17 June 2021
17:28 - Тинчликсевар мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 90-ўринда жой олганига ишонасизми?

Таҳлилчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ўртача даражадаги тинчликсевар мамлакатлар гуруҳига кирармиш. Иқтисодиёт ва Тинчлик Институти (Institute for Economics & Peace, IEP) эълон қилган тинчликсевар мамлакатлар рейтингида 90-ўриндан жой олганмишмиз.

Ўзбекистон ўртача даражадаги тинчликсевар мамлакатлар гуруҳига киради. Қозоғистон (67-ўрин), Қирғизистон (76-ўрин), Тожикистон (97-ўрин), Туркманистон (109-ўрин), Озарбойжон (121-ўрин) ҳам ушбу гуруҳда жой олган.

Шимолий Корея, Венесуэла, Судан, Россия, Марказий Африка Республикаси, Ливия, Конго, Ироқ, Сомали энг тажовузкор мамлакатлар гуруҳига жойлаштирилибди. 163 мамлакат ўрин олган рўйхатни Сурия, Яман ва Афғонистон якунлабди.

Исландия энг тинчликсевар мамлакат деб топилди. Юқори ўнликка шунингдек, Янги Зеландия, Дания, Португалия, Словения, Австрия, Швейцария, Ирландия, Чехия, Канада кирган.

Рейтингда жамиятнинг ҳамжиҳатлиги, инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, қамоқдаги маҳбуслар сони, террорчилик таҳдиди даражаси, мудофаа харажатлари ва бошқа мамлакатлардаги жанговар ҳаракатларда қатнашиши каби омиллар ҳисобга олинганмиш.

Хуллас, дейди “Ҳаракат” мухбири, биз шунақа шармандалик ҳолатида эканлигимиз яна бир бор исботланди. Хўш, буёғи нима бўлади, ҳурматли ўқувчиларимиз? Фикрларингизни билдиринг, зора аҳволимиз бундан ҳам яхшиланса!