17 July 2017
20:21 - Европа Иттифоқи Ўзбекистонга боғдорчиликни ривожлантиришда ёрдам бериши ҳақида битим имзоланди. Йўқдан кўра, борига шукурми?
Бугун "Ўзбекистон - Европа Иттифоқи" Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Брюсселга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси ва Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби Ҳелга Шмидт билан учрашди.

14-июл куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг давоми сифатида томонларнинг ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёрлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Музокаралар якунига кўра, Абдулазиз Комил ва Стефано Мансервиси "Боғдорчиликни ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Молиявий битимни имзолашди.

Имзоланган кундан бошлаб кучга кирувчи ҳужжат Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув Хўжалиги Вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун Евроиттифоқ томонидан 21,5 млн евро миқдоридаги грант маблағлари ажратилишини назардан тутади.

ЕИ бизга шунча пул ажратаётгани яхши хабар. Аммо, Ўзбекистоннинг муаммоси боғдорчиликми? Иқтисоди ўлаётган Ўзбекистон фундаментал сиёсий-иқтисодий ислоҳотларга муҳтож. Ғарбдан шундай ислоҳотлар ўтказишга ёрдам сўраш керак.

Расмда - Ўзбекистонни гуллатадиган битимнинг изоланиш пайти.