Журнал Ҳаракат №1 (58) 2006. Адабиёт олами
Эр Али Сокин - Туғён (Тарихий-публицистик роман. 8-қисм)
“Бирлик” Марказий Кенгашининг ҳайъати Фарғонадаги воқеаларни ўрганиш ва марказга ахборот етказиш учун Дамин Нарзиқулов, Дадахон Ҳасан, Мукаррама Муродова, Маҳбуба Қосимова ва Жаъфар каби фаолларни у ерга жўнатди. Дадахон Ҳасан Жаъфарни олиб, ўз машинасида, бошқалар поездларга чиқиб Фарғонага йўл олишди. Поездда кетган “бирликчи”лар Қўқонга етиб келишгандаёқ вазият жиддий эканлигини сезишди.

Вокзал ва автобус бекатлари одамлар билан говжум, атрофда формали ва формасиз милиционерлар кўп эди. Ҳамма нимадандир безовта.

Дамин Нарзиқулов, Мукаррама Муродова, Маҳбуба Қосимова ўзларини вокзалда кутиб олган “Бирлик”нинг Фарғонадаги фаолларидан куни-кеча майдонда митинг бўлиб ўтганини, митингчилардан бир нечта одам ўлдирилгани, ярадор қилингани, 74 одам қамалгани, “Одамийлик ва Инсонпарварлик” жамияти фаоллари ғазаб отига миниб, бугун Жоме масжидининг имоми Муҳаммад Ражаб олдига қасос олишга фатво талаб қилиб кетишганини айтишди. “Бирлик” фаоллари зудлик билан Жоме масжидига - Муҳаммад Ражабнинг хонасига боришиб, бахс устидан чиқишди.

Маълум бўлишича, “Одамийлик ва Инсонпарварлик” раҳбари Каҳрамоннинг юқоридаги мазмундаги гапига Муҳаммад Ражаб кўнмаётган, улар бир-бири билан бахслашишаётган экан. Бахсга Дамин Нарзиқулов ҳам аралашди.

- Узр, - деди Дамин Нарзиқулов ўзига хос самимийлик билан, қўлини кўксига қўйиб, - мен сизларнинг гапларингга аралашишим балки ноўриндир, аммо “Бирлик” халқ ҳаракати раҳбарияти шу ерга юборгани учун икки оғиз мен ҳам гапирсам. Фарғонадаги кечаги фожиалардан бутун бирликчилар ҳам дарғазаб, кимлардир провакация қилганми, ифлос о дамлар аралашган-
ми, ҳарҳолда, кечириш қийин бўлган шу фожиа юз берган. Аммо ука, - Дамин Нарзиқулов чеккада кўз ёшларини артиб турган йигитга мурожаат қилди, - Сиз мени акамни милиция отди, улардан қасос олишим керак, деяпсиз, ўша милиционерни танийсизми?

- Йўқ, танимайман.

- Кечирасиз, мен Сизни тушуниб турибман. Акангизни ўлдирганлар ўз жазосини олиши керак. Аммо милицияга қарши, уларникидан зўрроқ қуролингиз борми?

- Йўқ.

- Ана, укажон, ақл билан иш қилайлик. Мана муфтиларинг-ку, фатво бермаяпти, фатво бериб у ер бу ердан қурол топганингизда ҳам бу ишга биз, мен “Бирлик” номидан гапираяпман, - маслахат бермаган бўлардик.
- Нима қилайлик, бўлмаса?

- Мен ҳали гапимни тугатмадим. Чунки, бу милиция ва аскарларга қурол кучи билан таъсир қилиб бўлмайди. Агар Сиз қурол билан чиқсангиз, улар ўн, юз баравар кўп аскарларни, керак бўлса республикадаги ҳамма милиция ва ҳарбий мудофаа кучларини шу ерга ташлайди. Ана унда кечагидан кўра ўн ҳисса кўп, Худонинг ўзи сақласин, ўн ҳисса кўп одамни отишади.

- Нима қил, дейсиз, бўлмаса, - гапга аралашди, Қаҳрамон, - Сиз, қонунни бузиб, одамларни отганлар устидан уларнинг раҳбарларига ариза билан бор, демоқчисиз, шекилли!?

- Йўқ, аризаларни тайёрлаб бир нусхасини БМТга ўхашаган халқаро ташкилотларга, бир нусхасини Ўзбекистон ҳукумати бошлиғига бериш керак ва уларни “Бирлик” раҳбарияти ҳам контролга олиши, бундай фожиалар юз бермаслигини олдини олиш керак, демоқчиман.
Муҳаммад Ражаб гапга аралашди:

- Биз ҳам ўз навбатида Муфти Муҳаммад Юсуфга мурожаат қилайлик, ахир у ҳам қараб турмайди.

”Одамийлик ва Инсонпарварлик” жамияти фаоллари бир оз юмшаб ташкарига чиқишди. Дамин Нарзиқулов бошқа мавзуга ўтди.

- Ҳамдамбой, Фарғонадаги Месхет туркларнинг аҳволи қандай? Улар билан алоқа боғлаб турибсизларми?

- Ҳа, турк биродарлар ҳам бесаранжом. Арслон ака деган каттароқ ёшлардаги бир лидерлари бор, гапга тушунадиган одам. Митингларида Месхетияга, ватанимизга кетамиз, дейишяпти. Аммо биз, тўғриси, нима дейишни билолмаяпмиз. Агар, қўйинглар, бу ер ҳам Ватанингиз, десак, уларга қарши чиққандай бўлаяпмиз, майли, ватанингизга кетсангиз, биз ҳам қўллаймиз, десак, худди Фарғонадан ҳайдагандай бўлаяпмиз. Маслахат беринг, Дамин ака!

- Аҳвол мураккаб экан, уларга ҳеч нарса деманглар. Ўзларига қўйиб берайлик. Яна бир савол, кеча майдонларда йиғилганларни кўриб ҳайрон бўлдим, Тошкентда митинг бўлса, қаердан қанча одам келганини бизнинг фаолларимиз тахминан бўлса ҳам аниқлаб берадилар. Ким тўплаяпти бу одамларни?

- Биздаги маълумотларга қараганда, ҳукумат ҳам аралашаётгандай, гап шундаки, туманларда постда турган милиционерлар ҳам боринглар, вилоят марказида митинг бўлади, республика раҳбарлари келиб додингларни эшитади, деяётган эмиш.

- Ундан ҳам қизиғи, - деди Акбарали ҳаяжонланиб, кеча 7та бир хил “Ява” мотоциклида бир хил яктак кийган 7 йигит кўчама-кўча юриб, митинга боринглар, туркларга қарши митинг қиламиз, деб юришганини эшитдик.
- Ким бўлиши мумкин улар?!

- Биз ҳам ҳайронмиз, “Бирлик”даям, “Одамийлик ва Инсонпарварлик” жамиятида ҳам бундай одамлар йўқ.

- Оббо, - деди, Маҳбуба Қосимова, - бу ташкилотларда мотоцикл нима қилади, бир хил кийим нима қилади, бу ишларнинг барини қадрдон КГБ қилади-да!

- Аммо улар биз “Бирлик”данмиз, дебди.
- Дейверади-да!

- Йўқ, дейверганига қўймаслик керак. Бу чатоқ гап. Бу айнан КГБнинг иши. Улар ўйиндан ўт чиқаришмоқчи. Ўзларига қаратилган ҳаракатларни бошқа ёққа буриб юборишмоқчи. Тезда туркларнинг “Ватан” жамияти лидерлари билан боғлаланиш керак.

- Бугун кеч бўлиб қолди, улов топганимиздаям, кечаси ГАИ Тошлоққа ўтишга қўймайди. Эртага бирор иложини қилармиз.

Эртасига улар машина топиб Тошлоққа йўл олишганда ГАИ машиналарини тўхтатди. Дамин Нарзиқуловнинг “Биз Тошкентданмиз, фалокат-ларни олдини олишга келганмиз”, деган гаплари ҳам иш бермади. Уларнинг машинасини вилоят обкоми томонга ҳайдашга мажбур қилишди. “Ўша идорада республика катталари бор, бориб гаплашинглар, рухсат берса борасизлар”, дейишди. Вилоят обкомида эса уларни ҳеч ким қабул қилмади. Фақатгина зина олдида улар Олий Совет презиидумининг раиси Иброҳимов билан учрашишди. Дамин Нарзиқулов ва Маҳбуба Қосимованинг бўлган воқеаларни одамлардан сўраб-суриштиришдан бошқа иши қолмади. Мукаррама Муродова ҳам “Бирлик” газетасига материал тўплаш учун одамлар билан гаплашишга интиларди.

- Шунча одамни қандай қўлга тушириб қандай қамашган? - ҳайрон бўлиб сўради Дамин Нарзиқулов ўша ерда йиғилиб турган бир гуруҳ одамлар билан гаплашатуриб, -Тошкентга митинга чақирсак, шунча одамни йиғиш баъзида қийин бўлади. Бу ерга кимлар йиғилган ўзи?

-У ерга боласи армиядан ўлиб келганлар, иқтисоди ночор одамлар йиғилган. Ўзларини талабларини айтишган, - деди ўрта ёшлардаги сочига оқ оралаган, зиёлинамо киши.

- Бу тушинарли, - деди Мукаррама, - аммо қандай қилиб 74 одамни бирдан қамоққа олишганини тушунмаяпман.

- Мен ўзим ўша ерда эдим, - деди Акбарали, - Милиция полковниги йиғилганларни тарқалишга ундади. Митингчилар талабларимиз бор, область катталари келсин, гапларимизга жавоб берсин, деб туриб олишди.

Полковник, нимадир, деб ўрисчалаб команда берди. Милиционарлар одамларни дубинка билан уриб, қўлларини қайириб автобусларга тиқа бошлади. Бир хил бақувват йигитлар милицияга бўй бермай, улар билан олиша кетди. Шу орада бирдан аскарлар келиб қолди. Кимдир ўрисчалаб “Огонь!” деб команда берди. Солдатлар патира-путур ота бошлашди. Анча-мунча одам нобуд бўлди, ярадорлар ундан ҳам кўп, ҳаммасини касалхоналарга олиб кетишди. Кўплаб одамларни район милиция идорасининг ўзида ушлаб туришибди. Бугун уларнинг қариндош-уруғлари, таниш-билишлари милиция идораси олдига йиғилишадиган.

Область маркази олдида турган Дамин Нарзиқулов ва Маҳбуба Қосимова катталардан аниқ бир гап эшитишмагани учун, ҳайрон туриб қолишди.

- Маҳбубахон, Сиз билан иккимиз бир ерда бўлмайлик, иккимиз икки хил вазифани бажарайлик. - деди Дамин Нарзиқулов жимликни бузиб. - Вазифалардан бири касалхоналарга бориб, ярадорлар ҳақида маълумот тўплаш, иккинчиси турк биродарларимиз олдига, митингчилар олдига бориш.
- Мен касалхоналаргага борақолай!

- Майли, ўзингиз биласиз, аммо сал эҳтиёт бўлинг, Сизни ҳам улар қаторига қўшиб қуйишмасин. Сиз билан бизнинг вазифамиз, одамларни ҳам, раҳбарларни ҳам инсофга чақириш, қон тўкишнинг олдини олиш. Иложи борича кўп ва тўғри маълумот тўплаш. Биз вазиятга катта ўзгариш киритаолмаймиз.

Шу тариқа Исмоил Дадажон ва Дамин Нарзиқулов митингчилар томонга кетишди.
Бирликчилар вилоят марказидаги майдонга келишганда Месхет турклари ўз баёнотларини ўқиб эшиттиришаётганди. Уларнинг баёнотларининг биринчи қисми 1944 йили ўз юртларидан депортация қилингани бўлса, иккинчи қисми ўз ватанларига қайтиш ҳақида эди.

- Баёнотга қўшилганлар қўл кўтарсин, - деди уни ўқиб берган 30 ёшлардаги йигнт. Ҳамманинг қўли юқорига кўтарилди.

- Аммо бир ўзгартиш киритиш керак, - деди б
ошқа бир ёшроқ йигит. Кеча ўзбек ёшлари келиб одамларимизни калтаклаган, ёқилган уйлар ҳам бор. Шуни ҳам қўшиш керак.

Шунда Арслон ака сўз олиб:

- Биродарлар, муҳим нарса билане номуҳимни аралаштирманглар, ўзбеклар бизнинг жигарлармиз, шу пайтгача улардан ёмонлик кўрмаганмиз. Ҳамиша бир нонни иккига бўлиб едик. Бир-икки ёш ялангни бутун ўзбек халқи билан аралаштирманглар. Уйлари ёқилганлар ҳақида менда ҳам маълумот бор. Кўп ўйлар арманиларники экан, фарғоналикларнинг улар билан ўз ҳисоб-китоби бор, биз уларнинг ишига аралашмаймиз.

Ҳар икки халқ - ўзбек ва турк ўртасида тушунган одамлар кўп бўлса-да, кечга яқин турк ва ўзбек қавмлари ўртасида яна тала-тала бошланган.

КГБнингн провокациясига учган ёш яланглардан айримлари улар тайёрлаб берган ёқилғи шишаларини туркларнинг уйларига отишган. Ҳар икки томондан қурбонлар берилган.

* * *

Дадахон Ҳасаннинг машинасини Ангрендан ўтмай туриб тўхтатишди. Дадахон Ҳасаннинг уйимга, онамни кўришга кетяпман, деганига ҳам қулоқ солишмади.

- Ўтказмасликларини билардим, - деди орқага, Тошкент томонга йўл олишаркан, Дадахон Ҳасан.

- Билсангиз нега йўлга тушдингиз, мен поездда кетаверардим
- Бориб нима қилиб берардингиз?

- Бормай қолганда ҳам ҳеч нима қилиб бераолмайман. Хўш, қанақа қилиб билиб қолдингиз?

- Ўтган йили мен, Гулчеҳра опа, Рауф бирга Фарғонага келганмиз.
- Хўш-хўш?

- Мени ўрнимга Фарғона вилоятини курировать қилаётган йигит бизни алоҳида чақирган эди. Турклар учун концерт қўйиб берасизлар, шеърлар ўқиб уларнинг кайфиятини кўтарасизлар, деб. Вақт яқинлашганда биз Қўқондаги стадион олдига бордик. Аммо стадионда ҳеч ким йўқ. Ҳайрон бўлиб турувдик, туркларнинг лидерларидан уч-тўрттаси келди. “Хафа бўлманглар қардошлар, турклар билетлар сотиб олишган, аммо стадионга келишмайди, биздаги хабарларга қараганда, КГБ турклар билан ўзбекларни уриштириш учун шу хил концертни ўйлаб топган. Ҳар ҳолда бизда шундай маълумот бор”, дейишди. Хуллас, ҳеч нима қилолмай, уйга қайтиб келганмиз.

- Нега қайтиб келасиз, ўзларинг йиғилишлар уюштириб, икки халққа ҳам ҳақиқатни етказсанглар бўлмасмиди?

- Оббо, патриотей, шу ишни қилмади, деб уйлаяпсизми? Мен,Рауф, Гулчеҳра опа қанчадан қанча жойларга бордик. Мен тўйларда сўзлаб, икки халқнинг бирлигини сақлаш ҳақида ваъзлар ўқидим. “Бирлашинг, эй, туркий олам, оламаро бирлашинг”, деган қўшиғимни айтиб бердим. Рауф Нозим Ҳикматдан шеърлар ўқиди. Ёдгор Обид, Гулчеҳра опалар қанчадан-қанча гаплар айтишди, шеърлар ўқишди. Нима мен Сизга ҳаммасини айтиб беришим керакми?

- Айтмасангиз қаердан биламан. Сўраяпман-да…

Жаъфар кейинчалик бошқа йўллар билан охирги кунларда Фарғонада бўлиб ўтган воқеалар ҳақида анчагина маълумотлар тўплаб, бир мақола ҳам тайёрлади. Унинг мақсади шу каби мақолалар билан икки қардош халқ ўртасида атайлаб чиқарилган низодан кейин, қанчалик қийин бўлмасин, эски тотувликка эришиш йўлларини излаш эди. Ўзбек ёзувчилари ичида у каби ўйлайдиганлар ҳам кам эмасди.

Аммо унинг мақоласи чиқишга улгармай туркларнинг бир қисми самалётларда, бир қисми поездларда, бир қисми ҳатто автобусларда Россия томон йўл олди.

Шу тариқа турк биродарларимиз Россия ҳудудларига сочиб юборилди. Россия газеталари рус халқининг бағри кенглиги, Фарғонадан қувилган (улар айнан шундай ёзишди) туркларга Россия бошпана бераётгани ҳақида мақолалар битишди.

Шу орада Мирза Кенжабекнинг “Фитна санъати” номли мақоласи босилди. Унда Фарғона воқеалари, турк ва ўзбек жанжали КГБ томонидан уюштирилгани, бундан мақсад икки қардош халқ ўртасига рахна солишгина эмас, Россиядаги бўшаб қолган қишлоқларни одам билан тўлдириш, ишбилармон туркларни Россия учун ишлашга мажбур қилиш бўлганини асослаган эди.

(Давоми бор)