13 March 2018
19:40 - Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совийди, ўсимликларни совуқ уради
Ўзгидромет маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳароратнинг пасайиб кетиши кузатилади. "Ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида бўлади, аммо деярли ҳар йили март ойида бир-икки бор қор ёғиш ҳолати кузатилади. Бу республика ҳудудидаги иқлим хусусиятлари билан изоҳланади. Март ойида Европанинг Россия ҳудудида, баъзан Урал, айрим ҳолларда Ғарбий Сибирдан совуқ ҳаво кириб келувчи зона фаол бўлади", — дейилади уларнинг маълумотида.

13-15 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Ғарбий Қозоғистон орқали Уралдан совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда. 13 март куни республика бўйлаб ёмғир ёғади, мамлакат шимолида ёмғир қорга айланиши мумкин. Республика шимолида 13 март куни кечаси 2-7 даража совуқ бўлади. Мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам термометрлар нолдан пастга тушади, бу эса уйғонган дов-дарахтларга жиддий талофат етказади.