09 December 2017
21:40 - Шавкат Мирзиёга яхши хабар: Шимолий Корея ўзини инсон ҳуқуқлари қалъаси деб эълон қилди, Ўзбекистон ҳам шундай қилиши керак!
Ҳамма биладики, инсон эркинликари бўйича Ўзбекистон ва Шимолий Корея жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан иккинчи ўринда биргаликда турадилар.

Шимолий Кореянинг расмий Ренхап давлат агентлигига асосланиб бугун тарқатилаётган хабарлардан маълум бўлишича, диктатор Ким Чен Ин инсон ҳақлари масаласида жаҳонда шунчалик орқада эканлиги иддаоси тўғри эмаслигини кўрсатувчи жавоб беришга қарор қилибди. Табиий унинг топшириғи билан Корея Халқ-Демократик Республикаси Фанлар Академиясининг Инсон Ҳуқуқлари Институти (қаранг, шунақаси ҳам бор экан – “Ҳаракат”) инсон ҳақ-ҳуқуқлари бўйича махсус ҳисобот тайёрлабди ва ўз мамлакатини “инсон ҳуқуқлари қалъаси” деб эълон қилибди.

Ҳисоботда айтилишича, КХДР – инсон ҳуқуқлари мустаҳкам ҳимоя қилинадиган давлатдир. Чунки, айнан шу ерда демократик эркинликлар ва меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқлари изчиллик билан ҳимоя қилинади ва бу принциплар муваффақият билан амалга оширилади. АҚШда эса, инсон ҳуқуқлари масаласида икки хил стандарт ишлайди, инсон ҳуқуқлари бўйича бу мамлакат бошқаларга ёпишади, ўз ичида эса, инсон ҳуқуқлари билан иши йўқ.

“Ҳаракат” Агентлиги шу муносабат билан ўзининг ҳамма ўқувчиларига мурожаат қилади: “Азиз юртдошларимиз! Шавкат Мирзиёнинг Халқ қабулхоналарига хат ёзинг ва тезда Фанлар Академияси қошида Инсон Ҳуқуқлари Институти очишни ва Корея Халқ-Демократик Республикасида каби Ўзбекистон ҳам “инсон ҳуқуқлари қалъаси” эканлигини исботловчи ҳисобот тайёрлатишни талаб қилинг. Бундай институт яратиш учун маблағ йўқ бўлса, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсмени Улуғбек Муҳаммадга шундай ҳисобот тайёрлашни буюринг.”

Ҳеч шубҳа йўқки, бу масхарабоз Улуғбек Муҳаммад бир пастда бундай ҳисобот тайёрлаб ташлайди ва улуғлигимизни бутун дунёга намойиш қилади. Ва тўғри қилади, биз Шимолий Кореядан орқада қолишимизга йўл қўйиб бўлмайди.