18 April 2023
15:28 - Юсуф Жума: ҲАР ҲАДИС - ТАНГРИДАН ҲИССА -ЎЗИДАН ТУШГАН МЎЪЖИЗА, ҚОШИДА НЕ СИРЛИ ҲАССА?! - БУЮКЛИГИГА ШУБҲАМ БОР…
Фирдавсий - ёлғончи, эзма,
Буюклигига шубҳам бор.
Сўз ҳикмат бўлмаса - чўзма,
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳикматдир Тангрининг бўйи,
Сўз эмасдир ундан қуйи,
Буюк аталганлар войи -
Буюклигига шубҳам бор.

Бўлсанг ҳам Мусо - динда бий,
Бўлмасанг Мусо Хоразмий,
Мен билан шон талашма, қўй,
Буюклигига шубҳам бор.

Улуғларнинг карвонида -
Катта хато бор сонида -
Ким Ибн Сино ёнида?! -
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳақ донғи - Муҳаммад элчи -
Қонимда қонидан томчи -
Ўғиз ўғли, ўзга ҳиччи -
Буюклигига шубҳам бор.

Ҳар ҳадис - Тангридан ҳисса -
Ўзидан тушган мўъжиза,
Қошида не сирли ҳасса,
Буюклигига шубҳам бор…

Омборчинг бўлай, БируБор,
Ҳикмат омборингда пойдор,
Де: Юсуфдан бошқадир хор -
Буюклигига шубҳам бор.

2023 йил, 17 апрель.

* * * * *

Бир қўшоқ - қўшалоқ - икки севишган.
Туну - кун қовушган, фақат қовушган.

Очундан ўтдилар, бошланди сўроқ,
Билмаслар Тангри ким, не тамуғ, учмоқ?!

Тамуғга ташлашди, уларга нима -
Икки оташ ўтда ёнарми сира?!

Тағин ўша - ўша икки севишган -
Оловлар оловлар ичра қовушган.

Дўзахда тўғилди улардан бола -
Оташлардан оташ тўраган тоза.

Болани учмоққа олиб ўтдилар,
Азиз амри билан азиз тутдилар.

Болакай жаннатни ларзага солди,
Оёғини ерга тиради - олди:

Тўғилган жойимга кетаман деди,
Учмоқ эди - чунки она кент эди.

Йўқ, йўқ, бу учмоқ деб куйладилар кўп,
Бола дер: тўғилган ерим бундан хўп.

На учмоқ, на Ўзи бўлолмайди тенг,
Жаҳаннам бўлса ҳам она юртим кенг!…

2023 йил, 17 апрель.

* * * * *

Ҳатто икки оёғи гўрда барча - барчанинг,
Кексами - ёш, сақласин, ҳаёт қалтис шунчалик.
Ҳақиқатни айтсанг-чи, юзингни оқ этсанг-чи,
Имкон - уч - тўрт кун, балки узоқ эмас унчалик…

2023 йил, 16 апрель.

* * * * *

Ўзидан ўтганни билади ҳар ким,
Менинг бошқалардан фарқим бор - шулким -
Биламан ўтганин бошқалардан ҳам,
Мазлумлар дардида турғунман - муқим…

2023 йил, 16 апрель.