21 February 2019
21:13 - Деҳқонлар ва ишчилар олдига фойдасиз чиқишларини тўхтатган Шавкат Мирзиё турли соҳаларни ривожлантириш мақсадида фойдасиз йиғилишлар ўтказиб ётибди. Нима қилиш керак?

Кеча, 21 февралда Шавкат Мирзиё электр энергетикаси тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказиб, инвестиция лойиҳаларини сифатли амалга ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича оламшумул маслаҳатлар ва топшириқлар берганди.

Бугун у нефть-газ ҳамда кимё саноатида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таҳлил қилиш, ушбу тармоқларни тизимли ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар бердилар.

Бу йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзкимёсаноат” раҳбариятига табиий газдан қийматли полимер, полистирол, ПЭТ, синтетик каучукларни ишлаб чиқариш концепциясини тайёрлаб, жорий йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган нефть-газ халқаро конференциясида чет эллик инвесторларга тақдимот қилиш вазифаси юклатилибди. Йиғилишда нефть-газ соҳаси билан узвий боғлиқ бўлган кимё тармоғидаги ишлар ҳам таҳлил қилинган ва кимё саноатини ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш мақсадида умумий қиймати 8 миллиард долларлик 33 та белгиланган лойиҳдан 4 таси бу йил ишга туширилиши урғуланган.

Кеча ва бугунги йиғилишгларда иштирок этганлардан биронтасининг исми ва йиғилишда гапирганларнинг биронта сўзи хабарда тилга олинмаган. Яна унутмайликки, 1 йилча аввал Шавкат Мирзиё далаларда деҳқонларнинг олдига чиқиб, шаҳарларда қурувчилар ва ишчиларнинг олдига бориб, оламшумул маслаҳатлар берарди. Аммо, унинг маслаҳатлари билан бошланган ишларнинг биронтаси натижа бергани йўқ, уларнинг ҳаммаси шармандаларча битти. Нима ҳам дердик, ўлаётган Ўзбекистонда ҳамма нарса масхарабозлик ва шармандалик.

Шундай экан аввалари ҳам айтган фикримизни такрорлаймиз. Эй, ўзбеклар кўзингизни очинг, бундай ҳокимият билан келажагимиз йўқ. Ўзбекистон ва унинг халқини ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак.

Фундаментал сиёсий ислоҳотларнинг марказида, “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери тўхтамасдан такрорлаётгандек, давлатни демократиялаштириш, қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партиялардан тозаланиш, ҳақиқий демократик мухолифат иштирокида сайловлар билан Олий Мажлисни янгилаш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл бериш каби ғоялар ётади.

Фундаментал молиявий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, тўла бозор иқтисодиётига ўтиш, биринчи навбатда, катта бойлар, яъни инвесторлар синфи яратиш йўлига Ислом Карим ва Шавкат Мирзиё қўйган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси борлигини урғулаш ҳам муҳимдир. Чет эллик инвесторлардан фойда кам бўлади, чунки, улар авваламбор ўз фойдаларини ўйлайдилар. Ўзимизнинг инвесторларимиз синфини яратиш шарт.

Бундай фундаментал ислоҳотларни амалга ошириш учун тажрибали давлат арбоби, аввалги Бош вазир ўринбосари Рустам Азимни жойига қайтариш керак.

Ўта мураккаб ва қоришиқ бўлган фундаментал ислоҳотларни “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партияларнинг иштирокисиз мавжуд режимнинг ўзи қилолмайди. Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиё “Толибон” каби террорист ташкилотлар билан эмас, «Бирлик» Халқ Ҳаракати Партияси билан музокаралар олиб бориш ва бирга ишлашни ўйлаши керак.

Маълумки, мамлакатимиз демократлари 19 март, яъни ўзбек миллати ўз тарихида биринчи марта митингга чиққан кун - МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ КУНИнинг 30 йиллигини, шу йил 19 март куни Тошкентдаги Мустақиллик Майдонида умумхалқ байрам сифатида нишонлашга тайёрланмоқдалар. Ўша куни ватан ва миллат олдидаги ҳамма фундаментал муаммоларимизни Шавкат Мирзиё олдига қўйиш, мамлакатни демократиялаштириш ва тўла бозор иқтисодиётига ўтказишни талаб қилиш керак.