15 November 2017
22:43 - Шеробод тумани ҳокими камчиликлари сабабли ишдан олинди. Асосий камчилик давлат системасида-ку, унга ким жавоб беради?

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Шеробод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилиб, туман ҳокими Абдулҳаким Эшмурод лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдим ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзди. Гўё, туман ҳокими жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг 80 фоизигагина тушунтириш берибди.

Шунингдек, аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги ошиб кетибди. Туманнинг экспорт салоҳияти паст аҳволга тушибди, ички йўлларни таъмирлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилмаётган экан. Гўё, бошқа туманларда аҳвол бундан бошқачадек.

Аслида, гап бошқа ерда, дейди мухбиримиз. Абдулҳаким Эшмурод шу йил сентябрь ойида туманга келган янги Президент Шавкат Мирзиёнинг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергеновга гап қайтарганди ва ўшанда унинг тақдири ҳал бўлганди.

Энди эса бу туманни шу пайтгача Сурхондарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Ўрол Бобоқул бошқаради. Аввалдан маълумки, у ҳам ҳеч нарсани ўзгартиролмайди, ҳеч нарсани яхшилолмайди. Чунки, дарахт бошидан чирийди, Ўзбекистоннинг давлат системаси чириб бўлган.

Уни тузатиш учун фундаментал, инқилобий ислоҳотлар қилиш лозим. Уларни туман ҳокимлари қилолмайди. Хўш, ким қилиши керак? Расмдаги одам эмасми?