21 September 2017
07:12 - Шавкат Мирзиё масхарабозликни квадратга чиқариб, Нью-Йоркда қандайдир ватандошлари билан учрашибди

ЎзАнинг хабарига кўра, Шавкат Мирзиё кеча Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашибди. Умумий гаплардан иборат узундан узоқ хабарда учрашувда қатнашган биронта одамнинг исми, учрашувда қатнашганлар нима дегани мутлақо тилга ҳам олинмайди.

Шавкат Мирзиё Ўзбекистондада олиб борилаётган оламшумил ишлар ҳақида ҳисобот берибди ва “Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман” дебди.

Бундай муҳим учрашувнинг биронта тафсилоти очиқланмагани, хабарга биронта расм қўйилмагани биринчи масхарабозлик бўлса, у ўз “отаси” Ислом Каримнинг изидан бориб АҚШда ишлаётган ватандошларини “дангаслар” демагани иккинчи масхарабозликдир.

Хабарда учрашув тафсилотлари берилмагани ва расм қўйилмаганининг Шавкат Мирзиёга нима алоқаси бор деб савол бериши мумкин бўлган ўқувчиларимизга жавоб беришни ҳам лойиқ топмадик.

Ҳа, айтгандай, хабарда Ўзбекистон Президенти ўзбеклар билан эмас, ватандошлари билан учрашгани айтилган. У ерда ўзбеклар бўлмаган бўлса, учрашувга тожиклар ва бухоро яҳудийларигина чақирилган бўлса, ажабланмаслик керак. Чунки, ўзбеклар нима ҳунар чиқаришини аввалдан билиб бўлмайдику.