Эр Али Сокин - Тугён

ЖОНЛАНИШ
(1- кисм)
Узбекистон ёзувчилар уюшмасининг олди уяси бузилган арилар гужгон уйнаётган ин атрофини эслатарди. Одамларнинг бир хиллари бу уч каватли саргиш бино ичкарисига кираётган булса, иккинчи хиллари ундан чикаётган, бошкалари беш-олтита, баъзан бундан хам купрок гуж-давра булиб ниманидир мухокама килаётган булишарди. Афтидан бир давра вакиллари иккинчиларини танимас, ёки чала танир эди. Горбачев ошкоралигидан кейин бошланган бу хол 88-89 йилларда янаям авж олди: ёзувчилар уюшмасининг учинчи каватидаги мажлислар залида адабиёт хакида бошланган бахслар хаёт хакидаги бахсларга, пахта яккахокимлиги хакидаги гаплар Орол муаммосига, миллий масалалар тил муаммосига уланиб кетар, мунозараларнинг охири куринмасди.

Факат ёзувчилар уюшмасидагина эмас, илмий-текшириш институтларида, олий укув юртларида хам шу хил бахслар, тортишувлар давом этар, зиёли олимлар, талабалар, муаллимлар - деярли барча онгли ахоли - хаётдаги муаммолар, уларни бартараф этиш йуллари хакида уйлашарди, бахслашишарди. Узбекистон пойтахтидаги бу ахвол вилоят марказларида, катта кичик шахарларда хам бошкача бир куринишда давом этар, бу аслида ошкоралик ва демократиялаш, деб аталган сиёсатнинг меваси булиб Болтикбуйи ва Кавказорти худудларида, шу жумладан урислар, украинлар, белоруслар юртида олдинрок бошланганди. Бу хил, мохият эътибори билан миллий булган харакатлар нисбатан илгор республикаларда Узбекистондагидан фаолрок кечар, хатто 1986 йили Козогистон пойтахтида ёшлар «Республика рахбари уз халкимиздан булсин», дея кучага чикишганди. Ушанда хукумат кон тукиш эвазига булса хам бу чикишни тухтатди ва Москвадан юборилган Колбин исмли кишини респубика рахбари курсисига утказди. Лекин бу вокеа Козогистонда мустакиллик учун курашнинг биринчи сахифаси булди ва козокларнинг миллий шуурини уйгонишида катта рол уйнади.

Тугри, бир пайтлар 60 йилларнинг охирларида Узбекистонда хам миллий норозиликка ухшаш бир хол юз берди: «Пахтакор» футбол майдонидаги юткузик сабаб булиб, шухрок йигитлар оврупа миллатига мансуб кизларга тегажоклик килишган, трамвайларда номусулмон миллат вакилларига сукканлар хам булган, бу гап атрофга вахимали тарзда таркалиб, талабалардан айримлари укишдан хайдалганди... Кейинрок бир шоир, нахотки, армонинг футбол булган булса, деган саволни акс эттириб шеър ёзган ва миллатини оёк учида курсатадиган бир мунаккид унинг пустагини кокканди. Бу галги жонланиш у стихияли кутарилишларга унчалик ухшамас, афтидан унинг илдизлари чукур булиб, бир жихатдан республикадаги ички норозиликнинг ифодаси булса, иккинчи томондан бошка республикалардаги ахволнинг акс садоси эди.

Ёзувчилар уюшмаси биносига келиб-кетиб юрганларнинг аксарияти ниманларнидир кутар, якин орада кандайдир мухим вокеа буладигандай, безовта булиб, бир-бирига савол берар, мажлисларда сузга чикар, юрагидаги гапларини пойма-пой булса-да, тукиб солиб, бир нимани койил килгандай, пастга тушиб кейинги сузомолнинг гапига кулок осарди.

Ёзувчилар уюшмаси публицистика булими мажлисларидан бирида Орол муаммоси хакида гап кетди. Олимлар, адиблар, журналистлар, зиёлилар бири куйиб, бири олиб Оролнинг куриётгани, сув хар йили бир неча километр ичкарига чекинаётгани, денгизнинг куриган ерларидан чанг тузон аралаш, пахтага сепилаётган захарли дориларнинг колдтклари учиб, дала даштлар, атроф шахарлар захарли тузларга тулиб кетаётгани хакида сузлашарди. Шунда публицистика булимини бошкараётган Очил Тогаев Орол буйича комиссия тузиш кераклигини айтди, пастдагилар маъкуллашди ва комиссия тузилди. Унинг бошлиги этиб Оролга якин региондан келган, Рашидов даврида Республика адабий-бадиий нашрларидан бири – «Шарк юлдузи»га мухаррир булиб, Шароф ака вафотидан кейин Раъно Абдуллаева газабига учраб ишдан олинган адабиётшунос олим Пирмат Шермухаммадни сайлашди. Бир оз утгандан кейин бу комиссиянинг номини «Оролни асраш комитети», деб атай бошлашди. Тез орада бу кумита Ёзувчилар уюшмаси кошида ишлаб, руйхатдан хам утиб олди. Энди купрок бахслар ёзувчилар уюшмаси биносидан жой олган бу кумита фаоллари томонидан уюштирилган мажлисларда давом этарди.

Йигилишлардан бирида, нафакадаги партия ходими Нуриддин Мухиддинов билан учрашув бахонасида чакирилган бир мажлисда хам, Орол ва Орол буйидаги ахвол, аёлларнинг камконлигию, ногирон болалар тугилаётгани, ахвол шу тахлит кетаверса, худудимизда улкан фожиалар юз бериши, одамларнинг бошка жойларга кучирилиши хусусида сузлай бошлашди.

- Оролнинг куриши факат бу денгиз буйларидаги худудларгагина эмас, бошка жойларга хам салбий таъсирини утказмокда. Биласизларми, якинда Грузия тогларидан Оролнинг тузини топишибди, хатто Хиндистондан, Шимолий муз океанидан Оролдан учиб борган тузларни топишибди, - узига хос тахликали овоз билан сузларди Пирмат Шермухаммад. Унинг сузларида бироз бурттириш борлигини баъзилар хис этса-да, асосий омма гирт хакикат тарзида кабул килар, хаяжонланар, узича Оролга ва Орол буйига ёрдам бериш туйгуси билан ёнарди.

Качонгача ахвол шу тахлит давом этади? Нима килиш керак? Кул ковуштириб утираверамизми? каби саволлар ёгила бошлади. Биров чикиб, бундай холни уша ерга бориб обдан урганадиган жамоатчилик комиссияси тузиш кераклигини айтса, бошка биров юкорига хат ёзиш, бу хатга хамма кул куйиши лозим, дерди. Шу вакт пастдан 40 ёшлар чамасидаги, урта буйли, окишдан кура сарикка мойил юзли, жигаррангдан корарок сочлари калта киркилган, кирра бурун бир йигит суз сураб чикди ва «Оролни асраш комитетининг кейинги мажлисини Ленин майдонида утказиш керак. Шундагина хукуматга таъсир этиши мумкин», деб колди. Аник эсимда у йигит митинг сузини ишлатмади. Лекин, хайъатда утирганлар хам залдагиларнинг баъзилари хам бир сапчиб тушгандай булди. Чунки бу митингга чакирик эканлигини хамма яхши тушунди. Тезда кайтадан суз олган Мухитдинов:

- Йуг-е, куйсангизчи, митинг, деган нарсалар бизларга ярашмайди, чет элларда, Болтикбуйи жумхуриятларида буладиган гапларни бу ерда гапириб нима киласиз. Узбек халки маданиятли халк. У митинглар килмайди. Комиссия тузиб, текшириб, хукуматга ёзма маълумот етказсак, рахбарларимизнинг узлари бу масалаларни хал этишади, - деб бу чикишнинг натижаларини юмшатмокчи булди.

Мухитдинов бу ёш йигит сузини ерда колдирмайдиганлардан эканлигини сезгандек жиддий огохлантириш хам килиб куйишни лозим топди:

- Сиз ёш олим, фан доктори экансиз, келажагингизни уйланг.

Бу пайтларда Болтикбуйида ва Кофказ ортида Халк фронти каби ташкилотлар, хар хил партиялар тузилган, Тифлисда майдонга тупланган одамларни шуро аскарлари танк билан мажаклаб улдирган, армани ва озарбайжон уртасида ер талашиш можороси бошланиб булган эди. Купгина зиёлилар, гох давраларда, гох мажлисларда Узбекистонда хам халкни ёнини оладиган партия тузишимиз керак, качонгача итнинг охирги оёги булиб юрамиз, дея гапира бошлашди. Шу кунларга келиб бир сабаблар туфайли Ёзувчилар уюшмасининг котиби булиб олган Мухаммад Холикнинг ташаббуси билан уюшмадан командировка олиб Зохид деган бир адиб Болтикбуйига хам бориб, уларнинг дастурларини олиб келди. Аммо хозирча, уларнинг биронтаси юрак бетлаб, келинглар, партия тузамиз, дея олмасди.

Оролни асраш кумитаси ва ёзувчилар уюшмаси айрим ёзувчиларни Орол буйларига сафарга жунатиб, маколалар уюштиришди, эндиги купгина мажлислар, бахслар, тортишувлар Орол кумитасининг ташаббуси билан утадиган булиб колди. Орол, пахта яккахокимлиги, давлат тили каби муаммолар буйича унлаб маколалар босилди. Хукумат аъзолари, рус тилли ахолининг айрим вакиллари зиёлиларнинг бу хил активлигидан хайика бошладилар. Шу орада Мухаммад Холикнинг уткир публицистик маколалари куп чоп этилди. Хокимият вакиллари бундан норози булсалар хам, жим эдилар. Факат бир оз кейинчалик, Мухаммад Холик халк харакати тузувчиларининг ичида эканлиги маэлум булгач, унга хужум килиб курдилар. Урис журналистларидан бири 1988 йил декабрь ойининг бошларида Мухаммад Холикнинг шахсий душманлари топиб берган материаллар асосида, «Йулбошчи оммани кайга етакламокда ёки Холик Мадаминнинг иккиюзлилиги» деган фелъетоннамо макола билан чикди. Бу маколадан зиёлиларнинг аксарияти ранжиди, аммо урис журналистига карши чикиш узбеклар учун хали удум булмаган эди. Газетада макола чоп этилган куни Холикнинг олдига шу ерда ишлайдиган (бу пайтда у ёзувчилар уюшмасининг котиби эди) огайниларидан Эврилбек кириб колди.

- Нима киламиз, чаток булди-ку, бу макола, - деди Холик

- Парво килманг, боплаймиз, мен талабалар шахарчасига одам юбораман, ёшлар бу ишдан норози, деган гап таркатишимиз, керак. Улар бу ерга келиб, уз норозилигини айтишади, - деди ховликма дусти.

- Йуг-е, бу ерга келмасин... - у уйланиб колди, ёшларнинг уз ёнини олиши унга хуш ёкиб турган булса-да, аммо окибатда узига калтак тегишини уйлаб, индамай колди.

- Мен аллакачон одам юбордим, - тан олди, Эврилбек,- хали бери улар келиб колади.

- Ундай булса, бу ерга эмас, инкилоб хиёбонига кела колишсин, - шу ерда йигилиб норозиликларини эълон этишсин, яхши булади, - деди Холик бироз мамнунлик, бироз хавотир аралашган овоз билан.

Икки-уч соат утар утмас, ёзувчилар уюшмасининг уша пайтдаги биносига якин булган, инкилоб хиёбони деб аталадиган бокка хар томондан ёшлар йигила бошлади. Хавотирга тушган КГБчилар, миршаблар келишди, хар эхтимолга карши булса, керак, бир икки автобус хам олиб келишди. Аммо бир-икки ёш йигитнинг икки-уч огиз гапи демаса, хеч ким, хеч нарса демади. Бу ерга нега йигилдинглар, деган саволга, Мухаммад Холикни танкид килишгани учун, деб жавоб берган йигитлар булди. Ёшларни кучанинг нариги бетидаги Ёзувчилар Уюшмасининг биносига таклиф килишди. У ерда хокимият вакиллари бироз таргибот килиб, журналист кечирим сурайди, таркалинглар, дегандан кейин, ёшлар бирин-сирин таркалишди. Аммо урис журналисти хеч кимдан кечирим сурамади, икки уч кун утгандан кейин газетада Холикнинг узига карши ёзилган маколага раддияси босилди. Бу кейинги йигирма-уттиз йил ичидаги узбек зиёлисининг узини оклашига берилган биринчи имконият эди.


* * *
1988 йил ноябрининг урталари эди. Жаъфар институтдаги дарсларини тугатгач узи хам аъзо булган Ёзувчилар уюшмаси биносига келиб, бу ерда макон топган Оролни асраш кумитаси хонасига кирди. Хонада сув муаммолари, экология билан шугулланувчи олимлар, бир икки журналистлар узаро гаплашиб утиришар, бир-бирларига кандай йул билан Оролни тулдириш афзаллигини тушунтиришарди. Бирлари Сибир сувларини олиб келмаса денгизни тулдириб булмайди, деса, бошкаси узимиздаги сув ресурсларидан фойдаланиш мумкин, дея унга раддия билдирар, бошкаси эса, агар Сибир сувлари келса, урисларга янаям карам булиб коламиз, дея шеригининг гапини маъкулларди. Жаъфар бу хил гапларни куп эшитгани, олимларни унчалик танимагани учун сухбатга кушилмади, бир оз кузатиб тургач дахлизга чикди.

Саргишдан келган танкидчи таниши Али Аъзам Жаъфарга хам юз таниш булган ТошДУ домлалаларидан бири Кахрамон акага ниманидир уктирар, борайлик, деб уни боришга ундарди, Жаъфарни куриб, нимагадир, жим булди, хатто саломлашмади хам. Жаъфар ажабланиб, ижирганиб турдию, ташкарига чикди. Ташкарида бошка бир таниши, Ёзувчилар уюшмасида ишлайдиган йигит:

- Бугун тузилади, яхши булади, - деб унга кузини кисиб куйди.

Жаъфар эл орасида тузиш керак, деб куп айтилаётган мухим ташкилот хакида гап кетаётганини англади, аммо узини таклиф этишмаётгани учун, юрак ютиб, бир нима демади. Дарсдан чарчаб келгани учунми, ёки уларнинг муомаласини курибми, хафсаласи пир булди. Бино ташкарисида хар галгидай бесаранжом одамлар у ёкдан-бу ёкка юришар, давра-давра булиб бир-бирига гап уктиришарди. У бир икки танишлари билан кул бериб сурашиб, метро томонга икки уч кадам отган хам эдики, Али Аъзамнинг «Ху, Жаъфар!», деган овозини эшитди. Ха, нима гап, дегандай унга каради. Уларнинг кузлари тукнашишди.

- Ха, каёкка? Бормайсизми? - деди Али Аъзам кулимсираб. Унинг кулгусида кандайдир иликлик, аммо овозида мужмаллик бор эди. Бу иликликни сезган Жаъфар унинг олдига келиб гап нимадалигини аникрок билгиси келди, аммо Али Аъзамнинг саволида унинг боришини истамаётган кишининг носамимийлигини хис этиб, «Сизлар тузаверинглар, курамиз, кейинрок», - дедию йулига ровона булди. Хаёлидан, «сенлар бошлаган ишларни курганмиз, хаммаларинг кочкоксизлар», деган уй утди...

Шу уйдан кейинок якин йилларда булиб утган вокеалар, гоявий ганимлари каршисида бир узи колиб кетган кунлар хаёлидан кеча бошлади...


Хатчилар
...Бир гурух адабий зиёлилар Республикадаги адабий сиёсатдан - Раъно Абдуллаева бошлик мафкурачилар, худди 50-йиллардагидай адабиётни бир андазага солишга харакат килишаётганидан, бадиий асарларда хам Худо, пайгамбар каби сузларни ишлатишга карши булишаётганидан, талантли адиб ва шоирларни тазйикка олишаётганидан - норози булиб Москвага хат ёзишганди. Бу хат Москвадан Тошкентга - Марказком ихтиёрига текширишга юборилди. Шундагина хатга имзо чекканлар мактуб Дуст Мухаммад томонидан бошкатдан ёзилганини, норозилик хатининг бирнчи бетига «Шарк юлдузи» мухаррирининг номи унинг томонидан кушилганини сезиб колишди. Тез орада Пирмат Шермухамадни ишдан олишди. Айримлар, биз имзо куйган хатда Пирмат Шермухамаднинг оти йук, эди, дегандай булишди, аммо гишт колипдан кучган эди.

Хат бахона булиб, адабий давраларда кандайдир жонланиш пайдо булди, гарчи гирромлик аралашган булса-да, хатчиларга хайрихохлик хам хам бор эди. Уша пайтда Жаъфар Пирмат Шермухаммад шу хат бахонасида ишдан олинганини билмаган эди. Шу учун хам хатчиларга хайрихохлик кузи билан каради. Колаверса, ишхонада узи билан бир хонада утирадиган ошнаси Шухрат Рахмондан (у бир пайтлар ёзувчилар уюшмаси раиси Сарвар Азимовнинг ёрдамчиси булиб ишлаганди) бу хат оркасида, узи хурмат киладиган, ёзувчилар уюшмасига киришини тезлаштирган Сарвар Азимов турганлигини эшитиб, уларга хурмати ошди. Бир хонада утиришгани, куп масалаларда фикрдошлиги, хамдард ва хамфикрлиги боис, аста-секин хатчиларнинг таъсирига берилди, хатто уларнинг даврадошлари билан учрашиб турадиган, биргаликда унча-мунча масалаларни мухокама киладиган булишди. Худди шу хил йигилишлардан бирида Мухаммад Холик унга дук-пуписа аралаш: «Кандай килиб Сафаряннинг романи хакида макола ёзиб юрибсиз, ахмокона гап-ку», деб колди. Шу кунларда у университет мударрисларидан бири билан хамкорликда Республика давлат кумитасида раис муовини булиб ишлайдиган,(унга узини гуё химочи сифатида курсатган) Сафаровнинг китобига такриз ёзиб, Москвадаги унчалик машхур булмаган бир журналда бостирган эди. «Танкидингизни ярмини кабул киламан, чунки, сооавтрим бор», деб озгина хазил килди. Аммо Холикни бадтар жахли чикди. Улар йигилган уйнинг эгаси гапга аралашиб: «Жаъфар армани масаласини, Сафаровнинг кирдикорларини яхши билмайди», деб уни озгина химоя килди. Кейинчалик Жаъфар бу хужумнинг мохияти хакида уйланиб, Мухаммад Холикнинг шеърларидан айримларини мактаб айримларини химоя килувдим, ушани аламини олмадимикин, деб уйлаганди, аммо унинг узи билан бир учрашганида, биз бир давра тузяпмиз, куп нарсаларни мухокама килиб турамиз, даврамизга кушилмайсизми, деб сурагани, яна бир учрашганларида бир пайтлардаги конституциямизда «Узбекистонда давлаи тили узбек тили деган ёзув бор эди» хозир шуни кискартириб юборишган, биз биринчи навбатда уша пунктни киритишимиз керак, деганини эслаб, Холикдаги миллатпарастлик, миллат душманларига нафратни хис этиб, бу фикридан кечди.


* * *
Жаъфар ёлгиз йигит булиб, онаси, аёли, кизи ва турт угли билан яшар, журналлардан бирида оддий мухаррир булиб ишлар, шу ердан олинган мояна ва унча мунча макола ва китобчаларидан олган калам хаки хисобига бола-чака бокарди. У табиатан тажангрок булиб, узи нохак деб хисоблаган нарса ва ходисаларга карши чикар, атрофдаги катта ёшдагилар уни бетгачопар деб хисоблашса, тенгдошлари хакикатгуй деб билишарди. Шу феъли туфайли мактабда укитувчиларидан, университетда домлаларидан дакки еб юрарди...

Студентлигида пахта теримида булиб утган бир хангома хамон эсида. Талаблар бир оз пахта теришгач давра булиб утириб хангома айта бошлашди. Гурунг кизиб турганда муаллимлари келиб колди, Жаъфардан бошкалар туриб, пахта тера бошлашди. У эса нимагадир, балки узи ёктирган киз шу атрофда пахта тераётганини сезиб тургани учундир, намойишкорона утираверди. Домла Хидирали Акрам:

- Ху, шапка, тур урнингдан, пахтани тер, - деди. Домланинг шапка, дегани унинг энсасини котирди.

- Термайман! - деди.

- Ия, нега термайсан? - хайрон булди, Хидирали ака.

- Биз терган пахта, ректорнинг олдида Сизнинг обруйингизни кутаради, ректор эса, Рашидов олдида обру олади, пахта эса урисларга сув текинга берилади. - Жаъфар нега бундай соддадилларча, калтис гап айтганининг сабабини халигача хам тушунмайди.

Хидирали ака бу гапдан бир чучиб тушди, атрофга олазарак каради, бир зум индамай турдию, нарирокка бориб, хаёл суриб утириб колди. Кейинрок бир мажлисда «бу курсда Жаъфарга ухшаган авантюристлар бор», деган булса-да, бу гапнинг мазмунини, нега уни авантюрист деб атаганини бошкаларга айтмади...

Такдирнинг уйинини карангки, унинг шу хил бетгачопарлигини ёктириб колган домлалар хам топилди. Нурбек Оллоберганов, улар институтни тугатганларида, бир четга чакириб, «Сен Тошкентда кол, вилоятга борсанг, бор билимингдан хам ажраб, саводсиз булиб, йук булиб кетасан, иложи борича сенга ёрдам беришга харакат киламан», деди. У Тошкентда колиб редакциялардан биридан иш топиб, шу ерда ишлай бошлади. Нурбек Оллобергановнинг рахбарлигида номзодлик диссертациясини ёклади. Уйланди, бола-чакали булди.

Жаъфар Нурбек Оллобергановнинг таъсирида бир икки одамнинг жангарилиги билан хеч нарса булмаслигини тушингандай булди. Узига хамкор, хамдард ахтарарди. Хатчилар давраси унга хамдардлар давраси булиб туюлганинг бир сабаби эхтимол шудир.

Ишхонадагилардан баъзилари уни талантли каламкаш деб билишса, баъзилар Тошкентга нон ахтариб келган бир кимса, деб карашар, муомала хам шунга яраша эди. Тахририятда ишлаб юраркан, номзодлик диссертациясини ёклади, китоблар чоп эттирди узи мутахассис булган булимга мудир килиб куйишди. Бир-икки йил утар-утмас, узи бир пайтлар шеърларидаги айрим носозликларни танкид килган, янги директор ишга келди. Уни аста-секин ишдан четлатишга харакат бошланди. Нихоят у уз аризасига мувофик ишдан кетиб, дастлаб жамоатчилик институтларидан бирида нашриёт булимини бошкара бошлади. Сунг эса домласининг ёрдами билан институтга ишга утди. Фан номзоди булишига карамасдан институтга катта укитувчи, сифатида ишга олишди. Аммо у бундан хафа булгани йук. Эл катори дарсини бериб, муаллимлик килиб юра берди. Аммо давра билан борди-келдисини канда килмади.

Жаъфар бу давра билан калинлаша бошлаган кезларда Республиканинг бош газетасида «Гоявийлик адабиётимизнинг бош мезони», деган бош макола чикди. Бу бош маколада, кейинги пайтларда адабиётнинг партиявийлигига эътибор берилмаётгани, гоявий хато, пессимистик, хатто зарарли асарлар чоп этилаётгани айтилган, Шукрулло, Рауф Парфи, Шароф Бошбеков каби адиблар танкид этилганди. Шуро замонида бош макола курсатма, конун тарзида кабул килинарди. Эртасига барча газеталарда чоп этилган бу макола асосида барча ижодий органлар, нашриётлар, мухарририятлар текширила бошланди. Ижодий органларга, нашриёт ва мухарририятларга ишларни шу маколада курсатилган талаблар асосида ташкил этиш, гоявий хато, пессимистик асарларни чоп этмаслик хакида алохида курсатмалар берилди. Барча жойларда бу бош макола «ишлаб чикилди» ва газета редакциясига, марказкомга хисоботлар топширилди...

- Бу хил бош маколаларнинг чоп этилиши чаток-ку, агар шоир ва ёзувчилар ижоди шу макола асосида текширилса, анча-мунча кунгилсизликлар булиши мумкин, - деди Жаъфар, хонодоши Шухратга. Шухрат бош иргаб маъкуллади, сунг узига хос эхтиёткорлик билан имлаб «болахонага чикинг» ишорасини килди. У болахонага чиккач эса, «Мен хам шу фикрдаман, оксокол хам (у Сарвар Азимов ёзувчилар уюшмасининг раиси булганда ёрдамчиси булиб ишлаган, унинг олдига гох-гох бориб турарди) бу маколадан норози, аммо уларга карши нима хам килиб булади, деди.

- Хат килиб Москвага юбориш мумкин, ахир у ёкдаги сиёсат бу ердагидай эмас-ку, - деди Жаъфар.

Хатчиларнинг кейинги йигилишларида гап шу масала атрофида борди. Кимдир хат ёзиш гоясини маъкуллади, кимдир, бу ишдан фойда йуклигини, хат текширишга марказкомга юборилиб, яна Абдуллаеванинг одамлари кулига тушишини айтди. Шу тарика бир карорга келиша олишмади.

- Бу бош маколани Латиф Каюм, Хурсанд Абдусаматлар ёзганлиги аник, уларнинг узи умр буйи Яшиннинг атрофида юриб, сувни лойкалатиб келишади, Кодирийга тош отишади, Чулпонни улгидай ёмон куришади, - деб гап бошлади, Жаъфар, - узларининг ёзганлари эса, турган битгани халтура. Латиф Каюмнинг китобини укиб чикдим, 70-80 фоизи кучирма.

- Шуларни домлангиз Нурбек ака билан макола килиб ёзсангиз булмайдими? - деди Шухрат Рахмон.

- Уни каерда бостирасиз? Хамма газета-журналлар уларнинг кулларида булса,- деди Жаъфар.

- Булмаса яна Москвага ёзайлик, ахир Горбачнинг сиёсати бошка-ку!? - гапга кушилди Учкун Азим.

- Бошка булсаям, улар бизларни хуш курмайди,- деди Холик.

- Аммо бу гапларни шундай колдириб булмайди, нимадир килиш керак, - деди Мирзо Хамдам.

Шу тарика, Латиф Каюм, Хурсанд Абдусамат, Ражаб Бобожонларнинг китобларини укиб чикишадиган, уларнинг камчиликларини фош этиб, рус тилида хат тайёрланиб, Москва марказкомига юборадиган булишди. Бу иш бир оз иммиллаб булса-да, бажарилди. Кимдир Латиф Каюмнинг китобида бошкалардан куштирнок билан олинган кучирмалардан ташкари угирлаб кучирилган уринлар борлигини аниклади, бошка биров Ражаб Бобожоннинг ночор ва хом сатрларини топди. Шу тарика бош маколани ёзганларга карши хат тайёрланди ва Москва марказкомига юборилди. Аммо куп вактгача хеч кандай жавоб булмади. Шу орада Узбекистон ёзувчиларининг навбатдаги курултойи чакирилди ва Москвага юборилган хат асосида Курултойга очик хат ёзиладиган, хамма узининг якинларига имзо чектириб берадиган булди. Курултой бошланадиган кунга беш-олти кун колганда хат тайёр булди ва хар ким узига якин деб билган адиб, олим ва шоирларга имзо чектира бошлади. Шу тарика 30 кишидан ошик кишининг имзоси йигилди. Курултой бошланишига бир кун колганда вилоятлардан хам адиблар келиб мехмонхоналарга урнашишди. Хатчилар уларнинг имзоларини хам куйдирадиган булишди. Гайбулла Ахмад, Шухрат Рахмон, Жаъфарнинг машинасида «Тошкент» мехмонхонасига бориб, вилоятлардан келган таниш ёзувчиларини топиб уларнинг имзоларини куйдиришди. Шу тарика ёзувчилар уюшмасининг 54 аъзоси бу хатга имзо куйди. Хатчилар назарида эртага улар мактубни укиб беришиб, хамма сув лойкалатувчиларни фош этиб галаба нашидасини суришадигандай эди. Аммо натижа бошкачарок булиб чикди...

Навоий театри биносида бошланган Курултой хайъатига Узбекистон Компартияси Марказкомининг Абдуллаева бошлик казо-казоларию, Социалистик мехнат кахрамонлари, халк ёзувчиси деган унвонларни олган арбоб адиблар сайланишди. Ким гапириши хам олдиндан белгиланиб куйилгани айтилди. Аммо хатчиларнинг бир кисми, ёшлардан бирига суз берилиши лозимлигини айтиб, юкорига хат йуллай бошлашди. Бу хатларга бирон муносабат билдирилмагач, Мирзо Хамдам туриб, огзаки равишда «Ёшларга суз берилсин!», дея бакирди. Аммо унинг овозини хамма хам эшитмади.

- Ёшларнинг вакиллари хам гапиради, - деди, уюшманинг уша пайтдаги рахбари Улмас Умарбеков. Аммо Курултой бошланганига икки уч соат булганига карамасдан ёшларга суз берилмади. Хатчилардан айримлари Хайъат аъзолари утирган ерга утишга харкат килишди, аммо у ерга борадиган йулакларда узун буйли, елкадор йигитлар туришар, утишга йул беришмасди. «Биз чикиб гапирмокчимиз, хат бермокчимиз», деганларга улар юмшоклик билан, «Хатингизни бизларга беринг, олиб бориб берамиз», дейишарди. Танаффус эълон этилди.

Жаъфар Учкун Азимга:

- Танаффус вакти чикиб, опа билан гаплашмаймизми? - деб таклиф килди. Кетдик, деди Учкун.

Улар хали пасга тушиб улгурмаган хайъат аъзолари олдига чикиб боришди.

- Опа, ёшлар Сиздан норози, - деди Жаъфар дабдурустдан, Абдуллаевага якин боришгач. Учкун эса:

- Ундай деманг-ей, - деб унинг гапини булди. - Бизнинг Сизга арзимиз бор, - деб кушиб куйди.

- Нима арзларингиз бор? Эшитамиз, -деди Абдуллаева чиройли кузойнаги оркасидан хавотир билан караб.

- Ёш каламкашлар Курултойга хат ёзишган. Шу хатни укиб беришимиз керак, - деди Жаъфар.

- Кандай хат у, кани менга берингларчи!?

- Курултойга хат, 54 ёзувчи кул куйган, мана, куришингиз мумкин,- унга хатни узатди Жаъфар.

- Хатларингизни раисларингиз куриб чиксин, - деди Абдуллаева, мактубни Улмас Умарбековга узатаркан.

- Бу ёкка олинг, хатни. Улмас акага бериш керак булса, узимиз хам бераверамиз, - Жаъфар хатни унинг кулидан юлиб олди.

- Боже мой, секретарью ЦК такое отношение?!.. - деди ажабланиб, Узбекистон марказкомининг маданият булими мудири Мадикаримова.

Абдуллаеванинг хам жахли чикиб кетди.

- Бу канакаси, кимсизлар узи? Нима демокчисизлар?

- Хеч нима демокчи эмасмиз, бор-йуги хатни укиб бермокчимиз! - деди Учкун Азим.

- Бу канакаси, яхши ишламайсизлар, булар уюшма ичида уюшма тузишибди, Сиз каёкка карагансиз?- Улмас Умарбековга караб бакирди Раъно Абдуллева.

- Ху, йигитлар. Бу ёкка каранглар, беринглар менга хатни. Биргалашиб хал этамиз. Нима мунча вахима киласизлар. Ечилмайдиган жумбок борми? Хаммасини ечамиз.

Жаъфар юмшаб унга хатни узатаркан:

- Бу хатнинг бир нусхаси, бошка нусхалари хам бор. Бизлардан биримизга суз берсангиз, укиб берамиз, - деди.

- Укиб курайлик, балки суз берармиз, факат тинч утиринглар.

- Бупти, тинч утирамиз, факат суз олиб берсангиз булди, - деди Учкун Азим.

Аммо Курултойнинг тушликдан кейинги мажлисида хам хатчиларга суз берилмади. Пастдан туриб, суз сураб хат ёзувчилар купайди. Хайъатдагилар саросимага тушиб колишди. Абдуллаева шошилинч танаффус эълон килди ва коммунистларнинг залда колишларини илтимос килди.

Коммунистлар залнинг бир чеккасига йигилиб утиришди. Журъат коммунист булмаса-да, курсиларнинг оркарогига бориб писибгина утириб олди. Абдуллаева уларга караб ушкира бошлади.

- Куда вьi смотрите?! Куда смотрит партбюро? Что за отношение уважаемьiм писателям...

У коммунист ёзувчиларга хайъатдаги «обрули ёзувчиларни сукиб» ёзилаётган хатлар хакида гапира бошлади.

- Уларни камаш керак! - деди чийиллаб пастак буйли, озгин ёзувчилардан бири.

- Бас килинг демогогияни! - бакирди, унга караб Абдуллаева ва узининг нуткини давом эттира бошлади...

Хуллас, хат укилмади. Хатчилар Курултойдан хафсаласи пир булиб кайтишди.

Ёзувчилар уюшмасининг Курултойидан кейин Курултойга ёзилган очик хатга имзо чекканлардан айримлари уз имзоларини кайтиб ола бошлашди. Мухаррам уз имзосини учириб куйишларини илтимос киларкан, эри Латиф Каюмнинг кулида ишлашини, агар у уз имзосидан воз кечмаса, уни ишдан хайдаб юборишлари мумкинлиги айтди. Шу арафада хатчиларга гох ошкора, гох яширин тазйиклар хам бошланиб кетди. КГБ хизматчилари хатчилар мажлис учрашадиган уйлар атрофида изгийдиган, уларнинг машиналари оркасидан юрадиган булиб колди. Кунлардан бирида, тун ярмидан утганда Жаъфар Гайрат Ахмад ва А.А.ни уйига ташлаб, келаётганида оркасидан изма-из келаётган УАЗикка эътибор берди. «Нахотки кузатишаётган булса, ахир улар КГБ кузатадиган даражада ёмон иш килишмаётибди-ку!?»

У машинага газ берди-ю, пасткамрок кучага етганда рулни илонизи кучалардан бирига бурди, тухтаб УАЗикни текшириб курмокчи булди. Машинадан тушиб катта йулга муралади: УАЗикдан икки одам тушиб у ёк, бу ёкка аланглаб турарди. Жаъфар бир неча дакика шу ерда турди, кузатувчи машина юриб кетгандан кейингина бошка бир йулдан уйига кетди.

Шу арафада уни булим мудириликка кутарган мухаррир ишдан кетиб, узи бир пайтлар шеърларини танкид килган шоир сукаррирликка утди-ю, тахририятда хам унга бошкача куз билан карай бошлашди. Бунинг устига нашриётда чоп этилаётган китобини корректурадан кейин туртинчи марта тьакризга берилгани маълум булди. У хатчилар билан учрашганда бу янгиликни айтган эди, Учкун Азим «Бу биз учун янгилик эмас, менинг, Мирзонинг, Рауф аканинг, Холикнинг китоблари хам кушимча такризларга берилган», деди. Кушимча такризлардан кейин шоирларнинг айрим шеърлари олиб ташланди, маколалар кайта тахрир этилди. Улар шу ва бошка маслалар юзасидан турли жойларга, шу жумладан, «Литературная газета» мухбири Владимир Соколов олдига хам кадам ранжида килишди. Владимир Соколов Гайрат Ахмал ва Жаъфарни кутиб оларкан, радио овозини баландрок килиб куйди, афтидан у хам республика хукуматидан, КГБчилардан хайикар, айни пайтда хатчиларга ёрдам бергиси бор эди. У хатчиларнинг урис тилидаги мактублари билан танишиб чикиб, иложини топса ёрдам беришга суз берди. Шу хил вокеалар, калам хакларининг бир кисмини олишгани ва нашриётдаги бошликларнинг ёрдами туфайли бу китоблар дунё юзини курди.

Хатчилар гарчи, уюшмаган тарзда булса-да, хали хам йигилишиб туришар, энди нима киламиз, деган масала хар гал кун тартибида эди. Югур-югурлар, учрашувлар, берилган телеграммалар изсиз кетмади, ёзувчилар уюшмасида булиб утган навбатдаги мажлис хатнинг мухокамасига багишланди. Имзо чекканлардан аксарияти, фаол адиблар, оксокол ёзувчилар катнашган бу йигинда хат укиб эшиттирилди. Уни Уткир Хошимов узига хос кироат билан укиди. Адиб Аскад Мухтор асосий маърузачи булди. У бир амаллаб урисча ёзилган нуткини тугатаркан, ёшларни инсофга чакирган булди. Хатчилар хеч нарсани узгартириб булмаслигига амин булгандай утиришарди. Аммо улардан айримлари сузга чикишга тайёрланиб боришган эди. Чикиб гапира бошлашди... Жаъфар хам сузга чикиб, узларининг плагиатни ушлашгани, аммо уларнинг хатига жавоб бермасдан бутунлай бошка нарсалар хакида гап юритишаётганини кистириб кетди.

- Назаримда Москвада адабиётга нисбатан бошкача сиёсат, бу ерда эса бошкача сиёсат кетмокда.

- Канакасига? Исботингиз борми?! - савол берди Абдуллаева.

- Шунакасига,исботим бор.Масалан, Нурбек Оллабергановнинг “Вопросу литератру”да маколаси чикди. У ерда Чулпон, Фитрат каби ёзувчиларнинг ижодини урганиш кераклиги хакида ёзилган. Шу макола таржима этилиб турли редакцияларга топширилди. Аммо улар босиб чикаришгани йук. Бу исбот эмасми?

- Мархамат мана, редакторлар утиришибди, чикараверишсин, - деди у мугомбирлик билан. Хар бир жиддий-ножиддий макола мафкура булимининг рухсати билангина чоп этилишини хамма билар, аммо юрак ютиб, нега шундай сиёсат утказяпсиз, деб огзаки айтишга хайикишарди.

Шундай килиб, хатчиларнинг фаолияти деярли маглубият билан якунлана бошлади. Уларнинг аксарияти хатчиликдан хам безор булишди. Фаолиятлари галаба билан тугалланмагач, купгина жойларда уларга истехзо билан, гохида газаб билан караш бошланди. Юкорида эслатилган бош макола муаллифларидан бири халиям Республикадаги энг катта газетанинг бош мухаррири булиб туриши асабларига тегарди. Гайбулла Ахмад билан Жаъфар учрашиб колиб, «Нима киламиз?», деб бошлари котишди..

- Урисчалаб, Москва марказкомига телеграмма бермаймизми? - деди Гайбулла. Жафар рози булди. Улар почтага бориб “Плагиат Латиф Каюм качонгача Республика газетасининг бошида туради” деб телеграмма беришди. Куп утмай, яна плагиатлик масаласи Узбекистон Марказкомида мухокама килинадиган булди ва мажлисга Жаъфар билан Гайбуллани хам таклиф этишди. Улар кириб боришганида мухокама бошланиб кетган, Ёзувчилар уюшмасининг бошликлари, номдор ёзувчилар, марказкомнинг масъул ходимлари Учкун Азимнинг гапларини тинглаб утиришарди. У эса куюниб, шундай номдор одамнинг китоби укиб булмайдиган даражада иктибосларга тула эканлиги, хатто куштирнокка олмай ишлатилган, угирланган уринлар мавжудлиги хакида гапирарди. Сунг Мирзо Хамдам суз олиб Учкун Азимнинг гапларини тасдиклаб, бу хол нихоятда уят эканлиги хакида каттик сузлади. Даврадагилардан бир кисми ёшларни инсофга чакириб, яна бирлари «Кани энди, келишинглар», деган охангда сузлашарди. Суз навбати Гайбуллага етганида у Мирзо Хамдамнинг ва Учкун Азимнинг гапларига кушилишини, бу ишни бундай колдириб булмаслигини айтди.

- Куйинглар энди, шу гапларни, келишинглар, нима талабларинг булса, айтинглар, домла хам кечирим сурасин, - деди Улмас Умарбеков. Суз навбати Мухаммад Холикга етганида у (бу вактда ишсиз эди):

- Бизни бу домлада хусуматимиз йук, унинг плагиатлиги билан хам ишимиз йук, эди. Биз бу масалани, домла умр буйи Чулпон ва Фитратга карши курашгани учун кутаряпмиз, - деб картани очиб ташлади.

- Келишайлик, Чулпон ва Фитратнинг китобларини чикаришга мана, мен суз бераман. Чикади, тушининглар. Шу масалага энди кайтмайлик. Хамма розими? Кани яна ким гапиради?

Шу пайт Мирзо Хамдам туриб яна бош мухаррирни айблаб сузлай бошлади, кимдир Учкун Азимга имо килдими, у Мирзо Хамдамнинг камзили баридан тортди. Мирзо хайрон булиб урнига утирди.

- Мен гапирай, - деди Жаъфар, суз олиб, - Кечиринг... Чулпон уз йулига, плагиат одам... - деб энди гапира бошлаган эди, даврадагиларни деярли барчаси, Мирзо Хамдам ва Гайбулладан бошкаси бирдан норозилик билдира бошлашди.

- Куйинг-да, энди!

- Хадеб бир гапни такрорлайверасизми? - каби овозлар хар томондан эшитилавергач, у шалвираб урнига утирди. Уни хаммасидан хам уз даврадошларининг гаплари танг колдирган эди.

Каридорда кетиб боришаркан, Жаъфар бир шумлик ишлатгиси келиб колди. У Латиф Каюмнинг улардан уч олишидан хайикарди.

- Улмас ака! Биз биламиз, Латиф ака КГБнинг одами. Бизни КГБга тинимсиз сотаётган хам у. Аммо яна шу ишини давом эттираверса, унинг бошка айбларини хам очиб ташлаймиз, - у овозини секинлатиб кушиб куйди, - бизда унинг хотин-кизлар билан булаётган пайтининг суратларигача бор...

- Жаъфар, куйинглар шу гапларни, домлага мен айтаман, у тинч юради, - деди Умарбеков.

Бупти, деди соддадил Жаъфар, узининг дахлизда айтган гапи узига зарар келтиришини ушанда уйламаган эди...

Улар ташкарига чикканларида Мирзо Хамдам охирги гапини айтди. Жаъфар ака ва Гайбулла Ахмаддан бошка хаммамиз сотилдик. Учкун Аъзам унинг гапини маъкуллаб кулди...


* * *
Жаъфар шуларни уйларкан, Али Ахмаднинг гапига кириб уша жойга кетавермаганига ачинди, айни замонда, у ерга кимлар боришини уйлаб боши котди. Халиги ТошДунинг домласи, Орол Комитетининг мажлисда митинг килайлик деб гапирган йигит, яна бир икки хатчилар борса керак, деб уйлади. Унга Гайрат Ахмад бормаслиги аник эди, зеро кейинрок уни куриб колганида, унга хаммасини ёмонлаган, «Иккаламизни ташлаб кочиворишди, Мухаммад Холик шу бахонада котиб булиб олди, хаммаси, сен билан биздан бошкаси бари илинж билан юрган экани маълум булди, энди уларга якинлашмайман», деган эди. Жаъфар Гайрат Ахмаднинг бу гапини эслаб, «бормаганим тугри булган экан» деган хулосага келди.

Жаъфар эртасига яна уюшма биносига келди. Хамма огзи кулогида, «Тузилибди», «Бирлик» деб ном куйилибди. Дадахон аканинг уйида тузилибди, 16 одам катнашибди», деб бир-бирига гап уктиришарди.




(Давоми бор)