12 August 2017
09:08 - “Ҳаракат” хатқутисидан: 2. Қачонки адолат сотилса, ёхуд Ўзингдан чиққан бало! (Марҳамат туманида Мамадалиева Зумрадхон воқеаси)

Бу хатимдаги воқеалар Марҳамат шаҳар Мустақиллик кўчаси 16-уйда яшовчи фуқаро Мамадалиева Зумрадхон Махсумжоновна атрофида бўлмоқда. Бу тадбиркор аёл ўз эри Мамадалиев Шуҳратжон билан биргаликда Марҳамат шаҳри марказида тижорат-савдо дўкони очиб маҳаллий бюджетга тўловлар қилиб аҳолига беминнат хизмат қилаётган фуқаролардан бири ҳисобланади. У ўз савдо ҳудудида икки қаватли замонавий иншоат қуриши учун рухсат беришларини сўраб 2013 йилан 2015 йилгача туманнинг собиқ бош архитектори А. Бадаловга бир неча бор мурожаат қилади. Лекин бош архитектор унга ҳали янги лойиҳа келгани йўқ деб ишбилармонни уч йил давомида алдаб келган. Аслида эса янги лойиҳа 2013 йилда тасдиқдан ўтиб Андижон вилоятига берилган экан. Кейинчалик маълум бўлишича, туман бош архитектори А. Бадаловнинг ҳақиқатни яширишидан бир мақсади бўлганки, фуқаро Зумрадхон Мамадалиевага қўшни бўлган дўкон соҳиби Бобохўжаев Муродхўжа собиқ бош архитектор билан тил бириктириб унга лойиҳа бермаслик режасини тузган ҳамда келажакда З.Мамадалиевага тегишли бўлган ҳудудларни туман раҳбарлари ёрдамида эгаллаб олмоқчи бўлади.

Лекин унинг бу режаси Андижон вилояти Ер ресурслари ва Давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Ф. Бердиқуловнинг № ФБ/752-02 сонли 12. 05. 2016 йил кунги хабарномаси билан қисман бекор бўлади. Бироқ 25. 05. 2016 йил куни айни шу масала бўйича Бобохўжаев Муродхўжанинг даъво аризаси билан тадбиркор Зумрадхон Мамадалиева устидан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг мажлиси бўлиб ўтиши белгиланади. Аммо ўша куни қарши тараф номаълум сабабларга кўра судда ҳозир бўлмай, натижада суд муҳокамаси номаълум муддатга кўчирилади. Жумладан, ишбилармон Зумрадхон Мамадалиеванинг фуқаро Бобохўжаев Муродхўжанинг қилмишлари устидан тегишли органларга ёзган аризалари давлат мутасаддилари томонидан жиддий ўрганилмай ҳануз жавобсиз ётибди.

Шунингдек, туман Давлат солиқ инспекцияси бўлими собиқ бошлиғи Бекзодбек Ғофуров раҳбарлигидаги солиқчилар гуруҳи ҳам 2015-16 йиллар давомида тинимсиз тадбиркор З. Мамадалиева фаолият кўрсатаётган тижорат-савдо дўконига ғайриқонуний текширишлар ҳамда ҳужумларини амалга оширишдан тўхтамадилар. Уларнинг ҳатти-ҳаракатларида ҳам фуқаро Бобохўжаев Муродхўжанинг қўллари борлиги яққол сезилиб турарди. Чунки ДСИ ходимлари бирор марта ҳам фуқаро Бобохўжаев Муродхўжанинг ноқонуний қурилмалари ва савдо фаолиятига эътироз билдирмас, аксинча, унинг қилмишларини кўрмаганга олиб ундан кўз юмиб келдилар бугун ҳам шу ҳол давом этмоқдалар. ДСИчиларнинг бу ҳаракатларида ҳам қандайдир шубҳали нарса борлиги тайин.

Жумладан, Марҳамат туман Давлат Санитария Эпидемиология Назорат Маркази (ДСЭНМ) раҳбарияти ҳам бу борада Давлат солиқ инспекциясидан қолишмайди. Зеро, ишбилармон Бобохўжаев Муродхўжанинг антисанитария шароитида мижозларга таом тайёрлаб бераётганлигини мутахассис бўлмаган одам ҳам оддий кўз билан кўриб гувоҳи бўлиши мумкин. Аммо ҳеч ким, айниқса, ДСЭНМдаги жавобгар шахслар унинг бу фаолиятидан умуман норози эмаслар ёки шу ерга келганда уларнинг кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолади шекилли. Ваҳоланки, шаҳарнинг қоқ марказида Бобохўжаев Муродхўжанинг каламушларга тўла ошхонаси ўзининг тўлиқ антисанитария ҳолатида мижозларга бемалол хизмат кўрсатиб ётибди. Чунки фуқаро Бобохўжаев Муродхўжанинг ўғли Бобохўжаев Акмал Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ходими бўлиб, у ерда унинг баъзи бир ҳомийлари унинг дадасига ўзининг бемалол ноқонуний фаолиятини юргузишга шароит яратиб бермоқда.

Аксинча, улар З. Мамадалиевага қарши турли найранглар ўйлаб топишиб кунаро унинг фаолиятига ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказишдан тийилишмаяпти. Маълум бўлишича, бу ишларнинг ортида фуқаро Бобохўжаев Муродхўжа ҳамда унинг каттагина таниш-билишлари турибди.

Чунончи, 03. 04. 2016 йил куни собиқ Марҳамат туман ДСИ бошлиғи Б. Ғофуров шахсан ўзи З. Мамадалиеванинг иш жойига келиб: -Сиз ходимларингизнинг солиқ тушумларини ёпибсиз, нега ундай қилдингиз? – деб сўрайди. Зумрадхон унга: -Яқинда суд бўлади, шунингдек, навеслар масаласи ҳам ҳал бўлади. Ана шуларнинг натижасига қараб ходимларимни яна қайта ишга олиб қоларман. Ҳозирча эса фақат ўзимга солиқ тўлаб тураман холос, деб жавоб беради.

Бироқ мана шу суҳбатдан кейин ҳам Марҳамат туман ДСИ бошлиғи Б. Ғофуров З. Мамадалиевадан ходимларини қайта ишга олишини талаб қилади, акс ҳолда тадбиркорнинг дўконидаги мавжуд бор товарларини мусодара қилиш таҳдиди билан унга босим ўтказади. Шунингдек, у З. Мамадалиевага: - Навесингиз қизил чизиқдан ичкарида турибди-ку, демак, ҳеч ким уни бузолмайди, деб ўзича ақл ўргатибди. З. Мамадалиева унинг бу гапларига ишониб тўртта сотувчисига бошқатдан яна энг кам иш ҳақи 130 000 (бир юз ўттиз минг) сўмдан давлатга солиқ тўлаб уларнинг иш фаолиятларини яна тиклаб қўйибди. Бироқ орадан саккиз кун ўтиб 12. 04. 2016 йил куни шахсан Марҳамат туман ДСИ бошлиғи Б. Ғофуров туман ҳокими Х. Султонов ва Марҳамат туман Миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи Умиджон Тошматов деган шахслар билан келиб Б. Ғофуров ўзининг бир ҳафта олдин айтган гапига тескари иш тутиб ёлғиз З. Мамадалиеванинг навесларини буздириб ташлайди. Натижада З. Мамадалиева яна ўз ходимларимдан айрилиб, лекин қилмаган фаолияти учун бекордан бекор ДСИга 200 000 (икки юз минг) сўмдан тўрт кишига 800 000 (саккиз юз минг) сўм пул тўлагани қолибди холос.

Шунингдек, ўша куни Марҳамат туман ДСИ бошлиғи Б. Ғофуров томонидан Марҳамат туман Миллий хавфсизлик хизмати бўлими бошлиғи Умиджон Тошматов деб таништирилган шахс кейинчалик собиқ Марҳамат туман ИИБ бошлиғи А. Юлдашев бўлиб чиққан. Кўриниб турибдики, ДСИ бошлиғи Б. Ғофуров фуқаро Бобохўжаев Муродхўжанинг гумаштаси сифатида ўз мақсадига етиш йўлида бировларнинг номини сотишдан ҳам тоймаган. Чунки 2016 йил 12 апрель куни туман хокими Х.Султонов ДСИ бошлиғи Б.Ғофуров ва ўзини шахардан келган шахсМамадалиева Зумрадхонга: -Масъул ходимман,исми шарифим сир, деса ДСИ бошлиғи Б.ҒофуровЗ. Мамадалиевани четга тортиб: - Опа бу бу одам Тошкентдан келган туман МХХ бошлиғи Умиджон Тошматов бўлади, булар ўзини таништирмайди, Бобохўжаев Муродхўжанинг ўғли Акмалхўжа билан бирга ишлаган, сизни ноқонуний навесингизни бузиш учун особый келган сизни ишингиз шахсан МХХ назоратида турибди яхшиликча навесингизни бузмасангиз касал эрингизни бирор баҳона билан олиб кириб қўяди, деб қўрқитади.

Натижада фақатгина ўзининг навеси бузилиб, қолган ноқонуний бинолар ханузгача турганидан ўзини давлатнинг “ўгай фарзандидек” сезиб, хафа бўлибМамадалиева Зумарадхон МХХ Республика бошқарувига бориб, у ерда ишлайдиган ходим Бобохўжаев Акмалхўжа ва Умиджон Тошматовлар устидан ёзган норозилик шикояти ўз тасдиғини топмайди. Бундан ғурурланган ДСИ бошлиғи Б.Ғофуров яна “йиқилганни тепкилаб” Мамадалиева Зумарадхоннинг қурилиш чизиғидан 25 метр ичкарида турган мебель расталарини қасддан синдиртириб, тракторга юклатиб жўнатиб бу ҳақда Бобохўжаев Акмалхўжанинг онасиОдинахонга келиб Мамадалиева Зумрадхоннинг кўз ўнгида уялмасдан: -Ана, мана бу қўшнингизнинг хамма ерини бўшатдим. Энди нариги қўшнингизга осилаверманг, деб айтади.Бобохўжаевларнинг нариги қўшниси эса Шаҳрихон туман прокурори Омонов Ойбек бўлади. Тадбиркор ниқоби остида иш олиб бораётган БобохўжаеваОдина хозиргача йўлакда пахта мойини тутатиб, антисанитар ҳолатда туман марказида ҳуснбузар бўлиб перажки, сомса сотиб кўча савдосини гуллатяпти. Унга биров, яъни давлатнинг масъул ходимлари «ғинг» дея олмаяпти.

З. Мамадалиева маҳаллий раҳбарларнинг туманда олиб бораётган бу каби ақл бовар қилмас ишларидан ҳайрон қолаяпти. Чунки улар бугун бир гапни оғиз тўлдириб айтсалар, эртага уялмасдан ўша гапларининг тескарисини қилишдан тоймаяптилар. Давлатнинг бу ходимларида тутриқ борми ўзи ёки улар Ўзбекистон деб аталмишкелажаги буюк давлатни Совет ҳукумати сингари зўравон бир мамлакатга айлантирмоқчиларми?! Бунақада З. Мамадалиева каби тадбиркорлар умуман Ўзбекистоннинг буюк келажагига ишонмай ҳам қўядилар. Чунки тарихга назар солсак, шўролар ҳукумати ҳам дастлаб фуқароларга бойлардан тортиб олинган ерларни чоракорлик асосида ижарага бериб, орадан уч-тўрт йил ўтиб яна зўравонлик билан ўша еларни давлат ҳисобига тортиб олган. Норозилик билдирган фуқаро ё ўзи туғилиб ўсган еридан бадарға қилинган ёки қамоққа олиниб бутунлай йўқотиб юборилган.

Хуллас, З. Мамадалиева сингари маҳаллий раҳбарлардан ноҳақ жабр-ситам кўраётган тадбиркор-ишбилармон фуқаролар Марҳамат туманида кўплаб топилади. Бу ерда уларнинг баъзи бирлари ҳақида гап кетяпти, холос. Зеро, ўзини тадбиркор санаб маҳаллий раҳбарларни нафсининг кўйида ўз ноғарасига ўйнатаётган Бобохўжаев Муродхўжа каби нобакорлар ишбилармонликдаги эркин рақобатга сунъий тўсиқлар қўяверса, унда Марҳаматда ривожланиш бўлиши мумкинми?! Янги ишчи ўринлар очиб қўлдан келганча фуқароларни ишсизлик балосидан амалда қутқараётган ҳамда давлат ғазнасини солиқ маблағлари билан таъминлаётган ишбилармонларга мамлакатда жуда катта эҳтиёж туғилаётган бир паллада ўроқда йўқ, машоқда йўқ ҳирмонда ҳозир бўлгувчи Бобохўжаев Муродхўжага ўхшаган фақат ўзини ва бугунинигина ўйлайдиган шахслардан Марҳаматга, қолаверса, халқ ва давлатга бир тийинлик наф йўқ.

Марҳамат шаҳри марказида, айнан, тадбиркор З. Мамадалиевага бир девор қўшни ҳисобланган собиқ «Лаззат» ресторани ўрнида пайдо бўлган дўконда эса шу кунларда бир қанча ёймачи савдогарлар давлатга солиқ тўламасдан ўз фаолиятларини юргузмоқдалар. Туман солиқчилари, жумладан, ҳар куни шахсан ўзи бошчилигида З. Мамадалиеванинг дўконига келиб унинг стол-стулларини пачоқлаб зўравонлик қиладиган Ғофуров Бекзоднинг ёки унинг айғоқчиларининг кўзлари уларни кўрмай ўтиб кетиб, аксинча, улар қонуний ишлаётган З. Мамадалиевага ўхшаганларнинг олдига келганда мошдек очилиб кетмоқда. Агар республика ва вилоятдаги масъул шахслар мана шу масалада тарихдан тўғри хулоса чиқармай хато қадам ташлар эканлар, Ўзбекистоннинг буюк келажаги ҳақидаги гаплар қуруқ афсона бўлиб қолаверади. Вақт замон олий ҳакам, вақтинг кетди – нақдинг кетди, дейдилар.

Ҳақиқат топмаман деб давлатнинг у идорасидан бу идорасига югуравериб чарчаган тадбиркор Мамадалиева Зумрадхон даъвогар сифатида бир неча маротаба суд маҳкамасига жавобгарлари бўлмиш Марҳамат туман ҳокимлиги, Марҳамат туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадстри давлат унитар корхонаси, Марҳамат туман нотариал идораси, Марҳамат туман бош архитектори ва Бобохўжаев Муродхўжалар устидан ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатининг асосий сабаби жавобгар Бобохўжаев Муродхўжанинг фойдасига ҳал бўлган «олди-сотди шартномасини ва унга илова қилинган кадастр чизмаси ҳамда 11. 05. 2015 йилдаги Марҳамат туман ҳокимлигининг 198-қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш» эди.

Бироқ ҳар сафар унинг жавобгарлари турли баҳоналарни рўкач қилиб судни ортга суриб келдилар. Ва ниҳоят 14. 07. 2017 йил куни фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро сайёр суд мажлиси Марҳамат туман ҳокимлигибиносида бўлиб ўтди. Бироқ судья А. Умматалиев раислигида ўтган суд жараёни тўлигича даъвогар Шуҳрат Мамадалиевга нисбатан адолатсизлик қилди. Жумладан, Ш. Мамадалиевнинг вакили ва турмуш ўртоғи Мамадалиева Зумрадхон суд мажлисида содир этилган воқеаларга тушунтириш бериб, Марҳамат шаҳар Мустақиллик кўчасида жойлашган савдо дўкони 24. 04. 1995 йил куни Марҳамат туман ҳокимлиги томонидан берилган 152-сонли ордерга асосан турмуш ўртоғи Ш. Мамадалиевга тегишли эканлигини ҳужжатлар асосида исботлаб беради. Шунингдек, Марҳамат туман ҳокимлигининг 21. 12. 2005 йилги 357-Қ-сонли қарорига асосан юқоридаги савдо дўкони ҳудуди 742 кв метр деб қонуний белгилаб берилганлиги Мамадалиева Зумрадхон томонидан қонуний асослар билан яна бир бор таъкидланибўтилди.

Бироқ Марҳамат шаҳар Мустақиллик кўчасида жойлашган тадбиркор Мамадалиев Шуҳратга тегишли 742 кв метрли савдо дўконининг 19.34 кв метр жойи эгасидан рухсат олинмасдан Марҳамат туман ҳокимлигининг 11. 05. 2015 йил кундаги 198-қ-сонли қарори билан доимий фойдаланиш учун жавобгар Бобохўжаев Муродхўжага ажратилган 432.41 кв метр ер майдонига бириктириб берилган. Ҳужжатлардаги бу бузилиш ва тадбиркор Мамадалиев Шуҳратни ҳақ эканлиги ҳамда жавобгар Бобохўжаев Муродхўжани эса ноҳа эканлиги Марҳамат туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Қурбонов Умиджоннинг 13. 05. 2017 йил кунги № УК-05/1266-сонли билдиришномасида қуйидагича ўз тасдиғини топган: -Ушбу низолашаётган 31.68 кв метр ер майдони туман ҳокимининг 2005 йил 21 декабридаги 357-Қ сонли қарори билан фуқаро Ш. Мамадалиевга бириктириб берилган бўлсада, низолашаётган ушбу ер майдони ерданфойдаланувчининг розилиги олинмасдан, чегара далолатномаси тузилмасдан ҳамда туман ҳокимининг тегишли заҳирага қайтариш тўғрисидаги қарори қабул қилинмасдан туман ҳокимининг 2015 йил 11 майидаги 198-қ сонлиқарорига асосан фуқаро М. Бобохўжаевга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билиан бириктириб берилганлиги маълум бўлди.

Фуқаро Ш. Мамадалиевга тегишли 31.68 кв метрер майдони фуқаро М. Бобохўжаевга бириктириб берилиши натижасида низоли бўлиб қолмоқда, Ўзбекистон Республикасининг «Ер кодекси»нинг 89-моддаси да юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ер хусусидаги низолар суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши белгиланганлиги боиссуд органларига мурожаат этишлигингизни билдираман. Туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи: (имзо) У. Қурбонов.

Бироқ шунча ҳужжат далиллар билан ўз тасдиғини топган ишни ҳам 14. 07. 2017 йил куни фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро сайёр суд раиси судья А. Умматалиев тан олмади. Аксинча, судья ҳақиқатдан уялмай юз ўгириб фуқаро Ш. Мамадалиевнинг даъвосини ҳеч қандай асосларсиз рад этди ва у: - Бинобарин, суд Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 203, 206-моддаларига асосан қуйидагича қарор қилади: - Даъвогар Марҳамат туман ҳокимлигининг жавобгар Мамадалиев Шуҳратга нисбатан«Ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги»даъвоси рад қилинсин. Қарши даъвогар Мамадалиев Шуҳратнинг жавобгарлари Марҳамат туман ҳокимлиги, Марҳамат туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадстри давлат унитар корхонаси, Марҳамат туман нотариал идораси, Марҳамат туман бош архитектори ва Бобохўжаев Муродхўжа ҳамда Марҳамат туман бош архитекторига нисбатан «олди-сотди шартномасини, унга илова қилинган кадастр чизмасини ҳамда Марҳамат туман ҳокимининг 11. 05. 2017 йилдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида»ги қарши даъво аризаси рад қилинсин, деб қарор қабул қилди.

Бу кўргуликлар ҳам етмаганидек 17. 07. 2017 йил куни Марҳамат шаҳрига шахсан Андижон вилояти прокурори Эгамбердиев Музаффар ташриф буюрди ва тўғри тадбиркор Мамадалиева Зумрадхоннинг савдо дўконига кириб келдида: - Мен сиз билан бугун жиддий гаплашгани келдим, деб уни қўшни бўлмиш Бобохўжаев Муродхўжанинг савдо дўконига киришини талаб қилади. З. Мамадалиева ўзи ёлғиз талаб қилинган жойга кирса, у ерда вилоят прокурори М. Эгамбердиевдан ташқари яна Марҳамат туман прокурори М. Аҳмаджонов, туман ҳокими Х. Султоновдан тортиб туманнинг ер тузиш ва кўчмас мулк кадстри давлат унитар корхонаси, Марҳамат туман нотариал идораси, Марҳамат туман собиқ бош архитектори Н. Қурбонов ва Бобохўжаев Муродхўжа каби 17 та казо-казолар унга ўткир тишларини қайраб қонга тўлган кўзларини тикиб туришган экан. Қисқаси, вилоят прокурори М. Эгамбердиев З. Мамадалиевага нисбатан ўз сўзини шу касб эгаларига одат бўлган амалдаги қонунга мутлақо тўғри келмайдиган дағдаға ва таҳдид билан бошлаган: - Сиз нима учун бутун бир туманнинг раҳбариятини беҳаловат қилиб қонунларга бўйсунмаяпсиз? Бугун мен сизнинг бу каби ғайриқонуний фаолиятингизга чек қўйгани келдим. Сиз хоҳлайсизми ёки йўқ менга унинг қизиғи йўқ мен низоли жойни фуқаро Бобохўжаев Муродхўжага олиб бераман!

Маълум бўлишича, Бобохўжаев Муродхўжанинг танкаси зўр экан. Унинг ўғли Бобохўжаев Акмал Тошкентда Ўзбекистон Республикаси МиллийХавфсизлик хизматида фаолият юргузади. Шу машмашалаларнинг бошида Бобохўжаев Акмал туради. Иккинчидан, Марҳама туман ИИБининг бошлиғи Маҳамаджон Нишонов ҳам Бобохўжаев Муродхўжанинг аммасининг ўғли бўлиб, ўз ваколатидан ташқари иш тутиб тадбиркор Ш. Мамадалиевга қарши фаолиятлар олиб боришгача етиб бормоқда. Бу ҳақда ҳатто Марказий телевидениенинг My-5 дастури журналистлари 2017 йил июль ойида эфирга узатган тўғридан тўғри мулоқатида ҳам очиқ ошкор эълон қилинди. Бироқ Марҳамат туман ИИБ бошлиғи М. Нишонов кимлардир орқали ўша журналистларга қандайдир маънода тазйиқлар ўтказишга ҳам эришган. Бу борада шахсан журналистларнинг ўзлари Зумрадхон Мамадалиевага хабар берганлар. Уни эса ўша кунги очиқ мулоқот кўрсатуви ва унинг бир ҳафта ўн кун давомида бериб борилган реклама ролигини яхши кузатган телетамошабин ҳам осонгина билиб олади. Чунки кўрсатув рекламасида гап ким ва нима ҳақида кетди-ю, тўлиқ репортажда эса ким ва нима ҳақида сўз кетди – ундаги анча нарса қирқиб ташланган эди. Қисқаси, Бобохўжаев Муродхўжанинг Ўзбекистонда таниш ва қариндошлари бўлмаган мансаб эгаларининг ўзи қолмабди. Охир оқибат Андижон вилояти ва Марҳамат туман архитекторлари ҳам унинг қариндошлари бўлиб чиқишди.

Яна қайтариб айтаман, гапнинг пўст калласи шуки, Марҳаматда тўғри ишлайман деган тадбиркор учун ҳеч қандай имконият ҳамда шароит йўқ. Одамлар ишсиз, ишга яроқли аҳолининг саксон фоизи пул топиш учун иш излаб хорижга чиқиб кетмоқда. Давлат раҳбари президент бу борада жон куйдириб минбардан туриб ўз сиёсатининг моҳиятини баён қилмоқда, бироқ ўртадаги раҳбарлар ўзларини ғайриқонуний ҳатти ҳаракатлардан тия олмаяптилар. Туманда, балким бутун республикада кўринмас уруш кетмоқда. Унга бошқача таъриф беришнинг ўзи йўқ.

Юсуф Пиримов

“Ҳаракат”: Юсуф Пиримов исмли ўқувчимиз жон куйдириб Марҳамат туманида бўлаётган воқеалар ҳақидаги бу хатни бизга юборгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Қани энди, ҳамма Юсуф Пиримов каби жонкуяр бўлса.

Аммо, шуни ҳам урғулаш лозимки, оддий одамларнинг жонкуярлиги билан президентнинг жонкуярлиги ўртасида катта фарқ бор. Оддий жонкуярлар ҳаётдаги ноҳақсизликлар ҳақида хабар қиладилар. Президент эса, давлат тизимида бундай воқеалар юз бераверишининг олдини олиш мақсадида давлат миқёсида катта ислоҳотлар ўтказиши керак. Аммо, ҳозирча, Шавкат Мирзиё давлат раҳбари эмас, оддий фуқаро каби йиғи-сиғи билан машғул эканлиги – Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармалигининг кўрсатгичидир.