16 October 2017
22:28 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов озод қилинди, ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлати ғарибликдан қачон қутилади?
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти бугун хабар тарқатиб, узоқ йиллардан бери қамоқда ётган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов айнан бугун озод қилинганини билдирди. Уни қамоқхонадан чиқариб, “Эзгулик” раисаси Васила Иноятнинг қўлига топширишибди. Расмда уларни кўрмоқдасиз.

“Эзгулик”нинг бугунги хабарида айтилмайди, аммо бизнинг аввалги хабарларимиздан маълумки, 1953 йилда туғилган Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан 2009 йилнинг 12 октябрида ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 25 ноябрида жиноят ишлари бўйича Охунбобоев тумани суди ҳукми билан 5,2 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик, аниқроғи, 2014 йилнинг 17 мартида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддасига асосланиб унинг қамоқ муддати яна 3,5 йилга узайтирилганди.

Шуни ҳам айтиш керакки, у қамалишидан аввал қандайдир Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилотининг фаоли бўлган. Ҳозир бундай ташкилот борлиги ҳам маълум эмас. Аммо, Ғанихон Маматхонов ростдан ҳам қандайдир қирғир ишларга аралашгани ҳақидаги шубҳалар ҳуқуқ ҳимоячилари ичида ҳар доим бўлган. Шундай бўлса ҳам, арзимаган пора иши учун учун ёши катта одамни шунча йил қамоқда ушлаш ҳам адолатдан эмас.

Охирги йилда бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва Ислом Каримга ёқманлиги учунгина озодликдан маҳрум этилган иш одамлари қамоқлардан озод қилиндилар. Ҳамма буни Шавкат Мирзиёнинг яхши ишларидан бири деб олқишламоқда. Аммо, шуни ҳам билиш керакки, СССРнинг бош диктатори, қонхўр Иосиф Сталин ўлганидан кейин 1-2 ой ҳам ўтмасдан ўн минглаб, кейин эса юз минглаб асоссиз қамоққа ташланганлар озод қилинганди. Уларнинг ичда ўзбекнинг буюк шоири Шукурулло ҳам бор эди.

Шавкат Мирзиё ва унинг тақими қандайдир Ғанихон Маматхоновни озод қилиш устида ҳаромий диктатор Ислом Карим ўлгандан кейин 1 йилу 1,5 ой ўйладими?

Ўзбеклар бу ва бу каби саволларга жавоб қидирсаларгина миллат сифатини тиклайдилар, ана ўшанда ўзбеклар ва Ўзбекистон давлати ҳозирги ғариб аҳволдан чиқишга бошлайди.

Ғариблигимизни билмайдиганлар учун иккитагина нарсани эслатамиз. Биринчидан, Ўзбекистонимиз инсоний эркинликлар бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида Ислом Карим замонида охиридан 3-чи ўринда турарди, ўтган йилги антидемократик президенлик сайловларидан кейин охиридан 2-чи ўринга туширилди. Яъни, катта қамохонада яшамоқдамиз. Иккинчидан, иқтисодий аҳволимиз шундай ғарибки, ўзбек профессорлари ва ҳатто сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олидилар.

Нима бўлганда ҳам Ғанихон Маматхоновни озодликка чиқиши билан табриклаймиз. Айни замонда, ҳаммани биз бу хабарда тилга олган мавзулардан тегишли хулосалар чиқаришга чақирамиз.