11 August 2017
07:10 - “Ҳаракат”нинг Фейсбукдаги саҳифаси ўқувчиларининг диққат марказида Юсуф Жуманинг Ўзбекистон Президентига очиқ хати ва Абдулла Ариповнинг қирғиз фашизмига муносабати

“Ҳаракат” Агентлигининг Фейсбукдаги саҳифаси ўқувчиларининг 90 фоиздан кўпроғи “ Юсуф Жума: Ўзбекистон Президентига очиқ хат. Ёхуд ўлган элни тирилтиришнинг ягона йўли” сарлавҳали хабарга, 85 фоиздан кўпроғи “Бош вазиримиз Қирғизистонга борармиш, ўзбекларни қирғин қилган қирғиз фашистларини жазолаш масаласини кўтарадими?” сарлавҳали хабарга эътибор бераётгани ҳақида Фейсбук маъмуриятидан э-хат олдик.

Фейсбук маъмурияти бу хабарни янада кўпроқ пулли реклама қилиш бўйича таклиф ҳам юборган.

Аввал ҳам айтганимиздек, дейди мухбиримиз, турли хабарларни Фейсбукда пулли реклама орқали янада кўпроқ ўқувчиларга етказиш йўллари борлигини биламиз. Аммо, бизнинг мақсадимиз – “Ҳаракат” Агентлигининг хабарларини, жумладан, Фейсбукдаги саҳифамиз орқали ҳам, уларнинг ҳақиқий ва актуал хабарлигини, Ўзбекистон давлати ва Ўзбек миллатининг бугунги аҳволини тўғри ёритувчи, тўғри таҳлил қилувчи ва келажагини тўғри башорат қилувчи эканлигини кўрсатиш йўли билан кўпроқ ўқувчиларга етказишдир. Шу сабабли, хабарларнинг сарлавҳасини жозибали бўлишга ҳам катта эътибор бермоқдамиз.

Яна бир нарсани айтиш керакки, бу иккала хабарга эътибор нисбатан катта бўлса ҳам, уларга ўз муносабатини билдирган ўқувчиларнинг сони бармоқ билан саналса бўладиган даражада оз.

Фикримизча, ўқувчиларимиз, ҳали ҳам бўлса, Бош вазир Абдулла Ариповдан Қирғизистонга борганда ўзбекларни қирғин қилган қирғиз фашистларини жазолаш масаласини кўтаришни талаб қилишлари керак. Қани шундай қилинг ўзбеклар ва ҳали миллат сифатини йўқотмаганимизни кўрсатинг.