16 February 2018
19:15 - Юсуф Жума. Янги шеърлар


Тангри -- қўйгувчидир кулбаларга ўт,
Менинг кўзим билан боқсанг кўрасан.
Сенингча кошонанг осмон бикин бут,
Менинг кўзим билан боқсанг кўрасан.

Улидан томгача ёнмоқда қасринг,
Ёнди ота онанг -- юрагинг, бағринг.
Ёнди болалигинг, сўнг ўсмирлигинг,
Менинг кўзим билан боқсанг кўрасан.

Уйинг билан куйди ёшлигинг, эвоҳ,
Умид ишончларинг куйдику, гумроҳ,
Оллоҳ, Оллоҳ дейсан, ўт қўяр Оллоҳ,
Менинг кўзим билан боқсанг кўрасан.

Суратинг қолибди, ёнмоқда у ҳам,
Оташдаги расим мисоли илдам.
Уйинг куйди, Юсуф, эй сўқир, хуррам,
Менинг кўзим билан боқсанг кўрасан.

14. 02. 2018

* * * * *

Менга шифохона излама, ўғлим,
Тилка юрагимнинг шифокори йўқ.
Отагинам бўлса бут эди дилим,
Дорихоналарда бундай дори йўқ.

Касаллик тегирмон, қон жигар талқон,
Жонимдан қолгандир қолган бўлса юқ.
Онагинам бўлса бўларди дармон,
Афсуски, дардимга бундай дори йўқ.

Кўкларда қандайдир бешавқат куч бор,
Топ-тоза зотларни ейди -- мангу суқ.
Йиртқич касалликга бўлмас эдим хор,
Опагинам бўлса, бундай дори йўқ.

Кеча бор жигарим энди букун туш,
Юрагимни ютди қарғиш теккан кўк.
Энг оғир касаллик -- айрилиқ -- турмуш--
Ҳаёт -- Энг оғир дард, бунга дори йўқ!

08. 08. 2017