10 September 2017
02:06 - Беш маҳал намоз қиладиган мусулмонлар фан ва технологияларни ривожлантиришмоқчи. Шавкат Мирзиё нима дейди?
Кечаги хабарларимизда Туркия, Покистон ва Озорбайжон президентлари Остонага келишгани, улар 10 сентябрь куни ЭКСПО-2017 халқаро кўргазманинг ёпилишида, 10-11 сентябрь кунлари эса Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича саммитида иштирок этишларини билдирган эдик. Қозоқларнинг хабаридан маълум бўлишича, кеча кечасига яқин айнан шу саммитда қатнашиш учун Шавкат Мирзиё ҳам Остонага етиб келибди. Уни аэропортда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин. козоқларнинг Тошкентдаги элчиси Ерик Утембаев ва Остона шаҳар ҳокимининг ўринбосари Косман Айтмуҳаметовлар кутиб олибди. Ражаб Эрдўғонни Нурсултон Назарбойнинг ўзи кутиб олган эди, у Шавкат Мирзиёга вақт ажратиб ўтирмабди.

Нима бўлса ҳам тушуниш мумкинки, Шакат Мирзиё ҳам Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича саммитига ҳурмат кўрсатгани учун Остонага келган. Ҳозир Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисми эканлиги, мусулмонлар бу замонавий дунёда биронта ҳам янгилик яратолмаганларини ҳисобга олсак, савол туғилади: "Бундай саммит ростдан ҳам Ислом дунёсида фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида муҳим бурилиш нуқтаси бўлмасмикан?"

Ҳеч шубҳа йўқки, Қозоғистон, Туркия, Покистон, Ўзбекистон, Озорбайжон ва саммитга келадиган бошқа давлатларнинг лидерлари Остонадаги саммит тарихий бурилиш бўлишига ишонишади. Улар бугун кечаси билан ухламасдан, "нега шу пайтгача бундай саммит ўтказиш ҳаёлимиза келмади?" деб куйишади ва роса ичишади. Бириси чой, бириси қаҳва, бириси коньяк.

Аммо, тезда маълум бўладики, Ислом дунёсида фан ва технологиялар соҳасида сезиларли ўзгариш бўлмайди. Чунки, Ислом дунёсининг қолоқ ва қашшоқлиги - "Бирлик" Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва "Бирлик"нинг жарчиси "Ҳаракат" йиллардан бери айтиб келаётганидек - Қуръоннинг хато тафсири асосида яратилган ва ҳозир ҳам Ислом динининг асосларини ташкил қилиб келаётган хато тушунчалардадир.

Дин ва технологияларда пичоққа илинадиган янгиликлар яратиш ва секин аста қолоқлик ва қашшоқликдан чиқишни бошлаш учун авваламбор Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш ҳамда Ислом динининг ягона фарзи Имон эканлигини тан олиш шартдир. Чунки, бир кунда 5 маҳал намоз қиладиганлар ҳеч қандай илмий ёки технологик янгилик яратолмайдилар.