16 March 2018
20:37 - Қизиқ: Ўзбекистон прокурорлари АҚШ махфий хизмати билан шерикчилик қилишади
Кеча, 15 март куни АҚШ Махфий хизмати Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти билан трансмиллий молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. АҚШ Махфий хизматининг доимий вакили Дениз Фейднер хоним ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи Акмалхўжа Мавлон мазкур ҳужжатга қўл қўйишган.

Англашув меморандуми молиявий суриштирувлар ҳақида маълумот алмашиш, валюта жиноятлари соҳасида тажриба ва техник ишланмалар алмашинувини, шунингдек, ишчи гуруҳлар учрашуви ёки томонларни қизиқтирган бошқа йиғилишлар ўтказишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Махфий хизмати 150 йил олдин ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси АҚШ валютасини қалбакиллаштириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган. Ҳозирги пайтда АҚШ Президенти ва АҚШ ҳукумати юқори лавозимли бошқа мансабдор шахсларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, АҚШ валютасини қалбакиллаштириш, банк соҳасидаги фирибгарлик, почта ёрдамида фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ жиноятларни ўрганади.