20 July 2017
22:40 - Учкўприкликлар президентнинг ҳақоратланганини иддао қилишмоқда
Бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистон Респбулкаси президентининг виртуал қабулхонаси ва Адлия вазирига мурожаат қилиб, жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди судьяси Ниёзали Пайғом томонидан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёнинг ҳақоратланганини иддао қилишмоқда. Президентнинг шаън ва қадр-қиммати топталганини таъкидлаётган фуқаролар унинг жавобгарликка тортилиши сўрашмоқда.

“Биз фарғоналик таниқли тадбиркор Зиябиддин Сидиқов устидан сохталаштирилган, сценарий асосида олиб борилаётган сохта суд мажлисида қатнаша туриб, судья Пайғомовга унинг адолатсизлиги устидан президентимизга мурожаат қилишимизни айтдик. Судья эса суд залида 40 га яқин кишилар олдида “Президентингга фалончим...” деб ўшқирди. Шундай сўнг биз бу хусусда далолатнома тўлдириб, шикоят ёзмоқдамиз” дейди фуқаро Дилором Ҳайдар.

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги йирик ғишт заводи раҳбари Зиябиддин Сидиқов МХХ, прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг фирибгарлик, товламачилик сингари моддалари билан айбланиб, маҳкамага тортилган. Тадбиркорнинг тарафдорлари хуфя идоралар томонидан унинг синдирилиши учун ёлланган шахслар воситасида уюштирилганини таъкидлашмоқда.

Учкўприкликларнинг иддаоси текширувлар давомида тасдиқланса, қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Адлия вазири томонидан Ўзбекистон Респбуликаси Олий судига даъво аризаси киритилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаън ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўйи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси президенти тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси кодекслари орқали ҳимоя қилинади.