24 November 2021
17:14 - Юсуф Жума: ШУҒУЛЛАНСИН ҲАР КИМ АҚЛИ ЕТГАН ИШ БИЛАН!

Шуғулланса ақли етган иш билан ҳар ким:
Бўм - бўш қолар президент ўрни ҳар юртда.
Ҳокимларнинг ўрнида ҳам бўм - бўшлик ҳоким,
Бўм - бўш қолар вазирларнинг ўрни албатта.

Шуғулланса ақли етган иш билан ҳар жон:
Қозиларнинг ўрни бўшар бутун очунда.
Бўм - бўш қолар қаламкашлар ўрни бегумон,
Бўм - бўш қолар диндорларнинг ўрни ҳар динда.

Тағин қайта тўғилгунча Афлотун, Суқрот,
Минбарлар бўш - индамасди - одамзот бесас.
Оппоқ қоғоз тентаклардан бўларди озод -
Ёзмасдилар биз эмас деб - Валмаки, Вяс...

Шуғулланса ҳар ким ақли етган иш билан -
Кўпаярди зиндонлару тутқунлар сони.
Кўпаярди - тентакхона, Ер - тентакистон,
Ўрни бўшар - шумқадамли телба осмонинг...

2021 йил, 3 ноябрь.

* * * * *

Эр султон сотқинларни
Қиришга этди қарор.
Бош Вазир дер - юрт бўйлаб
Дор тиклаш шартдир қатор!

Эр дер - бу қандоқ кенгаш -
Юртда қолмаску дарахт.
Бор хоин бир япроққа
Арзийдими, қани айт?!

Бош саркарда дедики -
Битта дор ҳам етарли.
Битта - битта осамиз,
Бардошимиз етади.

Эр дер - кесамиз нечун
Битта бўлса ҳам ёғоч?!
Қуриган хода чўпдан
Қозиқ этинг бир қулоч!

Ҳар бирин бир қозиққа
Ўтиртирсак - соз сабоқ -
Сотқинсизлик - ҳамиша
Ёғий бўйнида сиртмоқ!

Юсуф дер - ҳар хоинга
Бир қозиқ кўп - зиёда.
Тежаб ўтин этсак ё
Молни боғласак фойда.

Юртим сотқинхонадир,
Суқман - ўчга - озиққа.
Ўтирарлар бирма - бир
Бир берган бир қозиққа...

2021 йил, 5 ноябрь.

* * * * *

Ошингнинг гурунчи ёғий тошидан,
Дўст - ёр тепкисидан синган тишингдан.

Жигаркабоб ейсан - ўз жигарингдан,
Ғаминг жиз едирар доғли тўшингдан.

Ҳар куни сўясан ўзингни ўзинг,
Турмушинг - кушхона, ризқинг - лошингдан.

Тақдирингни битган нодонлигингдир,
Ёзув белгилари бор қилмишингдан.

Дўсту - ёр танлашда адашган - тентак,
Адашдинг, балолар келди эшингдан.

Этди каллашўрва каллангни калланг,
Ҳар дамда бўкасан нодон бошингдан.

Юрт - қутсиз, эл - бахтсиз, сен-чи, омадсиз,
Вафосизлар қонди йигит ёшингдан.

Тўғри танлагандинг йўлни - ҳақ йўли -
Тангрининг ишидир - қолма ишингдан.

Юсуф, тушкунликни енгган - эрйигит,
Фожеаларни енг, бошла бошидан...

2021йил, 9 ноябрь.

* * * * *

Гарчи эдим бургут боласи,
Эшакларга қолардим қойил:
Бошларида довруқ чилласи -
Чанг - чунглари кўкка олган йўл.

Дер эдилар: - юрганингда чанг
Чиқмадими - эмассан учқур.
Сендан йўрға чиқмайди, аттанг,
Биздан ўрган - биздай шонли юр!

Эшак элнинг йўрғаларимиз,
Донггимиз бу - бор унвонимиз!
Ўргатгандек дарғаларимиз -
Осмонларда чанг тўзонимиз!..

Мен кўкларга етардим, лекин
Чанг чиқмасди - уринмай қанча.
Яшар эдим ғуссага тутуқун,
Кеч англадим - панд берган барча...

Бари ўтди, йўқ чангли давра,
Қўмсашлардан оғримоқдаман.
Мен полопон, улар ёш йўрға
Чоғимизни соғинмоқдаман...

2021 йил, 7 ноябрь.