16 January 2018
19:12 - Ўзбекистон оти айтилмаган 5 мамлакат фуқароларига визани бекор қилади, чиқиш визаси қачон йўқ бўлади?

Ўзбекистон ҳукумати 5 та мамлакатга виза режимини бекор қилишни ва 45 та мамлакат учун виза режимини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Миллий Матбуот Марказида ўтказилган анжуманда Туризмни Ривожлантириш Давлат Қўмитаси раиси Азиз Абдуҳаким бу ҳақда матбуотчиларга гапирди.

“Биз хорижликлар учун Ўзбекистонга саёҳат қилишни максимал даражада қулай қилишни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун виза режимини бекор қилишга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, шунингдек 5 йирик мамлакатга визасиз режим йўлга қўйилиб, 45 мамлакат учун виза режими соддалаштирилади. 2018 йил давомида эса электрон визалар олиш тизими ишга туширилади”, - деди вазир. Аммо у айнан қайси мамлакат фуқароларига виза бекор қилинишини гапирмади, ҳеч ким ундан буни сўрагани ҳам йўқ. Аслида, ҳақиқий журналистлар бундай саол бериши шарт эди. Тўғри, Ўзбекистонда ҳақиқий журналист бормиди?

Қолаверса, ҳозир биз учун муҳим бўлган масала - Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатдан чиқиш визасини йўқ қилишдир.