16 December 2017
20:27 - Туркия Президенти Ражаб Эрдўған ҳам “Ҳаракат”дан ўрганиб, Қуддусдан кейин Мадина ва Маккани ҳам йўқотишимиз мумкинлигини гапирди

Туркиянинг оммавий ахборот воситалари, жумладан, NTV телеканалининг сайтида хабар қилинишича (ntv.com.tr/turkiye), Туркия Президенти Ражаб Эрдўған бугун Истанбулда Лутфи Қирдор Халқаро Конгреслар ва Кўргазмалар Саройида (Lütfi Kırdar Uluslararası Kongre ve Sergi Sarayı) ўтказилган қандайдир мукофотлар бериш маросимида катта нутқ сўзлади. Унинг диктаторларга хос бўлган оддий ва узундан-узоқ нутқида биз учун муҳим бўлган жойи қуйидагидир.

У ўз нутқида Сурияда мусулмонларнинг келажаги билан боғлиқ бўлган ўйинни бузиб ташлаганларни айтгандан кейин, сўзларини айнан шундай давом эттириди:

“Энди Қуддус масаласида бутун Яқин Шарқ, бутун мусулмонларни нишонга олган янги ҳужум бошланди. Биз бу масала бўйича чоршанба куни биринчи, аммо буюк қадам қилдик (Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдан ташқари йиғилиши назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) ва иншооллоҳ шу йўналишда давом этамиз. Шуни яхши биламизки, агар Қуддус қўлдан кетса, Мадинани ҳам ҳимоя қилолмаймиз. Мадина қўлдан кетса, Маккани ҳам ҳимоя қилолмай қоламиз. Макка кетса, Каъбани ҳам йўқотамиз. Унутмайликки, Қуддус дейиш, Истанбул дейишдир, Исломобод дейишдир, Жакарта дейишдир. Мадина дейиш, Қоҳира дейишдир, Шом (Дамаск) дейишдир, Боғдод дейишдир. Каъба дейиш, бутун мусулмонларнинг шарафи, номуси, шаъни, қадр-қиммати, борлик ғоясидир. Биз буларнинг ҳеч биридан воз кечолмаймиз. Оллоҳнинг амри ва ота-боболаримизнинг ишончига содиқ қолиб, нима керак бўлса шуни қиламиз.”

Ҳа, бечора Ражаб Эрдўған 11 декабрь куни “Ҳаракат” айтган гапларни такрорлаган холос. Мана ўша гапларимиз: “Ислом дини дунёвийлик/секуляризм прниципини қабул қилмаса, Исломнинг ягона фарзи Имон эканлигини тезроқ тан олмаса, мусулмонларнинг 3-чи муқаддас шаҳри Қуддусни қўйиб туринг, 1-чи ва 2-чиларини ҳам йўқотамиз.”

Биз бу аҳволдан чиқишнинг йўлини ҳам шу бир неча жумлалик фикримизда билдирганмиз. Яъни, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши кераклигини урғулаган эдик. Ражаб Эрдўған “нима керак бўлса шуни қиламиз” деганда, табиий, ҳамма нарсани қурол кучи билан ҳимоя қилишни назарда тутмоқда. Аммо, Ислом дунёсининг Ғарб қаршисида бугун ҳеч қандай қуролли кучи йўқлигини ҳисобга олмаяпти. Агар мусулмон дунёси бугуннинг ҳақиқатларини назарда тутиб, “Ҳаракат” таклиф қилган йўлни танламаса, уччала қадамжони қўйиб, туринг динимизни ҳам йўқотамиз. Ражаб Эрдўғон Каъба билан боғлаб Истанбулни ҳам тилга олга олиши тасодифий нарса эмас.

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Туркияда шу йил 15 апрелда Ражаб Эрдўғаннинг диктаторлик ваколатларини кенгайтириш мақсадида ўтказилган референдум олдидан тарқатган чақириғида, Туркия исломлашиш йўлидан кетаверса, Истанбул қайтадан Констнатинополга айланиши муқаррарлигини айтган эди.

Ислом дини ва Ислом дунёсиси учун бу аҳволдан чиқишнинг ягона йўли, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва “Бирлик”нинг жарчиси “Ҳаракат” узоқ йиллардан айтиб келаётганидек, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм прниципини қабул қилиши ва Қуддус масаласида Иброҳим динлари умумий тил топишлари керак. Чунки, Қуддуснинг бу уччала дин учун муққаддас жойлари бор.

Акс ҳолда, Ислом динининг келажаги йўқ, чунки, ҳозир ҳатто Оллоҳ ҳам мусулмонларни қўллаб-қувватламай қўйган.