12 December 2018
22:07 - Машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Алексеева жисмонан 8 декабрда ўлди, аммо у аллақачон маънавий ўлиб бўлганини Владимир Путин хайрлашув маросимига келиб тасдиқлади

Даҳшатли Совет замонида диссидентлар ҳаракатига қўшилган Людмила Алексееванинг инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқлиги ва мардлигига қойил қолиш керак. У 1927 йилда Қримда туғилган, аммо ота-оналари ўша йиллардаёқ Москвага кўчиб келишган. У 1950 йили Москва Давлат Университетининг Тарих факультетини, кейин бошқа бир олий ўқув юртида КПСС тарихи бўйича аспиранурани битирди. 1952 йили КПСС аъзоси ҳам бўлди. Касб-хунар мактабида дарс беришдан бошлаб, кейинчалик Фанлар Академиясининг институтларидан бирида ишлашгача борди.

Аммо, Сталиннинг ўлимидан кейин Людмила Алексееванинг фикрлаш дунёси ўзгарди, КПСС тарихи бўйича тайёрлаётган диссертациясини ҳам четга қўйиб, диссидентлар сафига қўшилди. 1960-чи йилларда унинг Москвадаги квартираси диссидентлар ва зиёлилар учрашадиган, чет эллик журналистлар билан учрашиш мумкин бўлган, қўлбола нашрлар тайёрланадиган майдонга айланди. Уни 1968 йили КПССдан ва Фанлар Академиясидаги ишидан улоқтирдилар. У диссидентлик фаолиятини давом эттираверди. 1976 йили Москва Хельсинки Гуруҳининг асосчиларидан бири бўлди.

1977 йили қамоққа олиниш хавфи остида, табиий, КГБнинг рухсати билан, СССРдан АҚШга кўчиб кетди. У ерда “Озодлик” ва “Америка Овози” радиоларида ишлади, 1982 йили АҚШ фуқаролигини олди, ўша ерда яшаб ҳам, СССРдаги диссидентлар билан ҳамкорлик қилди. 1992 йилнинг охирида Москвага қайтиб келди, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолиятини давом эттирди, 1996 йили Москва Хельсини Гуруҳининг раиси этиб сайланди, 1998-2004 йиллари Халқаро Хельсинки Федерациясининг преденти бўлиб ишлади.

Мана “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг раиси, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатнинг ўша кунларга оид хотираларидан баъзи сатрлар:

* * * * *

1992 йилнинг охирги кунларидан бирида Ўзбекистонда қамалиш ёки ўлдирилиш хавфи остида аввал Москвага қочиб келдим, бир неча кундан кейин оиламни ҳам у ерга чақириб олдим. 1993 йил 10-12 январь кунларининг бирида машҳур “Мемориал” ташкилотининг Москвадаги бош қароргоҳида Людмила Алексеева билан учрашдим. Қисқа вақт биз билан бирга ўзбекистонлик демократик мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Баҳром Ҳамроев, Альберт Мусин ва Абдурашид Шарипов ҳам бўлдилар. Табиий, асосан Ўзбекистондаги аҳволни, нима қилиш кераклиги, Россия демократлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари бизни қандай қўллаб-қувватлашлари кераклиги ҳақида гаплашдик.

Ўшанда Людмила Алексеева менга 13 минг рубль ёрдам пули бердилар. Раҳмат айтиб, уни олдим. Аммо, ташқарига чиққанимиздан кейин, Людмила Алексеева берган 13 минг рублни Баҳром Ҳамроев, Альберт Мусин ва Абдурашид Шариповларга 4 минг рублдан бўлиб бериб, ўзимга рамзий шаклда 1 мингини олиб қолдим. Ўша ойнинг 2-чи яримда оилам билан аввал Бокуга, кейин март-апрель ойида Истанбулга кетдик.

Ўшандан бери Истанбулдя яшаб, узоқдан бўлса ҳам Ўзбекистондаги “Бирлик” фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан биргаликда Ўзбекистонни демократиялаштириш йўлидаги курашимизни давом эттирдик. Айнан шу ерда “Ҳаракат” журналини чиқаришга бошладик. Туркияда энг юксак даражали давлат раҳбарлари билан, ўша пайтда Истанбул ҳокими бўлган ҳозирги Туркия Президенти Ражаб Эрдўған билан учрашдим. Аммо, Туркия тезлик билан исломлашаётганини кўрганим сабабли, 1998 йилнинг бошларида сиёсий қочқин мақоми олиб, оилам билан АҚШга кўчиб кетдим. Ўшанда биз билан бирга Жаҳонгир Муҳаммад ҳам оиласи билан кетди. Табиий, Ўзбекистон ва халқининг келажаги учун кураш тўхтовсиз давом этмоқда. Бироқ, халқимиз демократия каби тушунчалардан узоқ бўлгани сабабли, катта ютуқларга эришолмаяпмиз, аммо шу йўналишда олға кетмоқдамиз ва охир-оқибат ғалаба қозонишимизга ҳеч қандай шубҳа йўқ.

* * * * *

Ўзбек демократлари қаерда яшамасинлар, масалан Пўлат Охун каби Швецияда, Баҳром Ҳамроев каби ҳали ҳам Москвада, ватанимизнинг келажаги учун курашни давом эттирмоқдалар ва ҳар доим Россия демократлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорликни давом эттириш истагида бўлганлар.

Аммо, минг афсуслар билан тан олиш керакки, Владимир Путиннинг Россияда ўрнатган режими турли йўллар билан Россиядаги демократларнинг ҳаракатини ўлим йўлига солиб юборди. Чет элдан грант оладиган ташкилотларга “чет эл агенти” мақоми беришни қонунлаштириб, бундай ташкилотларнинг сал кам ҳаммасини йўлдан урди. Турли йўллар билан уларга мавжуд режимнинг молиявий ёрдамини бериш тизимини яратди. Ҳозир ҳатто Совет замонида коммунистик режимга қарши курашган Людмила Алексеева каби мислсиз қаҳрамонлар истар-истамас Путин режиминг ўйинчоқларига айландилар.

Ҳозир ҳеч қўрқмасдан айтиш мумкин, мавжуд режимдан ўз мустақиллигини сақлаб қолган Россиядаги оз сонли демократларнинг ичида ўзимизнинг Баҳром Ҳамроев ҳам бор.

Сўнги йилларда 90 ёш арафасида бўлган Людмила Алексеева ҳеч уялмасдан Путиннинг режими билан оғиз-бурун ўпишгани, давлат ва миллатнинг тақдири билан ортиқча қизиқмай қўйгани - ҳамма биладиган фактдир. Шу сабабли Людмила Алексеевани Россия Президенти ҳузуридаги гўёки фуқаролар жамияти яратиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган масхарабозлик руҳидаги комиссияларнинг аъзоси қилиб қўйдилар ва у ўлимигача аъзо бўлди.

Людмила Алексеева жисмонан шу йил 8 декабрда оламдан ўтди. Аммо, у маънавий жиҳатдан 10 йилча аввал ўлиб бўлган эди. Кеча президент-диктатор Путин Людмила Алексееванинг жасади билан хайрлашув маросимига келиб, унинг маънавий жиҳатдан аллақачон ўлиб бўлганини яна бир марта тасдиқлади.

"Ҳаракат” Агентлиги бир вақтлар машҳур бўлган, аммо сўнги йилларда маънавий жиҳатдан ўлиб бўлган Людмила Алексееванинг жисмонан ўлими ҳақида хабар ҳам бериш ниятида эмасди. Аммо, бу воқеа бошқаларга ҳам дарс бўлиши керак деган фикрдан келиб чиқиб, шу хабар-мақолани тарқатмоқдамиз.