26 January 2023
22:50 - 156 млн доллар ташқи қарз эвазига қурилган шина заводи 2 баробар арзонга сотилди. Шавкат Мирзиё яна шарманда бўлди. "Бирлик" ва Ҳаракат" нима дейди?

Ангрен шина заводи “Татнефт”га 826 млн сўм эмас, 826 млрд сўмга сотилган. Бу – битим имзоланган кундаги курс бўйича 73,2 млн доллар демакдир. Ваҳоланки, бу заводни қуриш учун 2017 йилда Хитойдан 156,4 млн доллар қарз олинганди.

2023 йил 20 январ куни “Ўзкимёсаноат” АЖ “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ (халқ тилида Ангрен шина заводи) 100 фоиз улушини Россиянинг “Татнефт” компаниясига 826,57 миллиард сўмга сотиш бўйича шартнома тузди.

Аввалига корпоратив ахборотлар порталида битим суммаси 826 миллион сўм деб кўрсатилганди. 26 январда куннинг иккинчи ярмида порталдаги бу маълумот ўчирилиб, битим қиймати 826 млрд сўм деб кўрсатилган бошқа маълумот жойланди.

826 573 075 200 сўм – Марказий Банкнинг 20 январдаги курси бўйича 73 млн 245 минг 288 долларни ташкил этади. Қайд этиш лозим, завод 2017 йилда Хитойнинг Эксимбанкидан олинган 156,4 млн доллар қарз ҳисобига қурилган эди.

Компаниянинг устав капитали 658 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, унинг соф активлари қиймати битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,3 трлн сўм бўлган.

2022 йил 2 декабрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми доирасида “Ўзкимёсаноат” ва “Татнефт” ўртасида “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Ўша пайтда битим нархи очиқланмаган эди.

Эслатиш керакки, “Биринчи резинотехника заводи” қурилиши Ўзбекистоннинг янги диктатори Шавкат Мирзиёнингташаббуси билан 2017 йилда бошланиб, 2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган эди. Заводда аввал енгил автомобилларга шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди.

Аммо 2021 йилда корхона самарасиз ишлаб келгани аён бўлганди. Мана энди уни Россиянинг “Татнефт” компаниясига 2 баробар арзонга сотишибди. Ҳамма нарса “Бирлик” Партияси ва унинг “Ҳаракат” Агенлиги ёзаётгандек бўлмоқда, Шавкат Мирзиё бошлаган ҳамма ишлар инқирозга учрамоқда. Мухолифатдаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси шу аҳволимизни тузатиш ҳақида инқирозий эмас, ҳақиқий амалий ишлар қиладиган замон ҳам келади.