11 November 2011
21:23 - Олмаотада Нурсултон Назарбойнинг ҳайкали очилди, нега Ислом Карим ўзига ҳайкал қурдирмайди?

Бугун Олмаотадаги Қозоғистоннинг биринчи президенти номли паркда “Қозоғистон” деб ном берилган монументал композиция очилди. Композициянинг марказида, расмда кўраётганингиздек, Нурсултон Назарбойнинг ҳайкали бор.

Қозоғистон омавий ахборот воситалари Нурсултон Назарбой ўзига ҳайкал қурилишига қарши эканлигини, 2009 йилда Чимкентда ҳайкал қўйилишининг олдини олганини айтишмоқда. У қадимий Рим императорларидан бирининг сўзларини эслатиб, “Вақти келиб, одамлар бу кимнинг ҳайкали деб сўрашларини истамайман, нега у одамга ҳайкал қурилмади, деб сўрашсин” дебди. Олмаотадаги ҳайкалга у рухсат бериб-бермагани хабарларда айтилмайди.

Маълумки, Нурсултон Назарбойга биринчи ҳайкал Анқарада қўйилган. Шу кунларда Молдованинг гагауз турклари яшайдиган автономиянинг пойтахтидаги паркда унинг бюстини қўйишга қарор қилинди.

Диктаторларнинг ҳайкали масаласи доимо одамларнинг диққат марказида бўлган. Ислом Карим нима учун ўзига ҳайкал қурдирмайди деган савол бизнинг сайтимизда ҳам кўтарилган ва ҳозир одамлар ичида юрган қуйидаги латифа эслатилганди.

Икки одам бир-бири билан гаплашмоқда.

- Нимага Ислом ака ўзига ҳайкал қўйдирмайди?

- У киши “Бирлик”нинг Тошкентдаги кўп минг кишилик митингларидан кейин одамларнинг бир ерга тўпланишидан қўрқиб қолган. Шунинг учун Тошкент марказидаги ҳамма майдонларни ҳам йўқ қилиб ташлади.

- Ҳайкал очилишига келадган одамлардан ҳам қўрқади демоқчимисиз?

- Йўқ, ҳайкал бузилаётганда йиғиладиган оломондан қўрқади.