16 September 2017
21:42 - Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: Лондонда навбатдаги исломий теракт уюштирилди. Бу ҳали ҳолва!
“Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери исломий терроризмнинг илдизлари Қуръонни хато тафсир қилинишидан келиб чиққан хато тушунчаларда эканлигини айтиш билан бир қаторда, исломий терроризмни йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш эканлигини урғулар эди. Яъни, бундай ислоҳотларсиз ислом терроризми гуркираб бораверишига ҳамманинг диққат-эътиборини тортишга ҳаракат қилар эди.

Минг афсуски, бу фикрлар ҳалигача дунё жамоатчилиги, биринчи навбатда, мусулмонлар тарафидан тан олинмаяпти. Натижада, ислом терроризми ростдан ҳам гуркираб бормоқда. Ҳар куни у ёки бу маънода ислом терроризмига алоқаси бўлган хабарлар тарқатилмоқда.

Масалан, кеча эрталаб Лондон метросида навбатдаги исломий теракт уюштирилди. Тўғри, ҳозир Ғарбда “исломий терроризм” ифодасини ишлатиш расман бўлмаса ҳам, феълан тақиқланган. Яна ҳам тўғрироғи, Ғарб ўта либераллгини кўрсатиш мақсадида, “исломий теракт” иборасини ишлатмайди, ҳар қандай терактни “теракт” деб атайди.

Хуллас, кеча эрталаб Лондон метросида вагонлардан бирида портлаш бўлди, тахминан 40 киши яраланди. Ўлганлар йўқ. Бироздан кейин бу портлаш полиция расмийлари тарафидан “теракт” деб баҳоланди. Кечга яқин эса, бу терактни уюштиришда шубҳаланаётган 18 яшарли йигит ҳибсга олинди, ИШИД ҳар доимгидек, бу теракт учун ҳам маъсулиятни бўйнига олди.

Террорист йигитнинг на исми, на миллати ва дини айтилмаётганидан тахмин қилиш мумкинки, бу террорист мусулмон, яъни бу теракт ислом динидаги хато тушунчаларга асосланиб уюштирилган, бу теракт - исломий терактдир.

Бу ҳали ҳолва, дейди мухбиримиз. Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, ислом терроризми дунё бўйлаб гуркирашни давом эттираверади. Ғарб қанчалик тез бу нарсани тушуниб етса ва ислоҳотларга тайёр бўлмаган мусулмонларни ислоҳотлар ўтказишга, куч ишлатиб бўлса ҳам, мажбур қилса, ислом терроризми шунчалик тез битади. Ислом терроризмининг битиши, аввламбор, Ислом дунёсининг фойдасига бўлади.