25 May 2020
21:37 - Ҳаммаёқда масхарабозлик: Шавкат Мирзиё транспорт тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берибди. Аммо, “Бирлик” Партиясининг таклифлари инобатга олиндими?
Бу хабаримизнинг сарлавҳасидаги фикрни тўғри тушуниш учун Шавкат Мирзиёнинг офисидаги қуйидаги хабарни ўқиш керак - president.uz/uz/lists/view/3603. Ҳурматли ўқувчиларимиз, бу хабарни ўқинг, кейин унинг қандай масхарабозлик эканини муҳокама қиламиз.

ШАВКАТ МИРЗИЁНИНГ ОФИСИДА МАСХАРАБОЗЛИК: Транспорт тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Коронавирус пандемияси оқибатида бутун дунёда транспорт алоқалари деярли тўхтаб қолди. Соҳадаги компаниялар бундан жиддий зарар кўрмоқда. Масалан, биргина авиация тармоғида жорий йил якунигача дунё буйича 113 миллиард доллар йўқотилиши тахмин қилинмоқда.

Мамлакатимиз транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўрган. Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши аниқ.

Шу боис, соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Масалан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди.

Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Транспорт вазирлигига “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, “Uzbekistan Airways”ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.

Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Пандемия даврида темир йўл орқали юк ташишга талаб кескин кўпайган. Хусусан, халқаро юк ташувларида темир йўлнинг улуши 75 фоиздан 87 фоизга ошди. Бу хизматлар сифатини яхшилаш ва таннархни тушириш орқали мижозларни кўпайтириш учун яхши имконият.

Лекин, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида асосий воситаларнинг эскиргани, жамият таркибида носоҳавий активларнинг кўплиги асосий фаолиятни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шу боис, “Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги носоҳавий корхоналарни оптималлаштириш, тарифларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, вагон ва локомотив паркини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Сўнгги уч йилдаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошди, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етди.

Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланди. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этди. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

“Қамчиқ” довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.

Мутасаддилар транспорт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳисобот берди. // https://president.uz/uz/lists/view/3603

* * * * *

“ҲАРАКАТ”: Ҳурматли ўқувчиларимиз, бу хабарни диққат билан ўқиб чиқсангиз, Шавкат Мирзиё ҳали ҳам оддий масхарабоз эканлигини кўрасиз.

Қаранг, “Транспорт вазирлигига “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди” дейилмоқда. Нима, асосий муаммо - коронавирус пандемиясими?

Асосий муаммо – Ўзбекистон ҳалигача демократик йўналишда ҳеч нарса қилмагани, давлатнинг ҳамма структуралари, “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” ҳам уларнинг ичида, ҳали ҳам СССРдан қолган қолоқликда яшаётганларидир. Нима, Шавкат Мирзиё шуларни ҳам тушунмайдими?

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёнинг офиси эълон қилган хабарнинг яна бир эътиборга лойиқ жойи бор. Мана ўша жумла: “Uzbekistan Airways”ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.”

Ҳеч шубҳа йўқки, гап “Uzbekistan Airways” номли супер-ширкатни, тахмин қилиш мумкинки, Шароф Рашидовнинг куёви, ҳозир Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли ва унинг одамлари ишлайдиган Россия ширкатларига бериш ва ҳамма фойдани ўша ширкатларда қолдириш ҳақида кетмоқда.

Бунга йўл бериб бўлмайди. Бош Вазир Абдулла Ариповнинг исми тилга олинмагани ҳам жуда қизиқ.

Булардан ҳам муҳими, хабарнинг сўнгида “Мутасаддилар транспорт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳисобот берди” деган жумла бор. Аммо, улар қандай ҳисобот берганлари ва улардан қандай фойдаланиш кераклиги умуман тилга олинмаган.

Аслида, дейди мухбиримиз, Ўзбекистонда Абдураҳим Пўлат раҳбарлигидаги ҳақиқий сиёсий мухолифат борлигини унутмайлик. Ҳамма ишни айнан шу мухолифат - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси - қилади. У ўзининг ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотларининг асосий ғояларини айтиб бўлди. Ўзбекистонда ўтказиладиган ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг марказида, мамлакатимизни ТЎЛА демократиялаштириш ва ТЎЛА бозор иқтисодиётига ўтказиш ғоялари ётибди. Шавкат Мирзиёнинг тақими бундай нарсаларни тушунмайди ҳам. Демак, ҳамма нарсани уни тахтдан туширишдан бошлаш ШАРТ.