19 September 2017
17:10 - Шавкат Мирзиё Нью-Йоркга келгани ҳақида расмий хабар, ББСнинг қўшимчаси ва “Ҳаракат”нинг таҳлили
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун 18 сентябрда Нью-Йорк шаҳрига келгани ҳақида ЎзА бугун эрталаб саҳарда хабар тарқатди. Уни Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олгани (расмда), бугун Шавкат Мирзиё Бош Ассамблея сессиясининг умумий музокараларида нутқ сўзлаши ҳам ўша хабарда айтилган.

Шавкат Мирзиё ўз ташрифи доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро Валюта Фонди директори Кристин Лагард, Жаҳон Банки президенти Жим Ён Ким ҳамда БМТ Бош Ассамблеясига ташриф буюрган бошқа давлатлар раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар ўтказади, кенг доирадаги Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида иштирок этади.

Бу хабарга қизиқ бир қўшимча бор. ББС радиосининг ўзбек хизмати Шавкат Мирзиё Нью-Йоркга ўз учоғида эмас, ўзбек аслли россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг регистрацион номери M-IABU бўлган Airbus A-340-313 учоғида келганини, ББС бу ҳақда Тошкентдаги манбасидан хабар олгач, M-IABU учоғининг ҳаракатларини flightradar24 сайти орқали кузатиб борганини эълон қилди.

ББСнинг Тошкентда сон-саноқсиз манбалари бўлиши мумкин, дейди “Ҳаракат” мухбири. Аммо, унинг манбалари Шавкат Мирзиёнинг тақими ичидан маълумотлар олиши мумкинлигига аҳмоқ ҳам ишонмайди. Агар, ростдан ҳам Шавкат Мирзиё Алишер Усмоннинг учоғида Нью-Йоркга учган бўлса, Шавкат Мирзиёнинг ўзи бу ҳақда ўзига хизмат қиладиган ББСнинг ўзбекча хизматига хабар бердирган. Мақсад – ўзининг суянган тоғи Алишер Усмон эканлигини ҳамма билдириш бўлган. Акс ҳолда, Шавкат Мирзиё биз тахмин қилгандан ҳам тезроқ тамом бўлганини тан олишга тўғри келади. Нима бўпти, “Ҳаракат” хато қилиши мумкинмасми?