29 June 2022
12:24 - Камолиддин Раббимов: “Ўзбекистон Конституцияси концептуал ислоҳотларга муҳтож”

Аҳолиси 36 миллиондан ошган ва борган сари катта тезликда ўсаётган, ўрта синф қатлами кенгайиб бораётган, давлатнинг ижтимоий ҳимоя сиёсати учун имкониятлар ва заруратлар ошиб бораётган Ўзбекистон жамият учун, янги Конституция – табиий зарурат деб ҳисоблайди сиёсатчи.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар ташаббуси, 2021 йилнинг охирларида Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилди. Шу ўтган давр ичида, 1992 йил декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Конституцияси, маънан анча эскирганлиги кўп марта айтилди. Ҳақиқатда, Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси концептуал ўзгаришларга муҳтож эканлигини кўп йиллардан бери таъкидлаб келаман.

Айни пайтда, Ўзбекистонда бошланган жорий конституциявий ислоҳотлар, давлатнинг ва жамиятнинг эҳтиёжлари ўртасидаги компромисс бўлиши эҳтимоли юқори. Жамият учун ҳуқуқий-демократик давлатчиликка тезлаштирилган курсда ўтиб бориш ғояси, табиийки, жозибадор. Лекин давлатнинг ҳам маълум сиёсий ва геосиёсий хавотирлари ҳамда ҳали ечими шаклланиб улгурмаган вазифалари борки, олий ҳокимиятнинг марказий мотивларидан бири – сиёсий майдондаги вазиятни барқарорлаштириш бўлиши мумкин.

Ушбу таҳлилий докладда, кўпроқ давлатнинг ички қарашлари, эҳтиёжлари, хавотирларини таҳлил қилишга ҳаракат қилинади. Таҳлилнинг асосий мақсади – ҳокимиятнинг ички мотивларини тушуниш ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон ватандошлик жамиятига ҳам маълум тавсиялар ишлаб чиқишга ҳаракат қилинади.

Эскирган Конституция ва конституциявий ислоҳотлар зарурати

1.1. Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, ўша даврдаги анча содда сиёсий ва ҳуқуқий қарашларни расмийлаштирган эди. Бугунги кунга келиб, жорий Конституция аллақачон жиддий ислоҳотларга муҳтож эди. Унда қадриятлар бўлими механизмлар жорий қилиш даражасига бормаган. Қолаверса, давлат институтлари ва улар ўртасидаги ваколатлар мувозанати борасида ҳам, жиддий номутаносибликлар яққол кўзга ташланиб туради.

1.2. Ўзбекистон Конституцияси концептуал ислоҳотларга муҳтож. Концептуал деганда, авваламбор, Бош Қонуннинг руҳияти, оҳанги жиддий ўзгариши, қадриятлар чуқур ва кенг таъкидланиши лозим. Яъни, конституцион қадриятлар ижтимоий фикрда чуқур муҳрланиш даражасига етиб бориши керак. Давлат институтлари ва улар ўртасидаги ваколатлар эса, жиддий бир шаклда қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

1.3. Ўзбекистонликлар ижтимоий фикрида бир қараш борки, унга кўра «Конституция имкон қадар замонлар ва маконлар оша универсал бўлиши керак» дейилади. Аслида, давлатларнинг конституциялари ўзгариб, такомиллаштирилиб туриши – давлатлар тажрибасида нормал ҳолат ҳисобланади. Баъзи демократик давлатларда ҳалига қадар конституциялар мавжуд эмас. Бошқаларида эса, кўплаб ўта муҳим ҳуқуқий-сиёсий жараёнлар конституция бўлимлари ва моддалари билан эмас, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий актлар билан тартибга солинади. Шунинг учун ҳам, асосий масала, бу конституцияларнинг қанчалик тез ўзгариши эмас, ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳисобланади.

1.4. Аҳолиси 36 миллиондан ошган ва борган сари катта тезликда ўсаётган, ўрта синф қатлами кенгайиб бораётган, давлатнинг ижтимоий ҳимоя сиёсати учун имкониятлар ва заруратлар ошиб бораётган Ўзбекистон жамият учун, янги Конституция – табиий зарурат ҳисобланади.

1.5. Иккинчи маъмурият даврида Ўзбекистон давлат бошқарув фалсафаси ўзгарди. Қаттиқ авторитаризм, ижтимоий тафаккурни қўрқув билан бойитиш сиёсати, тарихда қолди. Бугун Ўзбекистонда рационал бошқарув шаклланиб улгурди. Давлат ҳокимияти, ички ва ташқи сиёсатда вазминлик ва рационаллик орқали, муаммоларни англаш, расмийлаштириш ва ечим излаш тизимини шакллантириб улгурди.

1.6. Натижада, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги дунёқараши, тафаккури ва ҳаракатлар стратегияси мутлақ бошқа ўзанга кўчди. Ушбу омиллар ҳисобига, Ўзбекистонда янги Конституция қабул қилиш – давлат тафаккури ва глобал репутациясини ўзгартириш янги дунёқарашни расмийлаштиришнинг тарихий шартларидан бири ҳисобланади.

1.7. Ўзбекистон янги Конституция қабул қилар экан, эндиги ёндашув, ушбу қабул қилинган янги Бош Қонун ижросига жиддий аҳамият қаратиш лозим бўлади. Иккинчи маъмурият даврида, Ўзбекистонда ватандошлик (фуқаролик) жамияти беихтиёр шаклланиб, мустаҳкамланиб боради. Бунинг ички ва ташқи сабаблари жуда кучли.

1.8. Бугунги давлат бошқаруви зеҳниятида биринчи маъмурият давридаги каби жамият ва унинг эҳтиёжлари билан концептуал тирашув мавжуд эмас. Ижтимоий фикрдаги давлатдан қўрқув борган сари эриб бормоқда. Жамиятда давлатга нисбатан эркин, танқидий ва ёки ижобий қарашлар шаклланиб бораверади.

1.9. Глобаллашган дунёда ижтимоий тармоқлар ҳар бир инсонга чексиз маълумот олиш ва тарқатиш имкониятларини тақдим қилиб турган бир пайтда Ўзбекистон давлатчилиги ижтимоий фикрни инкор этиш – норационал ва тескари эффект берувчи омил эканлигини амалиётга кўра тан олади.

1.10. Ижтимоий фикрдаги танқидий фикрлаш ҳам, иккинчи маъмуриятнинг тарихий ютуқларидан бири ҳисобланади. Танқидий фикрлаш ва уни изҳор қилиш, яъни, жамият томонидан муаммоларни англаш ва бу онгни билдириш нафақат муаммолар борлигини ва уларга ечим изланаётганлигини, балки сиёсий тафаккур эркинлиги даражасини ҳам кўрсатади.

1.11. Ижтимоий-сиёсий тафаккур ўсган сайин танқидий фикрлаш ўсиб боради. Айни пайтда бу тафаккур натижасида жамият ва давлат ўртасидаги ишонч тармоқлари ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик ҳам ўсиб бориши кузатилади. Чунки жамият ҳокимиятни қанчалик танқид қилмасин ижтимоий-сиёсий барқарорлик ўз изнидан чиқиб кетишидан, томонлар манфаатдор эмаслиги кузатилади. Айни пайтда, Ўзбекистон ватандошлик (фуқаролик) жамияти, ҳали бошланғич ривожланиш палласида эканлиги маълум. Шунинг учун, ватандошлик жамияти ва унинг сиёсий қарашларини ривожлантириш, рационаллаштириш – муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

1.12. Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар эълон қилиниши биланоқ жамият томонидан бирини маъмурият даврида кузатилмаган фаол, эркин ва танқидий ёндашувлар кузатилди. Жамият томонидан таклиф қилинган ғоялар ва лойиҳалар замирида, Ўзбекистонни ҳуқуқий-демократик қилишга қаратилган, ҳокимиятлар бўлинишини ва ўзаро тегиб турувчи механизмларни тартибга солувчи қарашлар ҳам жуда салмоқли эканлигини кўриш мумкин. Яъни, ўтган беш-олти йил ичида, жамиятнинг вазиятга ишончи жиддий ўзгардики, қўрқув ва эҳтиёткорлик эмас, рационал ва танқидий фиклаш одатий ҳолатга айланди.

(давоми бор)

Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи

Манба: Azon.uz