08 August 2020
13:27 - Навбатдаги масхарабозлик: Бош Вазир раислигида видеоселектор ўтказилмоқда. Айрим маҳаллалар раислари кескин танқид қилинди
Вазирлар Маҳкамасида Бош Вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Қайд этилишича, видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва Оилани Қўллаб-қувватлаш Вазирлиги фаолияти танқидий муҳокама қилинмоқда.

Ҳукумат раҳбари моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга республика бюджетидан ажратилган бир марталик моддий ёрдам пулларини тарқатишда сусткашликка йўл қўйган айрим маҳаллалар раисларининг қилмишини кескин танқид қилди.

Бош Вазир буни ҳеч қайси мезон билан оқлаб бўлмаслигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 август куни пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларини тўғри ва ҳаққоний шакллантириш, ажратилган маблағларни адолатли тарқатиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Давлат нозирлик органларига маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва тўланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш, қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш топширилди.

Ўз навбатида, Бош Прокуратура рўйхат асосида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пули тарқатилиши жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари кузатилаётганига оид ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга муносабат билдирди.

Унда ёрдам пули ажратилишидаги қонунбузилишлар юзасидан прокуратурага мурожаат қилиш сўралди.

Тошкентда моддий ёрдам пуллари фақат “Темир Дафтар”га киритилганларга тарқатилгани ҳақида ҳокимлик вакили вазиятга ойдинлик киритди. // Kun.uz

“Ҳаракат”: Бу хабарга илова қилинган расм архивдан олингани алоҳида урғуланган. Маҳалла раисларининг бу аҳволга муносабати борлиги ҳеч анализ ҳам қилинмаган. Нима қилиш кераклиги тилга ҳам олинмаган.