30 January 2023
14:21 - Қирғизистон ҳам лаганбардорликка ўтмоқда: «Барқарорлик келтирадиган иттифоқчилик учун пойдевор» – қирғизистонлик экспертлар Шавкат Мирзиёнинг ташрифи борасида
Чегара муаммосининг тўла ҳал этилиши, темирйўл ва энергетика соҳасидаги келишувлар каби Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги муваффақиятлар бошқа давлатлар учун ҳам туртки бўлмоқда. Бу фаоллик – минтақага иқтисодий тараққиёт ва барқарорлик олиб келадиган иттифоқчилик учун пойдевор бўлиши мумкин, дейди сиёсатшунослар.

«Музокаралар давомида ўзаро товар айирбошлаш даражасини 2 миллиард долларга ошириш режалаштирилаётгани ҳақида баёнотлар берилди. Буни инвестиция соҳаси ҳам тасдиқлайди – ўзбекистонлик тадбиркорлар мамлакатимизга сармоя киритишга тайёр, биз ҳам бу борада очиқмиз», - дейди Қирғизистондаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори Канатбек Азиз.

Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, «мамлакатларнинг худбинлиги» Марказий Осиёдаги муаммоларни ҳал қилмайди. Шу билан бирга, Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларида эришилган муваффақиятлар бошқа давлатлар учун ҳам туртки бўлмоқда. У Самарқандда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича келишувларга эришилганини эслатди. Маълум бўлишича, 2023 йилнинг июнигача темирйўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.

“[Темирйўл] орқали Форс кўрфази ва Европа портларига чиқиш – катта иқтисодий имкониятдир. Бугунги кунда йўлакларимиз асосан Қозоғистон орқали Россияга ўтади. Муқобил йўллар пайдо бўлиши Қирғизистон иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатади», - деган сиёсатшунос.

Яна бир сиёсатшунос Марс Сариев Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги тектоник силжишларни қайд этганини таъкидлаган.

«Айрим ташқи кучлар даъволари ва мамлакатларни бўлиб ташлашга уринишларига қарамай, Марказий Осиё ягона минтақа сифатида шакллана бошлади. Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари қозоғистонлик ҳамкасби билан тўлиқ мулоқотда бўлиб, халқларимиз фаровон ва хавфсиз бўладиган умумий макон қурмоқда. Бу иш олиб борилмоқда ва тараққиёт кўзга ташланмоқда.

Масалан, Қамбар-Ота-1 ГЭСни қуриш бўйича келишувни олайлик. Давлат раҳбарлари энергетика муаммоларини биргаликда ҳал қилишлари аниқ. Қудратли Тўқтўғул станцияси билан каскадда мамлакатларимиз ёзда суғориш учун зарур бўладиган улкан сув ҳажмини сақлаб қолган ҳолда, қувват жиҳатидан икки баробар салоҳиятга эга бўламиз. Айнан мана шундай интеграция жараёнлари давлатларимизни мустаҳкамлайди», – дейди эксперт.

Марс Сариевнинг айтишича, сиёсий ирода туфайли икки давлат ўртасида чегарани белгилаш масалаларига қўйилган нуқта давлатлараро муносабатларга «ханжар солиш»нинг олдини олган.

«Биз Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишининг бошида турибмиз, улар ўзаро тез суръатлар билан юксалиб бормоқда. Қирғизистон шимолида автомобиль заводи қурилиши, жанубий вилоятларда пахтани қайта ишлаш ва ўғитлар ишлаб чиқарувчи заводлар очилиши мумкин…

Бунга Бишкекда ҳозирданоқ Форс кўрфази портларига ва ундан кейин Европа давлатларига чиқиш учун Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилишини мувофиқлаштирувчи идора фаолият кўрсатаётганини қўшиш керак. Умуман олганда, биз минтақага иқтисодий тараққиёт ва, энг муҳими, барқарорлик олиб келадиган мустаҳкам иттифоқчилик муносабатлари барпо этилаётган пойдевор шаклланаётганини кўряпмиз», - дея Марс Сариевнинг сўзларини келтирмоқда Kabar.kg нашри.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди. Ташриф давомида икки давлат муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларация ва 25 та турли келишувлар имзоланди. Шунингдек, яқин ойлардан икки давлат фуқаролари фақат ID-карта орқали чегарани кесиб ўтиши мумкин бўлади.

Бу фото Қирғизистон президенти матбуот хизматидан олинган.