, МХХнинг Тошкентдаги бош идорасига чақиртирилгани, бу ерда унга қўшиқлари куйлаттирилиб, диктофонга ёзиб олингангани ҳақида ўтган йил декабрида хабар берган эдик. Хофизнинг ўшанда “Ҳаракат“ мухбирига айтишича, унинг гўё режимни ҳақоратловчи қўшиқлари ёзилган аудиокассета МХХнинг Бухоро бошқармаси томонидан қўлга туширилган экан. Дадахон Ҳасан шу сўроқ вактида ўз қўшиқларининг режимни танқид қилувчи жиҳатлари (чунончи, “мустакил бўлдигу, озод бўлмадик“ каби сатрлари) борлигини тан олган эди, лекин ҳақоратлар борлигини эмас.

13 апрель: Дадахон Ҳасан шартли равишда
озод қилинди


12 апрель куни кундузи хофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг уйи тинтув қилиниб, сўнг унинг ўзи Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходимлари томонидан олиб кетилгани ҳақида илгари хабар берган эдик. Дадахон Ҳасаннинг бугун бизга айтишича, кечаси соат бир яримгача у МХХ биносида тергов қилинган, сўнгра очиқда юриб терговда қатнашиш шарти билан уйига кетишга рухсат берилган. Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш каби Ўзбекистон ЖК моддалари бўйича Дадахон Ҳасанга қарши жиноий иш қўзғатилган.

Одному из лидеров узбекской оппозиции сокращен срок заключения

Узбекский суд уменьшил срок заключения одного из лидеров оппозиции Санджара Умарова на три года, сообщил в четверг его адвокат.
Лидер оппозиционной партии «Солнечный Узбекистан» Умаров был арестован после того, как выступил с критикой президента Ислама Каримова за действия властей в Андиджане, и был приговорен к одиннадцатилетнему заключению и штрафу $8,3 млн по обвинению в многочисленных экономических преступлениях.

«Суд принял во внимание тот факт, что он имеет пятерых детей», – сказал адвокат Умарова Виталий Красиловский. Защитники продолжают настаивать на полной невиновности Умарова, и будут подавать новую апелляцию. //Reuters

“Бирлик” лидери миллатимизнинг буюк фарзанди Боймирза Ҳайит билан учрашди

Бир қатор Европа мамлакатларида сиёсий учрашувлар ўтказаётган ”Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат кеча, 12 апрелда ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Боймирза Ҳайитни унинг Кельн шаҳридаги уйида зиёрат қилди. 2 йилча аввал оғир операциядан кейин бир оёғини йўқотган 89 ёшли Боймирза ака шу кунларда яна бир оғир операциядан чиқишига қарамасдан етарлича бардам экан. У бироз дудуқланиб гапирса хам унинг шуури ва хотираси хавас қиладиган даражади яхши эди, дейди Абдураҳим Пўлат. Боймирза ака ҳамма таниқли мухолифатчиларни номма-ном эсга олиб, уларнинг соғлиги ва фаолияти ҳақида кўплаб саволлар бердилар ҳамда Ўзбекистонда диктатуранинг яқин орада йиқилишига ишонч билдирдилар.

Абдурахим Пўлат ва у билан бирга бўлган “Озодлик” радиосининг собиқ ходими Чиғатой Кочар сал кам тенгдош бўлишига қарамасдан Боймирни акани меҳр-мухаббат билан парвариш қилаётган турмуш ўртоқлари Рутта хонимни қучоқлаб ва қўлларидан ўпиб миннатдорчилик изҳор этдилар.

17 апрель: Дадахон Ҳасанни МХХда тергов қилишмоқда

Шартли равишда эркинликда қолдирилган хофиз ва шоир Дадахон Ҳасанга қарши очилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ишлари давом этмоқда. 6-рақамли бу “иш“ни хофизнинг адвокати иштирокида Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) терговчилари олиб бормоқдалар.

Дадахон Ҳасаннинг адвокати “Ҳаракат“ мухбирига билдиришича, хофиз Ўзбекистон ЖКнинг 3 моддаси бўйича жавоб бермоқда экан. Бу моддалар - 158-модданинг 3-қисми (Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга тухмат қилиш) 5 йилгача қамоқ жазоси, 159-модданинг ҳам 3-қисми (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишни такроран амалга ошириш) 10 йилгача қамоқ жазоси ва 244-(2-прим.) модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларда раҳбарлик қилиш ва иштирок этиш) 20 йилгача қамоқ жазоси берилишини назарда тутади.

Андижонда “қатлиом“ бўлгани ҳақида қўшиқ куйлаган хофизни ана шундай оғир жазолар хавфи кутмоқда.

21 апрель: “Бирлик“чи аёл Ўзбекистонни тарк этди

“Бирлик“ партиясининг Андижон воқеалари тўғрисидаги баёнотини тарқатишда айбланиб, қамоққа ташланган ва охир-оқибат суднинг шартли жазо ҳукми билан озодликка чиқарилган партия фаоллари - Мусажон Бобожонов, Акбартой Орипов ва Нурмуҳаммад Азизовнинг “иши“ ҳали тугатилмаган кўринади. Йўқса, Андижон вилоятидаги Марҳамат туманида яшовчи Анорхон Ҳамдамова 18 апрель куни Миллий Хавфсизлик Хизматининг туман бўлимига чақирилиб, ундан мазкур “бирлик“чиларга қарши кўрсатма бериш талаб қилинмаган бўларди.

Гап шундаки, Марҳамат шаҳридаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси бўлган А.Ҳамдамова ҳам “бирлик“чи. У М.Бобожонов, А.Орипов ва Н.Азизовни яхши билади, 2004 йилда Ўзбекистон Олий Мажлисига ўтказилган сайловларда депутатликка М.Бобожонов номзодини олға сурган Ташаббускор гуруҳнинг ваколатли вакили бўлган.

МХХда сешанба куни А.Ҳамдамова тирноқ остидан кир қидиргандек сўроққа тутилган, унга жиноий иш очиш билан таҳдид қилинган. Масалан, махсус хизмат ходимининг иддаосича, эмишки, бундан деярли 2 йил аввалги ўша Ташаббускор гуруҳ мажлиси туман ҳокимлигининг рухсатисиз ўтказилган, унда қатнашганлар сони гўё сохталаштирилган бўлиб, бунга А.Ҳамдамова жиноий жавобгар экан.

Хуллас, ҳаммаслакларига қарши кўрсатма беришдан ва шу ҳақдаги баённомани имзолашдан бош тортган, 3 нафар ёш фарзандларнинг онаси А.Ҳамдамова кеча, 20 апрелда МХХнинг Марҳамат тумани бўлимига қайта сўроққа бориш ўрнига, ўз бошида туғилган қамалиш хавфи туфайли оиласини ташлаб, Ватанни тарк этишга мажбур бўлди. У, “Ҳаракат“ мухбирининг Ўш шаҳридан олган хабарига кўра, бу ерда БМТнинг Қочоқлар иши бўйича ваколатхонасига қочқинлик мақоми берилишини сўраб мурожаат қилган.

29 апрель: Абдураҳим Пўлат: Бишкекдаги митингдан Ўзбекистон мухолифатига дарс

Бугун Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек ўтган йилги “Лола инқилоби” кунларини эслатарди. Инқилобдан кейин ўтган 1 йил ичида мамлакатда сиёсий-иқтисодий ислоҳoтлар ўтказилмагани, оддий одамларнинг ҳаётида деярли ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар юз бермаганидан норози бўлган янги ҳокимиятнинг янги мухолифлари 15 минг кишилик норозилик митинги ўтказдилар. Митингни шиори ҳамма нарса айтиб турибди - “Демократик ислоҳoтлар учун”.

Бу ерда икки нарсани алоҳида урғулаш керак. Биринчидан, ҳатто, Қирғизистон каби кичик бир давлатда ҳам эски режимдан қолган иллатларни тезлик билан тузатиб бўлмаслигини жиддий сиёсатчилар яхши тушунадилар. Иккинчидан, ҳеч бир мамлакатнинг аҳолиси, демак, мухолифати ҳам, янги ҳокимиятга чексиз вақт бериб, ўзгаришларнинг натижаларини кутиб ўтирмайди, том аксича, “эртаси” кунидан янги ҳукуматдан ижобий натижалар талаб қилишга бошлайди.

Бу иккала айтилган нарса ҳам аксиомадир. Демак, ҳар қандай ҳокимият бу аксиомаларни ҳисобга олиб ҳаракат қилиши керак.
Янги ҳокимиятнинг одатда икки йўли бор. Биринчиси, жиддий ўзгаришларни дарҳол қилиб бўлмаслигини билган ва танқидий чиқишлардан қўрққан янги ҳокимият, ишни демократияни ўз тушунчасига кўра бироз сиқиб қўйишдан бошлайди. Лекин одатда бундай йўл аста секин демократияни бутунлай йўқ қилишга олиб келади. Масалан. Ўзбекистонда Ислом Каримов, Россияда Владимир Путин шундай боши берк йўлга кириб қолдилар.

Иккинчи йўл – халқ билан, мухолифат билан очиқ мулоқатда бўлиш, муамоларни биргаликда ҳал қилишга чақириш, халқ ва мухолифатнинг дарҳол натижалар талаб қилишига чидаш, керак бўлса, ҳокимиятни турли инқилобларсиз тарк этишга тайёр бўлиш.

Ўзбекистоннинг ҳозирги демократик мухолифати Қириғизистон ва Украинада бўлаётган воқеалардан жиддий хулосалар чиқариши керак. Яъни, мавжуд диктаторлик режимини конституцион йўл билан четлатиш натижасида демократик мухолифатнинг ҳокимиятга келиши дарҳол ҳамма муаммоларни ҳал қилмайди.

Ҳозир ҳокимиятда бўлиб, кейин мухолифатга ўтадиганлар, халқни талаш натижасида яратиб олган иқтисодий имкониятларидан ва жамиятнинг узоқ вақт натижалар кутиш истаги бўлмаслигидан фойдаланиб, дарҳол янги ҳокимиятга қарши ҳар қандай усуллар билан, энг муҳими, биздан фарқли ўлароқ, нодемократик йўллар билан ҳам, жанг бошлайдилар.

Бундай шароитда демократик ҳукуматнинг янги мухолифат билан курашга тайёр-тайёрмаслиги, унинг ички жипслиги энг муҳим омилга айланади. Демак, биз ҳозирданоқ мухолифатнинг стратегик йўлини белгилаб олиб, шу йўл атрофида бирлашишимиз, жипслашимиз шарт. Акс ҳолда, яъни ўткинчи масалалар атрофидагина бирлашсак, масалан, Каримовни йиқитиш ғояси атрофида, у йиқилган куннинг эртасигаёқ мухолифатнинг ички муаммолари гирдобида қоламиз. Ана унда - мамлакатнинг, миллатнинг манфаатларидан келиб чиқадиган ишларни ўйлашга ҳам вақт қолмайди.

“Ҳаракат” журналининг 2005 йил 4-сонида “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақола эълон қилинган. Бу мақола “Бирлик” Партиясининг жуда кўп фаоллари ва ҳатто бошқа мухолиф партияларнинг аъзолари билан қилинган суҳбатлар натижасида ёзилган. Шу сабабли уни демократик мухолифат стратегиясининг илк лойиҳаси сифатида кўриш мумкин.

Мен ҳамма мухолифат вакилларини шу мақола билан яқинда танишиб, мухолифатнинг стратегисини яратиш устидаги ишга қўшилишга чақираман. Биз шундай стратегия яратсакгина, ҳокимиятга келгандан кейин ҳам бир тан бир жон бўлиб уни бажариш билан машғул бўлардик.

● ● ●