15 August 2022
20:41 - Самарқанддаги археология ёдгорлигига 1,5 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланибди
Номаълум шахслар томонидан Самарқанд туманидаги VI-VII асрларга оид “Номсизтепа” археология ёдгорлигининг бир қисми бузиб ташлангани эълон қилинибди.

Бош Прокуратуранинг хабар беришича, прокуратура органлари томонидан мутасадди идоралар билан биргаликда моддий маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва улар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўтказилган текширувларда, давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказилгани аниқланган экан.

Жумладан, ўтказилган текширувларда Самарқанд туманидаги VI-VII асрларга оид Номсизтепа археология ёдгорлигининг бир қисми номаълум шахслар томонидан бузилиши оқибатида, давлат манфаатларига 1,5 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган Х-ХII асрларга оид Чордангитепа археология ёдгорлигининг бир қисми фуқаро М.Ф. томонидан бузиб ташланиб, ўрнида уй-жой қуриб юборилгани ва давлат манфаатларига 315 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Қайд этилишича, текшириш натижаларига кўра, ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳудудида жойлашган Ўрдатепа ёдгорлиги бир қисми бузиб ташланиб, ўрнига уй қуриб олингани аниқланган экан.