14 December 2017
22:33 - Сенсация: “Ҳаракат”нинг ҳақлиги, қашшоқ Ўзбекистонда ўртaча ойлик бечора Тожикистон билан тенглиги тан олинди

Ўзбекистон қандай ғариб аҳволда эканлиги, бизда ўртача ойлик ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 6-8 баравар кам бўлгани, нефть нархи тушиб кетгандан кейин ҳам, бизда ўртача ойлик Қозоғистондан 4 баравар кам эканлигини тахмин қилаётганимизни кечагина хабарларимизда билдирган эдик.

Бугун Ўзбекистон режими бизни шарманда қилиш учун бўлса керак, Давлат Статистика Қўмитасига, балки, тарихда биринчи марта, Ўзбекистонда ўртча ойлик 1 млн 346 сўмни ташкил қилиши ҳақида хабар тарқаттирибди. Тўғрироғи, Статистика Қўмитаси раиси Б.Бегалов ва Иқтисодиёт Вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев буни махсус матбуот конференциясида эълон қилибдилар.

Қаранг, ўртача ойлик бизда 1 млн 346 сўм бўлса, демак, расмий давлат курсига бўйича 1 доллар ҳозир 8093 сўм. қора бозорда сотиш ва олиш 8100 ва 8200 сўмлигини ҳисобга олсак, ўртача ойлик 122 доллар атрофида бўлиб чиқмоқда. Ваҳолангки, “Ҳаракат” Ўзбекистонда ўртача ойлик 90 доллар эканлигини, бизда бундай рақамларни эълон қилиш одати бўлмагани сабабли, бошқа манбалардан 2013 йилда топган эди. Орадан 4 йил ўтди, табиий, ойликлар озгина бўлса ҳам ортиб бормоқда. Аммо, ўртача ойлик бўйича Статистика Қўмитасининг рақамларига ишонч кам, балки, йўқ.

Чунки, Статистика Қўмитаси айтишича, бизда ўртача ойлик шу йилнинг бошидан бери 14,2 фоизга ортган эмиш. Аммо, яқинда сўм 2 бараварга девольвация қилинди, демак, ўртача ойлик сал кам 2 баравар тушиб кетиши керак эди-ку.

Шундай бўлса ҳам, шарманда бўлган биз эмас, яна Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукуматидир. Нимага дейсизми? Мана Россия сайтларида МДҲ Статистика Бошқармасига асосланиб тарқатилаётган хабарлар. Бу хабарларга кўра, сўнги уч йилда МДҲ давлатларида ўртача ойликнинг ўзгариши кўраётганингиз графикдагидек бўлибди. Ўзбекистон ҳаммага шарманда бўлмаслик учун ўз маълумотларини бермабди.

Графикка қаранг, Ғарб тарафидан киритилган санкциялар ва нефть нархининг тушиб кетиши натижасида ўртача ойлик кўпчилик мамлакатларда пасайган. Масалан, 2016 йилнинг охирида Россияда ўртача ойлик 556 долларга, Қозоғистонда 404 долларга тушибди. Яъни, “Ҳаракат” ҳозир ўртача ойлик бўйича қозоқлардан 4 баравар орқадалигимизни айтган эди, аслида, бор-йўғи 3,3 баравар орқада эканмиз.

Аммо, Статистика Қўмитамиз бу йилги сўмнинг девальвациясини бекитаётганини ҳисобга олсак, ўртача ойлик бўйича қозоқлардан орқадалагимиз 6 баравар бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Хуллас, биз эмас, яна Шавкат Мирзиё шарманда бўлиб чиқмоқда.

Мана энди ундан ҳам даҳшатли нарсага эътибор беринг. Графикда кўраяпсизки, Тожикистонда ўртача ойлик 2016 йилда 124 доллар экан. Тожикистон МДҲда, Ўзбекистонни ҳисобга олмасдан, энг қашшоқ давлат ҳисобланарди. Энди кўриб турибмизки, энг қашшоқ Ўзбекистонимиз бўлиб чиқмоқда. Чунки, бизда ўртача ойлик 122 доллар, Тожикистонда 124 доллар. Бойликларга тўла Ўзбекистонда ўртача ойлик Тожикистондан камлигини кўргач, Шавкат Мирзиё, агар унда олижаноблик элементи бўлса ҳам, дарҳол истеъфога кетиши керак. Чунки, у 13 йил Бош вазир бўлган йиллари шу аҳволга тушдик-ку.

Эй, бечора ўзбеклар, аввалги хабаримизда ҳам айтилганидек, бунақа президент билан на Ўзбекистоннинг, на ўзбек миллатининг келажаги йўқ!

Расмдаги графикни яхшироқ кўриш учун уни курсор билан босинг.