Журнал Ҳаракат №3 (54) 2005.
Андижон фожеаси
Қонли жума: воқеалар хроникаси - 1
Таҳририятдан: Андижонда шу йил 12-дан 13-майга ўтар кечаси бошланган халқнинг исёни ва уни бостириш баҳонасида тинч аҳолининг аёвсиз қирғин қилиниши билан боғлиқ бўлган воқеаларни чуқур ўрганиш осон иш эмас. Бунинг биринчи ва асосий сабаби - Ўзбекистондаги мавжуд тузум бундан манфаатдор бўлмагани ва ошкоралик бўлмаган жамиятда ҳамма нарсани беркитишга интилиши. Аммо, тарихимизда қоладиган бу қонли воқеалар - қонли жума, унга олиб келган омиллар ва кейинги ҳодисалар - ахир бир кун ўрганилади, миллат уларга ўз баҳосини беради, ҳунрезликни амалга оширганлар лаънатланади.

Ўзбекистон 21 асрга хос бўлмаган равишда ёпиқ бир жамият бўлса ҳам, Андижон воқеалари бошланишиданоқ дунёнинг оммавий ахборот воситалари томонидан етарлича ёритилди. Бу хусусда минглаб хабарлар тарқатилди, юзлаб мақолалар ёзилди. Уларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаш мумкин эмас. Биз олдимизга бундай мақсад қўймадик ҳам.
Мақсадимиз воқеаларни, тарихимизга «қонли жума» бўлиб кирган 13 май воқеаларини умумий шаклда ёритиш.

Тўғри, 13 майдаги исённи ундан аввал бошланган воқеаларсиз тушуниш қийин. Аввалги воқеалар эса, Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин Совет типидаги диктатуранинг тикланиши, 10 йилдан ортиқ давом этаётган зулм системаси томонидан юзлаб бегуноҳ одамларнинг йўқ қилиниши, минглаб одамларнинг тузум зиндонларида чиритилиши, юз минглаб, балки, миллионлаб одамларнинг шавқатсиз таъқиб қилиниши ва, натижа ўлароқ, жамиятда норорзилик кайфиятининг яратилиши билан боғлиқ.

Бугунги мақсадимиздан келиб чиқиб, табиий, биз Воқеалар хроникасига 13 май воқеаларининг келиб чиқишига тўғридан-тўғри сабаб бўлган бир гуруҳ «Акромий» устидан бошланган суд жараёнинигина киритдик.
Юқорида айтилган сабабга кўра, 13 майга оид хабарлар тўлиқ эмас. Аммо, диққат билан қарасак, Андижон фожеасини тушуниш учун аввалги ва ўша кунги воқеалар билан бир қаторда, ундан кейинги воқеалар ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрамиз.

Бу ерда воқеалар асосан «Ҳаракат» Ахборот Агентлиги ўз сайтида тарқатган хабарлар орқали ёритилган. Баъзи хабарларда чалкашликлар бор. Аммо, улар бу ерда ўзгартирилмасдан берилмоқда. Чунки, мақсадимиз ўша кунларнинг ҳавосини тўла ифода этишдир.

* * *


10 февраль: Андижонда «Акрамий»ларни суд қилишмоқда

Бугун Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида «Акарамий»лар диний йўналишига аъзоликда айбланаётган 23 киши устидан, судья Абдуқаҳҳор Маннопов раислигида жараён бошланди. Улар диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўйирилган маълумот ва материалларни қасддан тарқатишда, жиноий уюшма бўлинмасини тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, давлат тузумини қасддан Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни босиб олишга очиқдан очиқ даъват қилиш каби жиноятларни содир этишда айбланади.

Ҳозирда қамоқда бўлган Андижонлик Акрам Йўлдошев бу йўналиш асосичисидир, унинг «Иймонга йўл» номли китоби судланаётганларнинг фаолиятига асос бўлгани айблов хулосасида ёзилган.

Судланувчиларнинг яқинларини айтишича, бу йигитлар диний биродар сифатида бир-бирига ёрдам бериб келганлар, аммо айблов хулосасида кўрсатилган «Байтулмол» номли жамғарма умуман мавжуд эмас, уларда давлатнинг конституцион тузумига тажаввуз руҳи бўлмай, аксинча, судланаётганлар тадбиркорлик билан шуғулланиб, мамлакатнинг ривожланиши учун ҳисса қўшиб келишган. Эндиликда улар ишлаб келган жуда кўп фирмалар, корхоналар ёпиб қўйилган ва оқибатда бир қанча юз одам ишсиз қолган, давлатга тўланаётган солиқларга путр етган.
Эрталаб соат 10 да шаҳар суди биноси олдига судланувчиларнинг сал кам 100 нафар яқинлари йиғилишди. Аммо, соат 13 ларда бошланган судга ҳар судланувчининг фақат 2 нафардан яқинлари киритилди.

ББС, «Озодлик» радиолари, «Уруш ва тинчлик масалаларини ёритиш институти» мухбирлари, яна бир қатор мустақил журналистлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари очиқ суд деб эътироф этилаётган бу жараёнга қўйилмади. Суд биноси олдида йиғилганларнинг норозиликлари кучайганидан сўнг, судья Абдуқаҳҳор Маннопов «ҳали маҳкама жараёни узоқ бўлади, кейинги мажлисларда қатнашишингиз мумкин» деб уларни тинчлантирди. //«Ҳаракат»

10 май: Андижонда мисли кўрилмаган катта намойиш

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Андижондан берган хабарларига кўра, бугун шаҳар суди олдида 4 мингдан ортиқ киши адолат талаб қилиб намойиш ўтказди. Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда биринчи бор бундай катта ва тартибли ўтган ушбу намойишни асоссиз равишда диний-экстремистик (ҳукумат томонидан акрамийлик деб аталаётган) оқимга мансубликда абланиб, судланаётган 23 нафар кишининг қариндош ва яқинлари уюштирди. Эрталаб соат 11 да бошланган намойиш кечқурун соат 5 яримгача давом этди ва тинч ўтди.

Айтишларича, эрта ё индинга мазкур судланувчилар устидан ҳукм ўқилиши кутилмоқда. //«Ҳаракат»

11 май: Андижондаги воқеалар хусусида

Кечаги хабаримизда Андижонда судланаётган 20 дан ортиқ «Акромий»чиларнинг яқинлари ва тарафдорлари суд биноси олдида мисли кўрилмаган катта норозилик намойиши ўтказганларини билдиргандик. Бугун бу ҳақда дунё оммавий ахборои воситалари ҳам маълумот беришга бошладилар.

Мухбиримизнинг бир қатор мустақил манбалардан тўплаган маълумотларига кўра, суд бўлаётгандан бери ҳар куни суд биноси олдида суд мажлисига киришни истаган одамлар тўпланишарди. Одатда уларнинг сони бир неча ўндан ошмаган. Суд биноси шаҳар бозорининг катта дарвозаси олдида бўлгани учун бу ер ҳар доим говжум бўлган ва судга киришга келган одамларни бу говжумликда ортиқча сезиб бўлмаган. Аммо, кеча одатдагидан кўпроқ одам йиғилган, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам уларнинг сонини бир неча юздан тортиб бир неча минггача деб чамаламоқдалар. //«Ҳаракат»

12 май: Андижон суди аросатда қолди

10-11 майдаги хабарларимизда Андижон шаҳрида бўлган ўзига хос норозилик намойиши ҳақида қисқа айтган эдик. Қуйидаги лавҳа ушбу акция тафсилотлари ва у билан боғлиқ воқеалар тўғрисида.
Шу йилнинг 10 февралидан бери Андижон шаҳридаги вилоят жиноий ишлар судида дурадгорлик устахоналари, қандолатчилик цехлари ва бошка турдаги кичик корхоналарнинг тадбиркор ва ҳунармандларидан иборат 23 киши устидан суд жараёни бормоқда. Улар орасида Андижонда кўзга кўринган «Амандолюкс», «Интерсаноат» каби хусусий корхоналар раҳбарлари ҳам бор.

Судланувчилар иқтисодий жиноятлари учун эмас, балки расмийлар томонидан диний-экстремистик оқим деб аталаётган акрамийликка мансубликда айбланаётирлар. Улар зиммасига Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси, 4-банди (давлат тузумини қасддан конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга очиқдан-очиқ даъват этиш), 242- ва 244-моддаларининг айрим бандлари (жиноий уюшма тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, қасддан диний экстремизм ва ақидапарастлик ғояларига эга маълумот ва материаллар тарқатиш) ва бошқа анчагина моддалари бўйича катта сиёсий айблар қўйилган. Шу кунларда суд жараёни тугади ҳисоб. 11 ёки 12 май куни ҳукм ўқилиши керак эди.

10 май куни, эрталаб соат 11 лар чамасида бир неча минг киши иштирокида суддан бу йигитларга нисбатан адолат талаб қилиб, ўзига хос намойиш бошланди. Намойишчилар вилоят жиноий ишлар суди атрофини ва унга туташ кўчаларни тўлдириб юборишди. Улар судланувчиларнинг яқинлари, ҳамкасблари ва хайрихоҳлари эди. Акция кеч соат 5 яримларгача давом этди.

Намойиш махсус ва яхши ташкил этилгани, жумладан акция қатнашчиларининг ўзлари томонидан назоратчилар қўйилгани учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари танбеҳига сабаб бўладиган ҳеч бир хатти-ҳаракат қилинмади. Ҳатто уларнинг ўтиришлари ва ейиш-ичишлари чораси ҳам ўзлари томонидан кўриб қўйилган экан: ёши улуғлар келтирилган ўтиргичларда ўтиришди, овқатлар тарқатиб турилди. Акция жараёнида ғалати бир сокинлик ҳукм сурди.

Вилоят суди олдидаги манзара кеча, 11 майда ҳам айнан такрорланди. Лекин бу гал одамлар нисбатан камроқ келди. Кечга бориб судья Абдуқаҳҳор Маннопов ҳукм ўқилишини кутган суд залидагиларга суд жараёни номаълум вақтгача кечиктирилганини эълон қилиб қолди. Ҳуқуқ ҳимоячилари суд ҳукми ўқилишининг кечиктирилишини судьянинг, тўғрироғи, унинг ортида турган «орган»ларнинг, яна ҳам тўғрироғи ҳукуматнинг суд атрофидаги штиль (денгизда тўфон олдидан бўладиган сокинлик) дан чўчиганлиги билан изоҳлашди.

Акцияда милиция ходимлари ўзларини жуда ювош тутишди. Намойишнинг иккинчи куни ҳатто улар кўринмай қолишди.

Хўш, акрамийлик қаёқдан пайдо бўлди? Унинг тарихи ўтган асрнинг 90-чи йилларидан бошланади. 1960 йилда туғилган андижонлик Акрамжон Йўлдошев 1991 йили исломий одоб-аҳлоқни тарғиб этувчи «Имонга йўл» деган кичик (ёзув машинакаси матни бўйича 27 саҳифалик) рисола ёзган экан. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бу рисола бир оддий мусулмоннинг Қуръонни таҳлил этиб ёзган китобчаси бўлиб, у тадбиркорни ҳалол фаолиятга даъват қилади. Шунга қарамай, унинг муаллифи орадан анча вақт ўтиб, рисоласи учун 1998 йилда 2 ярим йилга қамалган, лекин амнистия туфайли озод қилинган. 1999 йилдаги Тошкент портлашларининг эртасигаёқ Акрам Йўлдошев ҳеч бир асоссиз равишда иккинчи марта қамоққа олиниб, қамоқхонадаги судда 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон жамоатчилиги акрамийликни биринчи марта республика президентининг ўз оғзидан бултур, унинг ёздаги Тошкент портлашларидан кейинги чиқишларидан бирида эшитди. Кейин маълум бўлишича, президентнинг ўша гаплари андижонлик тадбиркорларни ва улар билан олди-сотди алоқасида бўлган бошқа жойлардаги фуқароларни акрамий деб ҳибсга олишлар учун ҳуқуқ-тартибот идораларига, хусусан МХХга берилган фатво бўлган экан. Шундан сўнг Андижон, Тошкент, Сирдарё вилоятларида «акрамий»ларни қамашлар бошланди.

Андижон судида тадбиркор-судланувчиларга ёпиштирилган 3 «далил» бор. Улардан бири – «акрамийлик» оқими тўғрисидаги эксперт хулосаси. Акрамийликнинг нима эканини тасаввур ҳам қилмайдиган бу судланувчи йигитлар ишни кўришда қатнашмаётган экспертнинг ўзи судга келиб, хулосасини тушунтириб берсин ва қийноқлар тўхтатилсин деган талаб билан апрель ойида очлик эълон қилдилар. Кеча бу норозилик акцияларини яна тикладилар. Йўқ, улар, юқорида айтганимиздек, бош фатвочи, бош эксперт президентнинг ўзи эканини ва қамоқ бўлгач, қийноклар бўлади-да, деган юпанчини тушуна қолмаяптилар. Кимсан Каримов! Уни олиб келиб бўладими, ахир?!

Судланаётган тадбиркорлар ўз бизнесларини ривожлантириш, мактаб ва боғчалар, ногиронлар ва меҳрибонлик уйлари, ҳатто ҳокимият тадбирларини моддий қўллаб-қувватлаш учун «Байтулмол» жамғармасини ташкил этишган экан. Тергов органлари дунё бўйича тадбиркорлик амалиётига хос ушбу жамғармани уюшган жиноятчилик манбаи деб баҳолаган. Бу иккинчи «далил» ўрнида хизмат қилмоқда. Яна бир «далил» - судланувчиларнинг намоз ўқиши, иймон-эътиқодли инсонлар экани.
Хуллас, 2005 йил 17 январида Андижон вилояти прокурори Баҳодир Деҳқонов ва МХХ вилоят бошқармасининг тергов бўлими бошлиғи тасдиқлаган 655/04-сонли айблов хулосасида судланувчиларга қўйилган айбларнинг ақалли биттаси ҳам ўз исботини топмади. 100 дан ортиқ гувоҳ айблов хулосасини инкор этишди. 10- май куни прокурор суддан 3 кишини озод қилиб, қолганларга 3–7 йилдан қамоқ жазоси беришни сўради. Суд халқдан қўрқмаса, шундай қилган бўларади, яъни прокурорнинг талабларини қонунлаштирарди. Аммо, кўринишидан, ҳозир у аросатда қолди.

Бизнинг ихтиёримизда Андижонда тергови тугаган яна 13 «акрамий» суд жараёнини кутишаётгани ҳақида маълумотлар бор. Тошкентда 18 нафар «акрамий»нинг иши терговда. Сирдарё вилоят жиноий ишлар суди вилоятнинг Бахт шаҳрида савдо қилувчи 7 тадбиркорни «акрамий»лик алоқадорликда айблаб бахтсиз килди: 29 мартда уларни 8–9 йилдан қамоқ жазосига ҳукм этди, бу ишни кўрган апелляция суди эса май ойининг бошида ҳукмни ўз кучида қолдирди. //«Ҳаракат»

13 май: Андижонда номаълум «ваҳобий»ларнинг исёни

Бугун саҳарда ҳали кимлиги номаълум бўлган қуролли гуруҳ Андижон шаҳар қамоқхонасига ҳужум қилиб, у ердан кўпчилиги диний оқимларга мансуб бўлган маҳбусларни озод қилиб юборган. Бу қуролли кишилар шаҳар ҳокимлигини ҳам босиб олишгани, ҳарбий гарнизонга ҳужум уюштиришгани ҳақидаги хабарлар тўла тасдиқлангани йўқ.

Мухбиримиз Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига боғланиб ҳам ҳужумчиларнинг кимлиги ҳақида ишончли хабар ололмади. Одамлар ичида «булар ваҳобийлардир» деган гап юрибди халос.
Андижонлик мухолифатчилар билан алоқа қилиб бўлмаяпти. Қўшни вилоятларда ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ходимлари маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг ҳар қадамини контрол остига олганлар. Лекин уларга нисбата қўпол ҳаракатлар бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Воқеалар ҳақида хабарлар бериб туришга ҳаракат қиламиз. //«Ҳаракат»

Андижонлик исёнчилар мақсадларимиздан бири Каримовни йиқитиш демоқдалар

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғланган мухбиримизнинг билдиришича, шаҳарда бўлаётган воқеалар, дунё матбуот воситаларида умуман олганда тўғри ёритилмоқда. Чоршанбадан жумага ўтар кечаси тахминан 100 кишили қуролланган гуруҳ шаҳар қамоқхонасининг оз миқдордаги қоровуларини ўлдириб, маҳбусларни озод қилган ва кейин ҳарбий гарнизонга ҳужум уюштириб, катта миқдорда қурол қўлга киритган. Сўнгра улар вилоят ҳокимлигини босиб олишган, йўл-йўлакай бир театр ва кинотеатр биносини ёқиб ташлашган.

Ҳозир вилоят ҳокимлиги олдида бир неча минг кишилик митинг бўлмоқда. Исёнчилар ўзларининг қайси ташкилоту қайси диний оқимга мансуб эканликларини очиқ гапиришмаётгани туфайли, одамлар орасида биров уларни «ваҳобийлар» деса, бошқа бировлар «ҳизбчилар, яна бошқалари «акрамийлар» демоқдалар.

Митингни олиб бораётган одам халойиқни ўзларига қўшилишга чақирмоқда ва мақсадлари бегуноҳ қамалганларни озод қилиш ва ҳатто Каримовни йиқитиш эканлигини сўзламоқда.

Шаҳар марказида ҳуқуқ тартибот органларининг ходимлари кўринмайди, милиция ходимларидан 10 киши гаровга олингани, бир неча миршаб отиб ташлангани гапирилсада, ҳеч ким уларни кўрган эмас. Аммо, шаҳар милиция ва армия тарафидан ўраб олинган, ҳеч ким у ерга киритлмаяпти. «Бирлик» Партиясининг вилоят ташкилоти раҳбари Акбар Орипов Шаҳрихондан келиб, Андижонга киролмаган.

Мухбиримизнинг аниқлашича, Каримовнинг ўзи Андижонга кетгани ҳақидаги хабар буюк эҳтимоллик билан тўғри. //«Ҳаракат»

Андижондаги воқеаларга оид расмий хабар
нима дейди?

Шу ҳақдаги расмий ахборотга кўра, 12 майдан 13 майга ўтар кечаси, 00 соату 30 минут билан соат 1 ўртасида қуролланган кишилар гуруҳи Андижон шаҳрида жойлашган патрул-қўриқлаш хизматининг навбатчи қисми ва ҳарбий қисм ҳудудига ҳужум уюштирди. Ўнлаб ўқ отар қуролларни қўлга киритган бу кишилар Андижон қамоқхонасига ҳужум қилиб, бир гуруҳ маҳбусларни чиқариб юбордилар. Ахборотда улар вилоят МХХ ва ҳокимият биноларини ҳам қўлга киритишга уринганликлари айтилади.

Тўқнашувлар оқибатида 9 киши ҳалок бўлди ва 34 киши жароҳатланди. Айни пайтда шаҳарнинг 2 жойида ҳужум уюштирган гуруҳ қуршаб олинган. Айни шу дақиқаларда улар билан музокаралар олиб борилмоқда. //«Ҳаракат»

Ўзбеклар ахборот воситаларидан узиб қўйилмоқда

Бугун Андижондаги ҳодисалар муносабати билан бир қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, кабелли телестанциялар узатаётган ахборот кўрсатувлари, спутник орқали эфирга чиқадиган каналларнинг тўхтатилгани ҳақида хабар бергандик. Тушдан сўнг халқаро телеканаллар CNN, Euronews, BBC World, DW телеканаллари ҳам узиб қўйилди. Халқаро Интернет тармоғидаги бир неча сайтларнинг очилиши қийинлаштирилиб, баъзиларига ҳукумат «хаккер»лари ҳужумга ўтишган. Шунга қарамай кўпчилик сайтларда воқеа-ҳодисаларга ойдинлик киритилмоқда.
Бугун Андижондаги исёнчилар штаби раҳбарлари томонидан мурожаатнома тарқатилди. Унда фаолиятига кўра Каримовдан фарқ қилмайдиган Россия диктатори Владимир Путинга мурожаат этилиб, шаҳардаги вазиятга нисбатан таъсир ўтказиш, ҳукумат ва исёнчилар ўртасида воситачилик қилиш таклиф қилинади. Қон тўкилиши, қурбонлар берилмаслиги лозимлиги айтилади, шундоғам бир қанча исёнчиларга қарата БТР, снайперларда ўқ узилгани таъкидланади. Ҳозирда Андижондаги майдонга 50 минг кишининг тўплангани, агар ҳукумат ножўя қадам қўядиган бўлса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан тинч аҳолии зарар кўриши мумкинлиги эътироф этилади.

Яқинда Тошкентда нишонланган Хотира ва қадрлаш байрами тантаналарида маддоҳлари билан сўзлашган президент Каримов халқаро Интернет тармоғи ҳақида гапира туриб, уни чеклашга уринган, унга тўсиқлар қўйган, бекитишга уринган одамнинг «қип-қизил аҳмоқ» (бу сўз Каримовники!) эканлигини таъкидлаганди, дейди мухбиримиз. Энди ўйлаб кўринг, Андижондаги ҳодисаларни яшириш мақсадида Интернетга тўсиқ қўйиш, хорижий каналларни бекитиш кимнинг иши?! Ким қип-қизил аҳмоқ?.. //«Ҳаракат»

Андижонда қон тўкилишини тўхтатинг!
(«Бирлик» Партиясининг Баёноти)

13 май 2005 йил

Кеча номаълум қуролланган гуруҳнинг Андижон шаҳридаги қамоқхонани босиб олиши ва у ердаги маҳбусларнинг озод қилиши билан бошланган қонли воқеалар даҳшатли нуқтага келди. Қуролланган гуруҳ қамоқхонадан кейин ҳарбий гарнизонга ҳам ҳужум қилди ва қуролли сафларини кўпайтириб олгач, вилоят ҳокимлигини босиб олди. Улар мусулмонларга қарши олиб борилаётган қатағонни тўхтатиш, «Акрамия» гуруҳига мансубликда айбланиб Андижонда судланаётган ва уларнинг фикрича бегноҳ бўлган одамларнинг озод этилишини талаб қилишмоқда.
Бу гуруҳнинг расмий ҳокимият муассасаларига қарши қуролли ҳаракатлари «Бирлик» Партиясининг демократик принципларига мутлақо зид ва биз тарафимиздан қораланади. Айни пайтда, шу нарсага кўз юма олмаймизки, бу гуруҳнинг талаблари узоқ йиллардан бери ўзбек мухолифати, ҳуқуқ ҳимоячилари ва дунё жамоатчилиги тарафидан олға сурилаётган талаблар йўналишидадир.

Ҳозирги вазиятда бу гуруҳнинг кимлигини, унинг талаблари нақадар мавжуд қонунларга зид ёки зид эмаслигини ўйлашга вақт йўқ. Чунки, воқеаларнинг ривожланиши катта қон тўкилишга олиб келишини ҳозир ҳамма тушунмоқда. Биринчи навбатда қилинадиган иш - қон тўкилишиниг олдини олиш бўлиши керак.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати бу каби вазиятлардан тинч йўллар билан чиқиш тажрибасига эга эмас, у ҳамма конфликтларни куч билан ҳал қилишдан бошқа нарсани билмайди. Андижонлик ва қўшни вилоятлардаги «Бирлик» фаоллари Андижонда юзага келган қонли тўқнашувни тўхтатишда иштирок этиш, керак бўлса қуролли гуруҳ вакиллари билан мулоқат ўрнатишда ёрдам бериш нияти билан расмий ҳокимият органларига чиқишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, у тараф, минг афсуски, бу йўналишда бирон қадам қилишни лозим кўрмаяпти.
Бугунги қон тўкиш ким тарафидан бошланишидан қатъий назар, бу воқеалар Ўзбекистон ҳукуматининг узоқ йиллардан бери олиб бораётган нотўғри сиёсатининг натижаси эканлигини ҳам алоҳида айтиб ўтишимиз лозим.

Шундай бўлса ҳам, «Бирлик» Партияси Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, бошланган қонли воқеаларни дарҳол тўхтатиш ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради. Қ