14 August 2017
02:10 - Абдураҳим Пўлат: Одамий эрсанг демагил одами,... ёки ўзбекларнинг сўнги 50 йилда янада тубанлашгани (1-чи қисм)

КИРИШ СЎЗИ

Ҳозир аниқ эсида йўқ, аммо 1965 йилниннг охири ёки 1966 йлнинг бошида бўлса керак, ўша пайтда ўзим ўқийдиган Москва Энергетика Институтининг ҳозир номи ҳам эсимда бўлмаган газетаси учун Алишер Навоийнинг туғилган кунига бағишлаб мақола ёздим. Ҳар ҳолда, унинг 525 йиллигига бағишлаб, 1966 йилда бўлса керак.

Шуни тушуниш керакки, ўша йиллари москваликларнинг мутлақо кўпчилиги, бу институт студентлари ҳам, Ўрта Осиё ҳақида “Пахатакор” футбол командасидан бошқа нарсани билишмасди ҳисоб. Бу команда Ўрта Осиёдаги қайси республикадан эканлигининг ҳам фарқига боришмасди.

Институтда 50 нинг атрофида ўзбек студенти бор эди. Уларнинг ичида 10-15 нафаригина менга ўхшаган миллатчи ва миллатпарварнинг омихтаси деса бўладиганлари бўлиб, менинг хонамда учрашиб турардик. Улардан биронтаси институт доирасида бўлса ҳам жамоатчилик фаолияти олиб бормаган. Аммо, ичимида Сайфиддин исмли тошкентлик йигит бор бўлиб, ўзини қандайдир активлик олиб бораётгандек қилиб кўрсатарди. Табиий, қандай шароитда бўлгани ҳозир эсимда йўқ, Навоий ҳақида бир нарсалар ёзиб газетада чиқарсак яхши бўларди, аммо, уни чиқаришармиди, деган фикрни ўртага ташладим. Шундай нарса ёзсангиз мен чиқартиришга ҳаракат қиламан, деди Сайфиддин.

Тан олиш керак, ўша пайтда ўзим ҳам Алишер Навоийдек шоиримиз бўлганидан бошқа ҳеч нарсани билмас эдим у буюк инсон ҳақида. Москвадаги машҳур Ленин кутубхонасига бориб, китоблар қарашга бошладим. Ҳозир мутлақо эсимда йўқ, аммо, менимча у ерда ўзбекча китоблар ҳам топдим. Ўша ерда биринчи марта улуғ шоиримизнинг улуғликдан ҳам улуғ бўлган қуйидаги мисраларини кўриб қолдим:

Одамий эрсанг демағил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Ҳозир эсмда йўқ, ёки ўша пайтдаёқ, ёки кейинчалик қаердадир ўқидимки, Алишер Навоий “Оники йўқ дин ва халқ ғамидан ғами” деб ёзган, аммо Совет цензураси “дин” сўзини олдириб ташлаган.

Нима бўлганда ҳам, Алишер Навоийнинг бу сўзлари менинг юрагимдаги сўзлар эди. Мен Тошкент вилоятидаги бир қишлоқда туғилиб ўсиб, ўша пайтларданоқ ўрислардан мустақил бўлишни орзу қилиб яшардим. Бундай туйғу оддий бир қишлоқи болада қандай пайдо бўлганини ҳалигача ўзим ҳам тушунмайман.

Хуллас, ўша мақолани тайёрлаб, Сайфиддинга бердим, у тезда институтимизнинг газетасида (номи “Энергетик” шекилли) эълон қилинди. Сайфиддин ўзини нафақат муаллифлардан бири, балки, биринчи муаллиф қилиб кўрсатганига ҳам эътибор берганим йўқ. Аминманки, ўша мақоламиз орқали анчагина студент ўзбек миллати ва унинг улуғ шоири ҳақида илк марта эшитди. Шунга хурсанд эдим.

Тўғрисини айтаман, Навоийнинг юқоридаги сўзларини ўша мақоламга киртганим ёки киртмаганим эсимда йўқ, қолаверса, бу сатрларни ёзар эканман, ўша газетанинг сони қўлимда ҳам йўқ. Аммо, у сўзларни биринчи марта ўша Ленин кутубхонасида ўқиганман.

Кириш сўзининг хулосаси қилиб айтмоқчиманки, ўз миллатини ўйламайдиган одам, Навоий айтганидек, одам эмас, оддий ҳайвон, деган фикр менда ҳар доим бўлган ва ҳозиргача шу фикрдаман. Аммо, минг афсуски, ўзбекларнинг мутлақо кўпчилигида, айниқса, ўзини зиёли деб ҳисоблайдиганларнинг мутлақо кўпчлигида миллатни ўйлаш деган нарса йўқ.

2010 йил июнь ойида қирғиз фашистлари ўзбекни тириклайин ёққанларида, ўзбекнинг аёлларини подалашиб зўрлашганда, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдиришганда ҳамма тешикларини қисиб ўтирган ўзбекларга эса, Алишер Навоий аллақачон баҳо бериб бўлган – “Одамий эрсанг демағил одами, Оники йўқ халқ ғамидин ғами.”

Ўта даҳшатли баҳо, аммо тўғри баҳо, яъни ўзбекларнинг кўпчилиги одам сифатини, ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб бўлган.

Мен атайлаб шок терапияси усуллари билан халқимизнинг бугунги ҳолатини улуғ шоиримиздан ҳам қўполроқ шаклда айтаётганим иккинчи даражали нарса. Муҳим бўлгани, Алишер Навоий айтганидек, агар одам бўлсанг, халқни ўйламаётганларни, халқ учун ҳеч нарса қилмаётганларни одам дема. Мен ҳам айнан шу фикрдаман ва шу йўналишда иш олиб бормоқдаман ва олиб бораман.

Дарвоқе, Москвада яратилган ўзбек миллиётчи/миллатпарварлар гуруҳининг аъзолари институтни битириб, Ўзбекистонга қайтдилар. Ичимиздаги икки киши, ўша мен номини тилга олган Сайфиддин ва яна бир бухоролик йигит (исми эсимдан кўтарилди) тезда КГБга ишга олиндилар. КГБ биз билан шуғулланишини тахмин қилардик, кейин тушундикки, ичимизда камида иккита агентлари ҳам бор экан. Ўйлайманки, КГБ Сайфиддин кабилар воситасида биз ҳаққимизда фақат информация йиғиш билан шуғулланмаган, бизни ўзига кўра “тўғри” йўлга солиш ҳаракатида ҳам бўлган. “Энергетик” газетасида мақоламнинг эълон қилинишини айнан шу маънода тушунаман.

Яна тушунаманки, Сталин замони бўлса эди, шубҳасиз, бизни Сибирга чиритишга жўнатган бўлишарди.

ЎЗБЕКНИНГ 50 ЙИЛ АВВАЛГИ ҲОЛИ

Москва Энергетика Институтининг Талаблар шаҳарчаси ростакам шаҳарча эди. 15 тача факультетнинг ҳар бири учун алоҳида ётоқхона биноси, иккита ошхона, Маданият Саройи, поликлиника, бир нечта спорт майдони ва бошқа нарсалар бор эди. Ҳар бир студент ўз факультетининг ётоқхонасида яшарди, шу сабабли, бу ердаги ўзбек студентлари шаҳарчада тарқоқ яшардик. Мен ўқийдиган Автоматика ва Телемеханика факультетининг ётоқхонасидаги ўзбеклардан 4 нафари учинчи курсдалигимда шекилли, битта хонага жойлашдик.

Бу хона нафақат институтдаги, балки, бутун Москвадаги ўзбек миллатчи/миллатпарварларнинг марказига айланди дейиш мумкин. Мен ўзим қуйидаги эълонни ёзиб, ўша хонанинг деворга ёпиштириб қўйганман: “Бу хонада русча гапириш тақиқланади. Ҳар бир ишлатилган русча сўз учун 15 тийин жарима”.

Ўша пайтларда ўзбекларда ҳар бир гапда, керак бўлса бўлмаса, бир нечта рус сўзини ишлатиш одати шаклланаётган эди. Биз эса, ўзимизча бунга қарши ҳаракат бошлаганмиз ўша йиллари. Ўшанда “жарима” сўзини ҳам ҳеч ким билмасди. Ҳамма “штраф” дерди. Ичимизда тошкентлик, аниқроғи, юнусободлик ўта миллатчи йигит бор эди, исми Рихсивой Юнусов, айнан у қаердандир “жарима” сўзини топиб келди. Ҳар ҳафтада ўша жарималардан анчагина пул йиғиларди, унга ош қилардик, табиий, ҳамма учун.

Бу хонада бўлган гаплар, кўтарилган мавзулар, баҳслар - ўзбекнинг тарихида қоладиган нарсалардир, қолади ҳам. Мен бу ерда, ўша хонада бўлган оддий бир “жанжал” ва ўша хонада кўтарилган ўта муҳим бир масалани тилга олмоқчиман, холос.

Биринчиси, тўғрироғи, жанжали. Ичимида бир хоразмлик йигит, яъни миллатчи/миллатпарварларлик туйғулари масаласида биз билан ҳамфикр бўлган йигит бор эди. Қариб қолдим шекилли, узр, ҳозир исми ёдимдан кўтарилибди, Шавкат эди, шекилли. Унинг отаси Хоразмда ўзига яраша юксак лавозимда ишлаган ва ўша пайта кўпчлик юқори лавозимдаги кишилар қилган ишни қилиб, ўғлини русча мактабда ўқитган.Шавкат русча мактабни битиргани сабабли, табиий, унинг айби ҳам эмас, отасининг айби, русча сўзларни кўпроқ ишлатишга мажбур бўларди, аммо юраги билан биз билан бир қаторда эди. Отасидан ёрдам келиб турган бўлса керак, унинг учун жарима тўлаш ҳеч қандай муаммо ҳам яратмасди.

Бир кун у битта русча сўзни эмас, бутун бир жумлани русча гапирди. Мен дарҳол “Қани, 90 тийин тўланг” дедим. Унинг жони чиқиб кетди, аммо чўнтагидан 1 сўм олиб столга отар экан, қани “сдачасини” қайтар деди. Мен унга “Йўқ қайтармайман, чунки, “сдача” сўзи учун 15 тийин тўлашингиз керак, демак яна 5 тийин беринг” дедим. У ғазаб билан яна 5 тийинни стол устига отди, лекин, шартта туриб хонамизни тарк этмади. Чунки, у юрагида ҳақиқий миллатчи/миллатпарвар эди. Кейин у Хоразм вилоятида энергетика соҳасида энг катта лавозимга чиқди, ўша пайтда у билан бир марта кўришдик ҳам. Айнан у ва у кабилар ҳақиқий ўзбеклардир. Шеърларида миллатпарварликни кўйлаб, амалда миллатни бир неча чақага сотиб кетган гўёки мухолифатчи хоразмликлар эмас.

Иккинчиси, асосийси. Ўша машҳур хонада ўзбек миллатининг келажаги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилар эканмиз, Тошкентда Алишер Навоий театри олдидаги майдоннинг ўнг тарафига қурилган ЦУМ (Центральный Универмаг) кун тартибига чиқиб қолди. Маълумки, ўша пайт ўлчовлари бўйича, ўта муҳташам, ўта замонавий ҳисобланган ЦУМнинг томида усти очиқ “Ветерок” номли кафе бўларди. Ўша замон учун бундай кафе очилишининг ўзи муҳим воқеа бўлиб, ҳеч қачон Тошкентга келмаган ўзбеклар ҳам у ҳақида эшитишганди.

Биз миллатчи/миллатпарварлар “Нима учун Тошкент марказидаги кафенинг номи русча, ўзбекча эмас?” деган савол устида ўйлай бошладик. Унутмаслик керакки, ўша йиллари Осиё ва Африкада миллий-озодлик ҳаракатлари катта муваффақиятларга эришаётган пайт эди. Балки, уларнинг ҳам таъсирида, биз ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллиги масаласини муҳокама қилардик. Секин-аста ичимизда шундай фикр шаклланди: “Ўзбек халқи ҳам мустақиллик ҳақида ўйлаётгани шубҳасиз. Аммо, кимдир бу ишни бошлаб бериши керак. Биз борайлик-да, ўша кафега чиқиб, “Ветерок” ёзувини уриб туширайлик. Бу нарса ўзбек халқи учун сигнал бўлади, миллий-озодлик ҳаракати бошланади, биз ҳам мустақилликка эришамиз.”

Ва биз жиддий шаклда бу ишга тайёрланишга бошладик. Ёзда таътил учун Ўзбекистонга борганда, Тошкентда йиғилиб, ЦУМ устидаги кафенинг русча номини уриб тушириш ҳаёли билан яшай бошладик.

Аммо, бир кун мен шундай дедим: “Бу иш бўлмайди. Ҳар куни эрталаб “Ассалом рус халқи буюк оғамиз” сўзлари билан бошланадиган Ўзбекистон гимни радиоларда бериладиган мамлакатда ўзбек халқи биз айтаётан ишларга, яъни миллий-озодлик ҳаракатига қўшилишини ўйлаш ўта соддалик бўларди. Биз ўша кафенинг “Ветерок” номини уриб туширсак, бизни ўзбекларнинг ўзи ушлаб, ўлдириб қўйишмаса-да, қўл оёғимизни боғлаб, КГБга обориб топширишади ва улуғ рус халқининг, яъни “катта акамизнинг” тилига ҳурматсизлик кўрсатганимиз учун жазолашни талаб қилишади.” Анча баҳслашдик ва ўзбек халқини курашга чақиришдан аввал, уни миллий туйғуларни тушунадиган даражага олиб чиқиш устида ишлаш керак деган хулосага келдик ва шундай қилишга келишдик.

ОРАДАН 25 ЙИЛ ЎТДИ, МЛЛАТИМИЗНИНГ АҲВОЛИ ҲАЛИ ҲАМ АЯНЧЛИ ЭКАНЛИГИ МАЪЛУМ БЎЛДИ

Ўзбекни миллий туйғуларни тушунадиган даражага олиб чиқиш устида ишладик ва катта ишлар қилолдик деб айтолмайман. Чунки, катта ишларни уюшган ҳолдагина олиб бориш мумкин. Аммо, ўша замон шартлари остида биз ўзимиз ҳам бирон ташкилот қуролмаслигимиздан ташқари, ўзбекни миллий мавзу атрофида уюштириб, яна уни курашга тортиб ҳам бўлмасди. Сал кам 14 асрдан бери Ислом уламолари миллатни ҳам, умматни ҳам, уюшиш ва курашга эмас, Оллоҳнинг марҳаматини кутишга чақирдилар ва бунинг натижасида мусулмончиликнинг биринчи сафларида бўлган ўзбеклар курашни унутиб, Оллоҳнинг марҳаматини кутиш билан машғул бўлдилар. Ўзбеклар “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракат” эканлигини ҳам мутлақо унутдилар.

Аммо, мен ва менинг тарафдорларим курашни тўхтамасдан давом эттиридик. Мен Москвада аспирантурада ўқир эканман, бу ерда Фанлар Академиясининг аспирантлар ётоқхонасида ўзбекларни тарихда биринчи марта уюштирдик ва оддий тилда аспсовет деб айтиладиган Аспирантлар кенгашига ўзимиздан раис чиқариш учун яҳудийлардан кейин кучлилиги бўйича иккинчи ўринда турган арманилар лоббиси билан урушга кириб феълан уни ютдик. Арманилар лоббисини бекорга тилга олаётганим йўқ, СССР Фанлар Академияси Президиуми партия ташиклотининг раиси армани Сагоян бу ишни шахсан ўзи бошқарган, Академия Президиуми ва ётоқхонамиз жойлашган Москванинг марказидаги Октябрь райони райкомининг мафкура бўйича котиби ҳам армани бўлган.

Биз бўш келмаганимиздан кейин, воқеа катта сиёсатга айланиб кетди. Фанлар Академиясининг Президенти, дунёга машҳур олим Келдишга ҳам воқеани етказишибди, унинг ёрдамчиси мени чақириб, суҳбатлашган. Менинг домлам, ҳозир Россия Фанлар Академиясининг таниқли олими Дмитрий Поспелов менга “Партия органлари сенга миллатчилик айби қўйишмоқда, аспирантурадан ҳайдалашинг аниқ, мен бир нарса қилолмайман, аммо, қамалиш хавфинг ҳам бор”, деди. Мен аспирантурасида ўқийдиган дунёга машҳур Ҳисоблаш Марказининг партком котиби - СССРда энг ёш Ленин мукофоти лауреати бўлган олимлардан, ҳозир у академик, Юрий Журавлев ҳам шундай хавф борлигини айтиб, менга аспирантурани ташлаб тинчгина кетишни таклиф қилди.

Аминманки, мендан бошқа ҳар қандай ўзбек ётоқхонага ҳам кирмасдан тўғри вокзал ёки аэропортга кетарди ва у ердан Тошкентга қочарди. Аммо мен кетмадим ва ҳамма нарсага қарши бу курашни ютиб чиқдим. Гап қандайдир Аспирантлар кенгашининг раислигида эмасди. Сони жиҳатидан СССРда учинчи ўринга чиққан, ётоқхонада нисбий кўпчиликка эга бўлган ўзбекларнинг бошқаларга таслим бўлишига чидай олмасдим, ўзбеклигим, миллий ғурурим бунга йўл бермасди.

У кунги воқеаларни қадамма-қадам сўзласам, роман ёзилади. Ҳозир қисқа бўламан. Бу кураш натижасида, арманиларнинг шундай шармандасини чиқардикки, улар ҳозир ҳам ўша кунларни эслашса, лабларига учуқ тошса керак. Бу ҳақда “Ҳаракат” журналидаги хотираларимда батафсил маълумотлар бор.

Ўқишни битириб Ўзбекистонга қайтиб келгандан кейин тушундикки, ўз мамлакатимизда бундай нарсаларни орзу ҳам қилиб бўлмасди, миллий масалани энг яқин дўстларингиз билан гаплашишни истасангиз, улар дарҳол “деворнинг ҳам қулоғи бор” деб гапдан қочишарди. Мен тўхтамасдан ўйладим, йўл қидирдим ва шундай хулосага келдим: “Демократик йўллар билан ҳеч қандай урушсиз ва қон тўкишсиз - мустақиллик учун курашиш ва мустақилликка эришиш мумкин.”

Бу орада жаҳон тарихида энг буюк инсонлардан бири сифатида қоладиган Михаил Горбачевнинг “қайта қуриш” сиёсати ўртага чиқди. У Совет одамлари ҳали тушуниб етмайдиган ғоя ва фикрларни гапира бошлаганда, оддий одамлар унга “болтун” (валдировчи) деб лақаб ёпиштирдилар. Мен ҳам уни дарҳол тушундим деб айтолмайман. Аммо Ўзбекистонда биринчилар қаторида тушундим, ва очиқча айтаманки, ҳақиқий демократик муҳитда мустақиллик деган нарса иккинчи планга ўтишини аввалдан билганим учун тушундим.

Мен ҳар қандай ўзгаришлар, қайта қуришлар, миллатнинг тақдири учун олиб бориладиган курашларда иштирок этишга интилардим, бунга тайёр эдим. Аммо, бундай ишларда лидерлик қилишни нафақат ҳеч ўйламаганман, балки, хоҳламаганман. Чунки, Фанлар Академиясининг Кибернетик институтида “Интеллектуал роботлар” лабораторияси ташкил қилиб бўлгандим, мақсадим шу соҳада буюк ишлар қилиш эди.

1988 йил баҳор ойларининг бирида ишдан уйга қайтар эканман, Академгородок деб танилган ерда Кибернетика институтига яқин жойдаги биология соҳасидаги институтлардан бирида ишлайдиган, Москвада аспирантуралик давридан бери танийдиган ўртоғим Улуғбекни кўриб қолдим. Унга ўз вақтида куёв йўлдошлик ҳам қилганман. Қўлимда Чингиз Айтматовнинг Москвада чиқадиган қайсибир журналда эълон қилинган оламшумул романларидан бири бор эди. Гап ўшани муҳокама қилишдан бошланди, кейин Горбачов ва унинг қайта қуриш сиёсатига ўтдик, ва табиий, ўзбеклар нима қилиши керак деган саволга ҳам келдик. Уйга боришни ҳам унутдик ва ўша пайта Максим Горький номли бўлган майдон четидаги “Светлана” гастрономи олдида 2 соатча гаплашдик.

Улуғбек бир неча кундан кейин БМТ қошидаги қандайдир комиссиянинг СССРдаги бўлимининг Ўзбекистон филиалида давлатнинг “Туғилишни режалаштириш” дастурига бағишланган мажлис бўлишини айтди ва мени ўша ерга боришга чақирди. Туғилишни режалаштириш шиори остида туғилишни камайтириш учун иш олиб борилаётганини иккаламиз ҳам тушунардик. Улуғбекнинг ўзи академик Муҳаммаджонов раислик қиладиган ўша филиалнинг котиби экан.

Хуллас, ўша мажлисга бордим. Асосий докладчи - Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибидаги Философия институтининг директори, кўп йиллардан бери Ленинградда яшаб, ўша ерда профессорлик даражасига етиб борган, яқинда Ўзбекистонга чақирилган ўзбек олими экан. У бўлар-бўлмас гаплар билан, Ўзбекистонда туғилишни режалаштириш кераклигини исботлашга ҳаракат қиларди. Менинг ўтирган еримдан туриб, “Болалар сўрғичини ишлаб чиқаришни режалаштира олмайсизлар-да, оилани режалаштирасизларми?” каби пичинг гаплар отишимнинг ўзи у олимни шарманда қилиб бўлди. Чунки, ўша пайтда ростдан ҳам болаларга сўрғич топиб бўлмасди. Ҳозирда раҳматлик ойим, навбатдаги набиралардан бирини боқиш билан овора эканлар, бир неча кун аввал “Болам, Тошкентдай шаҳарда биронта таниш-билишинг йўқми, битта сўрғич топиб келсангчи” деган эдилар.

Мажлис битиши билан олдимга бур гуруҳ одам келди. Булар Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси қошида тузилган Оролни ҳимоя қилиш комитетининг (қисқача – Орол комитети) аъзолари экан. Унинг раиси, ёзувчи Пирмат Шермуҳаммедов ҳам шу ерда эди. Улар менинг пичинг билан отилган гапларимданоқ менинг табиатимни тушунишибди, ўз комитетларига чақирдилар. Чақириқни қабул қилдим ва комитетнинг турли йиғилишларига боришни бошладим.

Ўша йили ёз ойларидан бирида Ғазалкентда бир заводнинг қурилиши атроф муҳитни ифлос қилиш нуқтаи назаридан тўғри эмаслиги ҳақидаги фикримизни ҳимоя қилиш мақсадида вилоят раҳабарияти завод қурилишини оқлаш учун ўтказаётган мажлисига бордик. Бир рус аёли сўзга чиқиб, ўз ўғли техник заводда ишлашни орзу қилиши, шундай завод Ғазалкентда қурилиши кераклигини гапирганда, мен унга шундай жавоб бердим: “Ўғлингизнинг орзусига қарши бўлолмаймиз, аммо Сиз ҳам тушунинг, ўғлингиз космонавт бўлишни истаб қолса, Ғазалкентга қандай қилиб космодром қурамиз?” Ўша йиғилишда қатнашаётган КПССнинг Тошкент вилоят секретари (Пахта иши бўйича Ўзбекистонга юборилган рус десантчилардан бири) ва Тошкент вилоят ижроия комитети раиси (ҳозир ҳоким дейилади) ҳам нутқ сўзлашди. Уларни шундай шармандасини чиқардимки, эртасига мени КГБнинг Фанлар Академияси куратори чақириб, қўрқитишга ҳаракат қилди. Унвони майор бўлган ўзбек эди. Горбачевнинг сўзларидан чиройли иқтибослар келтириб, эсини жойига тушириб қўйганман.

Орол комитетидаги ёзувчилар Ғазалкентдаги гапларим бўйича мақола тайёрлашни сўрашди. Мактабни битиргандан бери ўзбек тилида бирон нарса ёзмаганимни айтиб, қилолмасам керак, дедим. Сиз бир нарса ёзинг, биз тузатамиз, дейишди. Ёздим, "Ёш ленинчи" газетасида (ҳозирги "Туркистон" газетаси) мақолам чиқди. Қарасам, битта сўз ҳам ўзгартирилмаган. Демак, ўзбекча ёзишни унутмаган эканман, деб ўйладим хурсанд бўлиб.

Булар ҳаммаси мени руҳлантирди ва Пирмат Шермуҳаммедов билан бориб гаплашдим. Дедимки, ҳозир ҳамма республикаларда “халқ фронтлари” ва “халқ ҳаракатлари” қурилмоқда. Аммо, ўзбеклар бундай сўзларнинг ўзидан ҳам қўрқишади. Келинг, ўзбекларнинг этини ўлдириш йўлини танлайлик. Оролни ҳимоя қилиш комитетининг жойлардаги бошланғич ташкилотларини тузиб, улар асосида Ўзбекистон экологик фронти яратайлик, унга кўплаб одамларни тортайлик, кейин уни халқ фронти ёки халқ ҳаракатига айлантириш учун иш бошлаймиз. Пирмат ака бу фикрни қўллаб-қувватлади.

Ўша кунларда, яъни қандайдир фронт тузиш фикри ҳеч қаерда очиқланмаган кунларнинг бирида, институтимизда шундай воқеа бўлди. Бошқа бир лабораториядаги аспирант, ташқи кўринишидан жанубий вилоятларидан биридан бўлган йигитни коридорларда кўриб турардим, аммо ҳеч гаплашмаган эдик. Ўша йигит олдимга кирди ва шу кунларда Эстонияга командировкага борганини айтиб, менга Эстония халқ фронти чиқарадиган газетанинг илк сонини берди. Мен марказий ахборот воситалари орқали ҳамма республикларда бўлаётган сал кам инқилобий воқеалардан хабарим бор эди, Эстония халқ фронти тузилгани ҳақида ҳам. У йигитдан сўрадим: “Газета учун раҳмат, лекин айтингчи, нима учун мени бундай нарсалар қизиқтиради деб ўйладингиз? Ёки бошқаларга ҳам газета олиб келдингизми?”. Унинг жавоби мени ҳайрон қолдирди: “Фақат Сизга олиб келдим. Бундай нарса Сизни қизиқтиришига ишонаман”. Ҳа, дедим ичимда, “ойни этак билан бекитиб бўлмайди” деганлари шу бўлса керак-да.

Шундай қилиб, ўзим ишлайдиган Кибернетика институтида Орол комитетининг бошланғич ташкилотини туздик ва Фанлар Академияси бўйича ташкилотини тузиш учун иш бошладик.

Ўша кунларнинг бирида, аниқроғи, 1988 йил октябрь ойида, Ёзувчилар Уюшмасининг биносида Оролни қутқариш комитететининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Сал кам 200 киши қатнашган йиғилишда КПССнинг Политбюро аъзоси, КПСС Марказкомининг котиби вазифасигача кўтарилган ўзбек Нуриддин Муҳитдинов доклад қилди. Умумий гаплардан иборат нутқда пичоққа илинадиган нарсанинг ўзи ҳам йўқ эди. Кейин чиқиш қилганлар ичида мен ҳам бор эдим, шундай дедим: “Бизнинг йиғилишларимиздан ҳеч қандай фойда бўлмаяпти. Ҳукумат ҳатто Орол денгизи билан боғлиқ муаммо борлигини ҳам тан олаётгани йўқ. Келинг, ҳукумат олдига шарт қўяйлик. Агар 1 ой ичида, энг камида, бу муаммо борлиги тан олиниб, ҳукумат бу муаммоани ечиш учун иш қилиши ҳақида ваъда бермаса, кейинги йиғилишимизни Ленин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) ўтказайлик.” Минабарга яна Нуриддин Муҳитдинов югуриб чиқди ва “Ленин майдонида мажлис бўладими, бу ёш фан доктори бизларни митингга чақирмоқда. Билиб қўйинглар, ўзбеклар ҳеч қачон митингга чиқмаган ва чиқмайди, бу каби гапларни тўхтатайлик” деб ҳайқирди ва мушти билан минбарга бир урди.

Қаранг, аҳволимиз ўшанда анчагина мураккаб бўлган. Ичимизда, бир тарафдан, Нуриддин Муҳитдинов каби “улуғлар” ва, бошқа тарафдан, юқорида номи тилга олинган қашқадарё ёки сурхандарёлик аспирант каби “оддий” Ўзбек йигитлари бўлган. Аммо, Ўзбекистонда оби-ҳавони Нуриддин Муҳитдинов кабилар яратишарди. Демак, дeб ўйладим ўшанда, аҳволимиз ЦУМ устидаги “Ветерок” сўзини уриб тушириш устида ўйлаган йилларимиздан ёмон бўлса ёмонки, яхши эмас. Аҳволимиз аянчли, демак, олдимизда оғир ишлар бор.

(Давоми бор)