12 June 2021
22:44 - Озарбойжон мина майдонлари харитаси эвазига 15 нафар ҳарбий асирни Арманистонга қайтариб бергани ҳақида

Маълумот берилишича, алмашув Озарбойжон-Грузия чегарасида Грузия вакиллари иштирокида амалга оширилган.

Озарбойжон Ағдам районидаги мина майдонлари харитаси эвазига 15 нафар арман асирини эгасига, яъни Арманистонга қайтариб берди.

“12 июн куни Ағдам туманида ўрнатилган 97 минг дона пиёдалар ва танкларга қарши жойлаштирилган миналар харитаси эвазига Арманистонга 15 нафар арманистонлик топширилди”, дейилади Озарбойжон Ташқи Ишлар Вазирлиги хабарида.

Арманистон Бош Вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ўтган йил сентябрда Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар вақтида асирга олинган 15 нафар ҳарбийнинг қайтарилганини тасдиқлади.

Тоғли Қорабоғдаги низодан сўнг ҳудудларни миналардан тозалаш муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Озарбойжон томонидан 120дан ортиқ киши мина портлаши оқибатида ҳалок бўлган.