20 April 2023
16:35 - Юсуф Жума: САҚЛАБ БЎЛМАС ЭЛ - ЮРТ БУТУНЛИГИНИ - ЖАҲОЛАТ ЖИНОЯТ САНАЛМАС ЭКАН…


Инсон ўз умрини вайрон этади,
Жаҳолат жиноят саналмас экан.
Тентак кўкдай тескарига кетади,
Жаҳолат жиноят саналмас экан.

Жоҳилларни қамаб ўқитиш шартдир,
Ўзига кўр кўзин чўқитиш шартдир,
Дунё тузалмайди - уқтириш шартдир -
Жаҳолат жиноят саналмас экан.

Нодонлик жазосиз қолмадими - дарс,
Эсини танишга уринар ҳар кас,
Жаҳолатга емиш - инсоният,бас,
Жаҳолат жиноят саналмас экан.

Билсин - номус жондан устунлигини,
Билсин - оқ юз жондан устунлигини,
Сақлаб бўлмас - эл - юрт бутунлигини,
Жаҳолат жиноят саналмас экан.

Жаҳолат жиноят саналмас - демак -
Ҳалокат жиноят саналмас - демак -
Жиноят жиноят саналмас - демак -
Жаҳолат жиноят саналмас экан.

2023 йил, 18 апрель.

* * * * *

Чинакам эрк керак ботир эрларга,
Кўзга илмайдилар улар жонларин.
Тузумга ёқмайди инсон сорлари,
Овлаб турадилар қаҳрамонларни.

Бир оз йўл берилар айрим чоғларда,
Эл майдонга чиққач, йўллар боғланар,
Улус қочар, эрлар қолар,тиғланар,
Овлаб турадилар қаҳрамонларни.

Айланмаслиги шарт мардлар қўшинга,
Айланса,ёйилмай руҳи очунга,
Уруш бошлайдилар - шундоқ ойинда,
Овлаб турадилар қаҳрамонларни.

Битта тандир барча давлатлар зимдан,
Ҳар бири бир муча, жони зулмдан,
Буйруқ битта бошдан - битта тузумдан,
Овлаб турадилар қаҳрамонларни.

Очун - зиндон, томини осмон билсанг,
Тухум тўғиб берсанг - товуқ - қул бўлсанг,
Кечирмаслар кўкларни талаб қилсанг,
Овлаб турадилар қаҳрамонларни.

2023 йил, 17 апрель.