23 February 2019
17:27 - Халқ таълими тизимида коррупцияга қарши курашиш семинари ўтказилибди, демократиясиз коррупция ва порахўрликни камайтиб бўлмаслигини ҳеч ким билмайдими?
ЎзАнинг ҳеч қандай таҳлилсиз тарқатган қисқа хабарида А.Авлоний номидаги Халқ Таълими Тизими Раҳбар ва Мутахассис Ходимларини Қайта Тайёрлаш ва Малакасини Ошириш Институтида “Халқ таълими тизимида коррупцияга қарши курашиш, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда юридик хизмат ходимлари роли” мавзусида семинар ташкил этилгани билдирилган. Бу семинарда Халқ Таълими Вазирлиги, Бош Прокуратура, Адлия Вазирликларининг масъул ходимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман халқ таълими бўлимларининг юридик хизмати ходимлари иштирок этишибди.

У ерда нутқ сўзлаган Халқ Таълими Вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров “Президентимиз ташаббуси билан коррупцияга қарши курашишнинг янгича усуллари, қонуний асослари йўлга қўйилаётгани, Қонун, қарор ва бошқа ҳужжатлар ҳаётда ўз ифодасини топаётганлигини” урғулабди. Аммо, Шавкат Мирзиё қанақа янгича усуллар таклиф қилгани бу ўта қисқа хабарда умуман тилга олинмабди.

Гап шундаки, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, дунё тажрибаси порахўрлик ва коррупцияни минималлаштиришнинг ягона йўли демократия эканлигини исботлаб бўлди. Шундай экан, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери айтиб келаётгандек, Ўзбекистонни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш керак.

Шундай оддий нарсаларни билмайдиган ва тушунмайдиган семинар қатнашчилари вақтларини бекор кетказиб ва халқнинг пулини ишлатиб, секминар ўтказганлари устидан куламизми, йиғлаймизми?