Журнал Ҳаракат №3 (42) 2003. «Бирлик»нинг 6-Курултойи
(«Бирлик» халк харакати 6-Курултойининг Баёноти) - Иктисод сохасидаги ноординар ечимлар
6 май 2003 йил
Тошкент шахри

Ўзбекистон хукумати мустакилликнинг биринчи йилларида шок терапияси ва ёки шунга ўхшаш тезкор иктисодий ислохатлар ўтказишдан воз кечиб катта хатога йўл кўйди. Ўша йиллари мамлакат ахолисининг турмуш ахволи анча тузук бўлгани учун у шок терапиясига хам бардош берган бўларди.

Хукуматнинг маъмурий буйрукбозлик усулларидан воз кечишни истамаслиги, хатто бозор иктисодига ўтиш жараёнини ўша усуллар билан бошкаришга интилиши, молиявий системада ислохатлар ўтказмаслиги хеч кечириб бўлмайдиган холатдир. Бу сиёсат туфайли Ўзбекистонда халигача мустакил инвестицион сиёсат олиб борадиган мулкдорлар табакаси шаклланмади.

Бугун, ахолининг асосий кисми ялпи кашшоклик бўсагасида турар экан шок терапияси каби усулларни кўллаш фожеа бўларди. Айни замонда, хозир олиб борилаётган иктисодий ислохатлар жуда суст эканлигини хам тан олиш керак. Халкаро Жамгарма Фонди, Дунё Банки, Европа Ткланиш ва Тараккиёт Банки мутахассисларининг хам фикри шундай эканлиги хеч кимга сир эмас.

Шу сабабли мухолифатнинг иктисод сохасидаги хукумат олдига кўядиган талаблари аввалгиси каби: маъмурий-буйрукбозлик усулларидан воз кечиб, бозор иктисодиётига ўтиш.

Аммо, гап иктисод сохасида кетар экан бир нарсани тушуниш керак. Ўзбекистонда етарли даражада табиий бойликлар бўлмагани, асосий кишлок хўжалик бойлигимиз бўлмиш пахта толасини кайта ишлаб дунё бозорига тайёр махсулот сифатида етказиб берадиган саноат потинциалининг йўклиги, ишсизлик муаммосини еча оладиган даражада иш жойлари яратишга маблаг бўлмагани, бу сохада чет эл инвестициялари хам мўъжиза килолмаслиги сабабли иктисодий ислохатлар хам мамлакатимизни кашшокликдан чикаролмайди.

Боши берк кўчадан чикиш учун оддий бўлмаган ечимлар кидириш максадга мувофикдир. Шуларни хисобга олган «Бирлик» куйидаги таклифларини хукумат ва жамоатчиликнинг эътиборига хавола килади:

а). Ўзбекистон Каспий бўйи бойликларини ўзлаштириш жараёнига шерик бўлиши керак. Кўшни мамлакатларимиз бу бойликларни ўзларича хазм килолмайдилар. Шу сабабли хатто узок мамлакатларинг кўзи шу регионда. Ўзбекистон ўз нуфузи, дипломатик ва бошка турли харакатлари билан бу ишга киришолади.

б). Ўзбекистон ахолисининг маълум кисмини давлатлараро шартномалар бўйича планли равишда ва давлатнинг ёрдами билан кўшни мамлакатларга миграция килиш масаласини кун тартибига олиб келиш лозим.

Бу икки таклиф узок ваъдали, яъни ўн йилларга мўлжалланган режалардир. Куйидаги таклиф эса киска ва ўрта ваъдали бўлиб, тезлик билан самара беришига умид килса бўлади.

в). Ўзбекистон майда тадбиркорларни синдириш ўрнига уларга ёрдам бериб, Ўзбекистонни Россия, хусусан унинг Осиё кисми билан Узок Шарк ва Якин Шарк ўртасидаги бозор кўпригига айлантириши керак. Халкимиз Буюк Ипак Йўли давридан бери шу минтакада савдони контрол килиш билан шугулланган. Бу тажрибани замонавий шароитда, замонавий муаммоларимизни ечишга хизмат килдириш табиий кадамдир.